Милиционерни «ит» деб ҳақоратлаганлар жазоланади
Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев ижтимоий тармоқда милиция ходимларини ҳақорат қилганлар жазоланишини билдирди.
ШИИББ маълумотларига кўра, кейинги кунларда ижтимоий тармоқда «ҳуқуқ-тартибот ходимларини калака қилишдан тортинмайдиган, бироқ ички ишлар фаолиятини такомиллаштириш учун ҳеч нарса қилмайдиганлар» кўпайган.
Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари, милиция генерал-майори пойтахтнинг Яккасарой тумани аҳолиси билан ўтказган очиқ мулоқотида гапирди.
«Агар кимдир мени ҳеч ким тополмайди ва ички ишлар органи ходимларига ҳақорат, туҳмат қилиш мумкин, деб ўйласа, улар қаттиқ адашади», деди Жўраев.
Шунингдек, у бундай чиқишлари учун айрим ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан аллақачон жазога ҳам тортилганини айтди.
Масалан, Тошкент ШИИББ ходими шаънига қасддан текканликда айбланган сурхондарёлик 24 яшар йигит 1 миллион 700 минг сўм жаримага тортилган, шу йилнинг февралида эса тошкентлик 30 яшар аёл ҳам шу тариқа жазоланган.
Рассом Туз
Eltuz.com