Асосий мавзулар
24 декабр 2024

Мотори куйган артезиан, табиий газ ва асфалт – EP196

Янги Ўзбекистоннинг эски муоммолари. Куйган артезиан мотори, муаммога айланган табиий газ ва асфалт. Оқдарё, Касби, Сариосиё ва Қумқўрғондаги инфратизилма муаммолари. Қизилтепада эса дарахтлар кесиб ташланган.   

Салом қадрли мухлислар. Навбат яна Элтуз порталига келаётган шикоятларга. Мурожаатлар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидан келган. Шикоятлар Россия ва Хитойга табиий газ етказиб бераётган, саноатлашган мамлакат аҳолисининг газга муҳтожлигини кўрсатмоқда. Муаммолар ечими эса Элтуз порталида. Бизга ёзинг, видеоларимизни тарқатинг, каналимизга обуна бўлинг. Эслатиб ўтамиз бугунга келиб  ютубдаги обуначиларимиз сони 705 мингдан ошди. Улар ҳатто спонсорлик тугмаларини босишмоқда. 

Демак, хатларни ўқишда давом этамиз, дастлабки мактуб Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан. Навоий маҳалласида газ йўқ..

“Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Алишер Навоий МФЙ ҳудудида қурилган кўп қаватли уйларда яшаш учун шарт-шароит йўқ. Кўп қаватли уйда газ йўқ. Чироқ бўлса, ишлаб топган пулимиз лимит билан фақат коммунал тўловга кетади. Ҳолбуки, Самарқанд шаҳрида газ босими керагидан ортиқ. Наҳотки, бизда ҳам табиий газ босимини кўтариб бериш қийин бўлса? Кўп қаватли уйда ўтин ёқиш имкони бўлганида ўтин ёқардик. Бу борада мутасадди ташкилотларга мурожаатлар қилинди, афсуски,  натижа йўқ. Пулини аввалдан тўлаймиз-ку, газ ва электр энергия масаласини ҳал қилиб беришсин” дея ёзмоқда оқдарёликлар.

Кейинги мурожаат Сурхондарёдан. Қумқўрғоннинг киндиктепа маҳалласи турғуни йўл асфальт қилинмаганидан шикоят қилмоқда. Шунингдек унинг эътирофича аҳоли бирлашмагани, ташаббускор етакчи бўлмагани боис «Опен бюджет»да ғолиб чиқа олишмаган.

«Ассалому алайкум, ҳурматли “Элтуз”!

Ушбу мурожаатни Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани, «Ҳунармандлар» (аввалги Киндиктепа) маҳалласи аҳолиси номидан йўллаяпман.

Маҳалламиздаги 1,5 км узунликдаги серқатнов йўл деярли мустақилликка эришганимиздан бери асфалт кўрмаган. Бу йўлнинг ҳолати айниқса ёш болаларга катта қийинчилик туғдиради.

Аҳоли бирлашмаганлиги, ташаббускор ва жипслаштирадиган етакчи бўлмаганлиги сабабли «Опен бюджет» платформасидан ҳам ғолиб чиқа олмаяпмиз. Натижада бу муаммо узоқ йиллардан бери ечилмай келмоқда.

Сиздан илтимос, мазкур йўлнинг аҳволини ёритиб, тегишли ташкилотлар диққатига етказишда ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз.» дея ёзмоқда Киндиктепа турғуни.

Кейинги мурожаат Қашқадарёнинг Касби туманидан. Маҳаллалардаги инфратузилма муаммолари борган сари ортмоқда

«Ассалому алайкум.

Ушбу мурожаатни Қашқадарё вилояти, Касби тумани Фазли МФЙ, Пахтакор МФЙ ва Жаркўча МФЙ аҳолиси номидан йўллаяпмиз.

2021-йилда ушбу маҳаллалар “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилган эди. Дастур доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилиши керак эди:

– Маҳаллалардаги электр таъминотини яхшилаш учун эски устунлар (сталба) ва трансформаторларни алмаштириш.

– Ички йўлларни асфалтлаш.

– Ичимлик сувини маҳаллаларга тортиб келиш керак.

Аммо ушбу ишларнинг кўпчилиги бажарилмаган ёки сифатсиз бажарилган.

  1. Йўл муаммоси

Маҳалла ичидаги йўллар ҳануз асфалтланмаган. Қиш ойларида йўллар лойдан юриб бўлмайдиган аҳволга келади, баҳор ва ёз фаслларида эса чанг-тўзон бутун атрофни эгаллайди. Ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори бўлиб, бу соғлиққа зарар етказмоқда. Асфалт фақат кўргазма учун катта йўлдан 100 метр ичкаригача ётқизилган. Шунингдек, бу йўллар учун ажратилган маблағлар керакли мақсадда ишлатилмаган деган тахмин бор.

2. Ичимлик суви таъминоти

Дастур доирасида маҳаллаларга ичимлик суви тортилган бўлса-да, охирги уч ойда сув таъминоти умуман ишламаяпти. Аҳоли сув етишмовчилигидан азият чекмоқда.

Ушбу муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришингизни сўраймиз. Дастурга ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш ва халқ учун зарур бўлган инфратузилма масалаларини ечишни талаб қиламиз».

Дея билдирилади, Касби тумани аҳолиси йўллаган мурожаатда.

Кейинги мурожаат Сариосиёнинг, Нихолзор маҳалласидаги сув ва газ муаммолари юзасидан. 

«Ассалому алайкум.

Ушбу мурожаатни Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманининг Нихолзор маҳалласидан йўллаяпмиз. Маҳалламиздаги муаммоларни ҳал қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилмоқдамиз:

  1. Сув таъминоти муаммоси

Маҳалламиздаги 32-сонли умумтаълим мактабида жойлашган битта артезиан қудуғи мавжуд бўлиб, ундан 130 га яқин хўжалик сув билан таъминланарди. Бироқ, қудуқнинг мотор-механизми куйиб қолганига бир ойга яқин вақт ўтди, лекин ҳеч ким бу муаммони ўрганиш учун келгани йўқ. Айни пайтда маҳалла аҳолиси оғир шароитда, қордан сув эритиб ёки оқова сувдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бу сув ифлос ва хавфли: унда ахлат, ҳайвон ўлиги бўлиши мумкин, аммо бошқа иложимиз йўқ. Маҳалла раиси “тез орада ҳал қиламиз” деб ёлғон ваъдалар бермоқда.

2. Газ таъминоти муаммоси

Маҳалламизда газ баллонларини йиғиш ва газ билан таъминлаш тизими яхши йўлга қўйилган эди. Аммо сўнгги бир ойдан бери газ баллонларини йиғишга ҳам, газ етказиб беришга ҳам рухсат йўқ. Пропаннинг нархи 7200 сўм бўлиб турган бир пайтда, газ етишмовчилиги аҳолига жиддий муаммо туғдирмоқда. Маҳалла раиси бу муаммони ҳал қилиши керак бўлса-да, унинг имконияти етмаяпти.

Ҳурматли мутасаддилар, мазкур муаммоларни ечиш учун амалий чора кўришингизни ва бизни ушбу қийин аҳволдан қутқаришингизни сўраймиз» дея ёзади Нихолзор маҳалласи турғунлари. Қизилтепадаги мактаб ҳудудида эса 8 туп дарахт кесиб ташланди.

«Ассалому алайкум, Элтуз оға!

Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, 33-умумий ўрта таълим мактаби ҳудудидан 8 та кўп йиллик терак дарахти кесилган. Ушбу ишда 33-мактаб хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Лайло Раупова ва бошқалар иштирок этиб, “Яшил макон” лойиҳасининг ижросини дарахтларни кесиш орқали таъминлашмоқда.

Ахир, бу Президент қарорига зид ҳаракат эмасми? Шу ҳолат юзасидан тегишли чора кўрилишини сўрайман.» дея мурожаат қилмоқда қизилитепа турғуни.

Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мурожаат эди. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда ютубдаги каналимиз обуначилари сони 705 мингдан ошди.  Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз спонсорлик тугмаларини, Суперчат, супер стикер ва супер рахмат тугмачасини босинг.  Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
27 феврал 2024
Ўзбекистонда кейинги кунларда мансабидан фойдаланиб товламачилик қилиш, таъмагирлик, рейдерлик, одамларни алдаб пулини олиб қайтармаслик, қўрқитиб жиноятларига шерик қилиш холатлари ...
3 январ 2017
Турк матбуотига кўра, террорчи хотини ва икки фарзанди билан 2016 йилнинг 20 ноябр куни Қирғизистондан Истанбулга учиб келган. Матбуот ...
12 октябр 2018
Ўзбекистон ҳарбий қисмларидан биридаги аскарнинг «Элтуз»га билдиришича, улар вақтли ҳарбий хизматни Андижон вилояти далаларида пахта териш билан ўташмоқда. Ётоқда ...
24 октябр 2024
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида коррупсия ва таниш-билишчилик: Катта қаллобликлар ва давлатга етказилган зарар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...