Асосий мавзулар
30 ноябр 2020

Навбатдаги ура-ура тиббиёт тизимини малакали кадрларсиз қолдириши эҳтимоли бор

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт тизимини тубдан қайта қуришга қаратилган топшириғи ортидан ҳали касбини тўлиқ эгаллаб улгурмаган талабалар гўёки амалиёт ўташ баҳонасида вилоятларга сафарбар этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбари Абдухаким Ҳожибоевнинг буйруғига кўра, тиббиёт олий таълим муассасаларининг Қашқадарё вилоятида доимий рўйхатда турувчи 5-6-курс бакалавриат, 1-2-3-курс магистратура, 1-2-курс ординатура талабалари шу вилоятга жўнатилади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоиловнинг маҳаллий ОАВга айтишича, бу талабалар аҳолини рўйхатдан ўтказиш, антропометрик (тана аъзолари ўлчами) кўрсаткичларни аниқлаш ва саломатликни текшириш тадбирларида қатнашади.

Талабаларга бу ишлар учун ҳақ тўламаслигини билдирган ССВ вакили сафарбарлик кейинчалик бошқа вилоятларда ҳам давом этишини қўшимча қилган. 

Самарқанд давлат тиббиёт институти талабаси айни шу масалада “Элтуз”га мактуб йўллаб, “кўринишидан жуда ажойиб ўйланган қарор”нинг салбий оқибатларидан огоҳлантирди. 

Унинг ёзишича, сафарбарликдан мақсад магистр ва ординатор талабаларни ўз соҳаси бўйича муайян ставка бўйича ишга жойлаштириш ҳамдир. 

“Бу босқичларда берилиши лозим бўлган чуқур малакавий билимни тўлиқ эгалламаган талаба қандай қилиб ўз вилояти ёки туманида соҳа бўйича ишга қабул қилиниши мумкин”, деб савол қўяди мактуб эгаси. 

Унинг таъкидлашича, талабалар борган жойида иш ўрганади, маърузаларни эса онлайн ўзлаштиради, деган гаплар мантиқсизликдир. Чунки у ерда дарсни кафедрадагидек ўзлаштириш учун муҳит йўқ. 

“Тиббиёт институтида ҳар бир дарс соати қайсидир касаллик ёки унинг диагностикаси, даволаш йўлларига бағишланади. Лекин бу цикллардан ўтилмасдан туриб талабалар сафарбарликка жалб қилиняпти. 

Қолаверса, 5-курслар ҳам сафарбарликка олинишига ишонмагандик. Энди бу гаплар тўғри бўлиб чиқяпти. Сафарбарликдан мақсад бутун халқни антропометриядан ўтказиш экан. 

Бундан кимга қанчалик фойда? Нима учун биз отнинг калласидек контракт пулини тўларканмиз-у, билим олиш ўрнига одамларнинг бўйини ўлчаб юришимиз керак? 

Тиббиёт ва талим сифатини юксалтириш ҳақида бонг уряпсиз-у, амалда бунинг аксини қилиш билан бандсизлар. Сизларга яхши кадр керакми, унда бизни эркин таълим олишимизга қўйиб беринглар. Кимнингдир оғзидан чиққан бир оғиз сўз учун бутун бир авлоднинг келажагини барбод қилиш шарт эмас”, дейилади “Элтуз”га келган мактубда.

Унда таъкидланишича, ўқиш онлайн давом этиши айтилаётган бўлса-да, интернет масаласи ҳали қандай ҳал этилиши маълум эмас. 

Ўзбекистон ҳудудлари эса сўнгги кунларда мунтазам равишда электр таъминотисиз, демак интернетсиз қолгани эса ҳеч кимга сир бўлмаса керак. 

Маълум бўлишича, сафарбарлик доирасида Қашқадарё вилоятига қашқадарёликлар ва Сурхондаё вилояти талабалари бириктирилган.

Талабалар бориши керак бўлган туман аниқ, лекин сафарбарлик қанча вақт давом этиши номаълум. 

Декабрь ойидан Самарқанд вилоятига Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларидан келган талабалар жалб қилинади.

Жиззах вилоятига Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва водий вилоятлари талабалари сафарбар этилади. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 март 2023
1991 йилнинг 17 мартида Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзкомпартия СССРни сақлаш учун 93,7 фоиз овоз ташкил қилиб берган эди. Референдумга ...
8 декабр 2020
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида жасади 6 ноябрь куни катта ариқдан топилган 55 яшар фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг яқинлари у туман ...
2 ноябр 2018
Владимир Жириновский бошчилигидаги Россия делегацияси 2 ноябрь куни Бухорога келди. Россия Давлат думаси депутатларидан иборат делегацияни, ЎзА хабарига кўра, ...
3 май 2017
Каримов даврида шаҳар чеккасига чиқариб ташланган Шомаҳмудовлар ҳайкали яна марказга қайтарилмоқда. “Санъат асари ўлароқ мен бу ҳайкал мажмуасини ҳеч ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...