Асосий мавзулар
13 декабр 2018

КГБ-МХХ vs Рембо. Кураш давом этади. 5-қисм

Фильмнинг сўнгги, 5-қисми собиқ милиция майори, халқ орасида “Рембо” дея ном қозонган Қаҳрамон Хўжақулов қариндошларининг сирли ўлимлари, Хўжақуловни ҳибсга олган МХХ зобитларининг кейинги тақдири ва Каримовнинг Иноятовга нега теннис ракеткаси совға қилгани ҳақида.

“Элтуз” суриштирув гуруҳи фильмининг ўтган қисмларида сурхондарёлик милиция майори Қаҳрамон Хўжақулов МХХнинг буюртмасига биноан ноқонуний ҳисбга олингани, адолатсиз судлангани ва озодликдан маҳрум этилганига тўхталган эдик. Хусусан, “контора” ҳамда прокуратура терговчилари «Рембо»га нисбатан ваҳшиёна қийноқларни қўллагани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

Қаҳрамон Хўжақулов ҳибсга олиниб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилгач, унинг яқинлари бирин-кетин оламдан ўта бошлайди.

“Рембо” яқинларининг сирли ўлимлари

Аввало, 1994 йил август ойида 76 ёшли онаси Кўчкиной Пардаева вафот этади. Қаҳрамон Хўжақулов онаси ўлимида тўғридан-тўғри МХХ ходимларини айблайди:

Қаҳрамон Хўжақулов: “Мен учун онамнинг ўлими жуда ҳам оғир бўлди. Мен ҳибсда бўлганимда МХХ ходимлари уйимда тинтув ўтказишган. Тинтув пайти онам менинг ҳалол милиционер эканлигимни, камбағал яшашимни, бу ишларнинг ҳаммаси туҳмат эканлигини айтиб, МХХ ходимларидан адолатли бўлишни ёлвора бошлаган. Шунда МХХчилардан бири кекса онамни урган, онам ерга йиқилиб тушган экан. Буни қамоқда чиққанимдан кейин эшитдим. Муттаҳамлар онамни ҳам аяб ўтиришмаган”

Аммо Хўжақуловлар бошига тушган жудоликлар шу билан тугамади.

1995 ва 96-йилларда Қаҳрамон Хўжақуловнинг икки акаси орқама-кетин, сирли ва фожиали равишда вафот этади.

1995 йилнинг сентябрида “Рембо”нинг 38 яшар милиционер акаси Бахтиёр Хўжақулов автоҳалокатда қурбон бўлади.

Пиёда кетаётган милиционернинг устига “Жигули-06” автомобилини ҳайдаган шахс илгари наркотик савдоси учун қамалиб чиққан фуқаро эди.

1996 йилда эса “Рембо”нинг 45 яшар акаси Азамат Хўжақулов ҳам фожеали вафот этади.

Унинг жасади темир йўл рельсларида, поезд ғилдираклари мажақлаган ҳолда топилади.

Маҳаллий МХХ ва прокуратура: “Рембонинг акаси ўз жонига қасд қилган”, деган гап тарқатишади.

Аммо Қаҳрамон Хўжақулов бу хабарга ҳозир ҳам ишонмайди.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Азамат акам ўз жонига қасд қилганига ишонмайман. Чунки, биринчидан, у ўзини ўзи ўлдирадиган одам эмас эди. Иккинчидан, Бахтиёр акам машина тагида қолиб вафот қилгандан кейин Азамат акам оиламизнинг ягона боқувчиси бўлиб қолган эди. Бу вазиятда акам ўз оиласини, бизнинг болаларимизни боқувчисиз қолдириб, ўзини поезд тагига ташлаб ўлдириши мумкин эмас эди”.

Бу маълумот таҳририятимизга «Рембо» ҳақидаги фильмимизнинг иккинчи қисми намойиш этилгандан сўнг келиб тушди.

Уни тақдим этган манба 1995 йилдан 2000 йилгача Ўзбекистон президентининг қўриқчилар хизматида ишлаган.

Ҳозирда Европа мамлакатларидан бирида истиқомат қилади.

Истеъфодаги полковник президент Каримов Иноятовга теннис ракеткасини Хўжақуловларни тинчитгани учун берганига шахсан гувоҳ бўлганини иддао қилмоқда.

Ўзбек “чекист”лари ва прокурорлари ўз йўриғига юрмаган одамларни қамаш ҳамда жисмонан бартараф этиш, Ўзбекистон қонунларини оёқости қилиш бўйича устаси фаранглиги бугун кўпчиликка маълум.

Лекин уларнинг саводсизлиги, ҳатто ўз ишига оид қонунларни билмаслиги ҳаммага ҳам маълум эмас.

Қаҳрамон Хўжақуловга қарши қўзғатилган 10016-жиноят иши материаллари ичида ўзбек МХХчилари ва прокурорларининг саводсизлигига далолат берувчи ҳужжатлар талайгина. Демак…

МХХ ва прокуратура “қовунлари”…

Мана бу ҳужжатга эътибор қаратайлик.

Бу МХХ тергов изолятори бошлиғи ўринбосари, лейтенант Ҳасановнинг Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчиси Сулаймоновга ёзган хати.

Ҳужжат 1994 йилнинг июнь ойида ёзилган.

Мактубнинг тепасига диққат қилинса,

“Комитет государственной безопасности Узбекской ССР” ва “Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги комитети” деган ёзувларни кўриш мумкин.

Кўчада 1994 йилнинг ўртаси.

СССР парчаланиб, Ўзбекистон мустақилликка эришганига уч йил бўлган.

Лекин МХХнинг республика аппарати ҳали ҳам ўз мактубларини СССР КГБсидан қолган бланкаларда ёзиб юрган.

Афтидан, ўшанда МХХ персонали СССРни қўмсаб ишлаганга ўхшайди.

МХХ ва прокуратура терговчилари Қаҳрамон Хўжақуловнинг уйида тинтув ўтказиб, бошқа нарсалар қаторида бир пичоқ ва бир нунчакини ашёвий далил деб расмийлаштиришади.

1994 йил 5 ноябрь куни МХХ ва прокуратура терговчилари Қаҳрамон Хўжақуловга Ўзбекистон Жиноят кодекси 210-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганлик айбини қўйишади.

Бу айбни улар “совуқ қурол сақлаш” деб таърифлашади.

Оға-ини ташкилотларнинг терговчилари мустақил Ўзбекистон Жиноят кодексида “совуқ қурол сақлаш” деган модда йўқлигини билишмайди ҳам.

Улар ҳали ҳам СССР Жиноят кодексидаги модда ва тушунчалар билан ишлаётганини фош қилиб қўйишади.

Бу ҳолат Қаҳрамон Хўжақуловнинг судида унинг ҳимоячиси Марат Алиев томонидан кескин танқид қилинади.

Боз устига, “Рембо” ишидаги асосий гувоҳлар Аҳмад Худойбердиев ва Баҳриддин Абдуназаров 25 йил илгари милиция майорига туҳмат қилишганига бугун ҳам иқрор бўлишмоқда.

Демак…

Чорак асрлик туҳматларга иқрорлар

25 йил олдин Қаҳрамон Хўжақуловга қарши жиноят иши қўзғатилишига айнан Аҳмад Худойбердиевнинг аризаси асос бўлган.

Бугун ана шу гувоҳ ўзининг кўрсатмасини қандай ёзиб берганини эсга олмоқда.

Аҳмад Худойбердиев ўз туҳматига иқрор бўлиб, 2018 йил 22 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комиловга ариза билан ҳам мурожаат қилган.

Чорак аср илгари Қаҳрамон Хўжақуловнинг ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Баҳриддин Абдуназаров бугун ўз ишидан пушаймонлигини айтмоқда.

Баҳриддин Абдуназаров ҳам худди шундай ёзма иқрорнома билан Олий суд раиси Козимжон Комиловга мурожаат қилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Энг қизиғи шундаки, 25 йил илгари Қаҳрамон Хўжақуловни тергов қилган гуруҳ аъзолари бўлган уч нафар собиқ МХХчи ҳам Олий суд раиси Козимжон Комиловга мурожаат қилган. Виждонини ва зобитлик номусини сақлаб қолган уч нафар собиқ терговчи Хўжақулов чорак аср илгари туҳмат қурбони бўлгани ҳақида ёзишган.

Аризаларни кўрсатар эканмиз, ҳанузгача Иноятов таъсирида қолаётган “контора” милиция майорини ёқлаб ариза ёзган собиқ МХХчиларни жазолаши мумкинлигини эътиборга олдик.

Шунинг учун биз уларнинг исм ва фамилияларини фильмда айтмасликка қарор қилдик.

Аризаларда собиқ МХХчиларнинг исм ва фамилиялари ёзилган жойларни атайлаб қизил ранг билан ўчирдик.

Лекин ҳужжатларнинг бошқа жойларига, масалан, матнига, кириш рақамларига ва Олий суд қабул қилган саналарга тегмадик.

Кимдир: “Шунча далил бор экан, шунча ариза ёзилган экан, Қаҳрамон Хўжақулов аллақачон оқланган бўлса керак”, – деган хаёлга борган бўлиши мумкин.

Улар адашади.

«Рембо»га қарши қўйилган айблар бундан 25 йил илгари ўтказилган терговда ҳам, судда ҳам синиб бўлган.

Шунингдек, асосий даъвогар ва гувоҳлар Қаҳрамон Хўжақуловга қарши туҳмат кўрсатмалар беришганини бугунги кунда ҳам тан олишмоқда.

Ва энг муҳими – Хўжақуловга қарши ноқонуний ва нохолис терговни олиб борган уч нафар МХХчи ҳам «Рембо» “чекист”ларнинг туҳматига қолганини эътироф этишмоқда.

Лекин бегуноҳ қамалганига шунча далил-исботи бўлса ҳам Қаҳрамон Хўжақулов икки йилдан бери оқланмай қолмоқда.

Нега?

Оқланиш учун бесамар ҳаракатлар

Орадан чорак аср вақт ўтгач, Ўзбекистонда ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келди ҳамда мамлакатда ислоҳотлар бошланганини эълон қилди. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизими ўзгаришларга муҳтожлигини, МХХ, прокуратура каби идоралар фаолияти тубдан янгиланиши кераклигини ошкора айтди.

Инсон ҳуқуқларига риоя этиш, жамият ҳаётини эркинлаштириш зарурлиги бўйича катта ваъдалар берди.

Қаҳрамон Хўжақулов ана шу ўзгаришлардан умид қилиб, ўзининг номини расман оқлаш учун ҳаракат қила бошлади.

Охирги икки йил ичида у Олий Суд, Бош прокуратура, президент маъмурияти, Халқ қабулхонаси, президентнинг виртуал қабулхонасига кўп маротаба мурожаат қилди. Қайсидир идора унга мужмал жавоб юборса, бошқа бир идора умуман жавоб ҳам ёзмаган.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган ўзгаришлардан хурсанд бўлиб, номимни оқлашга ҳаракат қила бошладим. Лекин Олий суд прокуратурага, прокуратура Олий судга жўнатиб, аризаларимга аниқ жавоб бермаяпти. Мурожаатларимга бегуноҳ бўлганлигим ҳақидаги барча далилларни илова қиляпман, лекин фойдаси бўлмаяпти”.

Нуфузли ташкилотларнинг жавобларида шундай кулгили ҳолатлар ҳам борки, одам ҳайратга тушади.

Масалан, Олий суд Қаҳрамон Хўжақуловнинг ўзини оқлашни сўраб ёзган аризасига: “Терговдаги ноҳақликлар юзасидан прокуратура идораларига мурожаат қилиб, терговчиларнинг устидан жиноят иши очишни сўранг”, – деган маънода жавоб берган.

Қаҳрамон Хўжақулов Олий судга МХХчи ёки прокурорларнинг устидан жиноят иши очишни эмас, ўзини оқлашни сўраб мурожаат қилган ва етарли асосларни тақдим этган.

Лекин Олий суд раисининг Назаров деган ўринбосари прокуратурага мурожаат этишни тавсия қилган!

Фильмни шу ерда якунласак ҳам бўлар эди. Бироқ уни суратга олиш жараёнида “Eltuz” суриштирув гуруҳи 25 йил илгари “Рембо”га туҳмат қилишда жонбозлик кўрсатган баъзи “чекист” ва прокурорларнинг кейинги тақдирларига оид маълумотларни қўлга киритди. Демак…

“Рембо”ни қаматганларнинг кейинги тақдирлари

“Рембо”ни қаматишда жонбозлик кўрсатган «чекист» ва прокурорлардан баъзилари ҳаётдан кўз юмишган, қолганлари ҳали ҳам ҳаёт.

Баъзилари Ўзбекистондан кўчиб кетишган, қолганлари эса ҳамон республикада истиқомат қилишмоқда.

“Eltuz” суриштирув гуруҳи Қаҳрамон Хўжақуловга оид жиноят иши материалларидан ташқари маълумотларни ўрганди.

Маълумотларга кўра, сурхондарёлик милиция майорини қаматишда шижоат кўрсатган баъзи “чекист” ва прокурорлар кейинчалик жиноий жавобгарликка тортилган.

Уларнинг айримлари ҳатто қидирувга ҳам берилган.

Масалан, 1988 йилда наркобарон-дипломатлар Бабкин, Милошевич ва Хацкевич иши бўйича Қаҳрамон Хўжақуловни Тошкентга олдириб, Ўзбекистон КГБси биносида сўроқ қилган полковник Сергей Медведев мустақиллик йилларида устидан жиноят иши очилишидан қўрқиб, республикадан қочиб кетган.

1994 йилда МХХ тергов изоляторининг бошлиғи бўлиб ишлаган полковник Александр Журавлёв ҳам кейинчалик Москвага кўчиб кетган.

Журавлёв қўл остидаги Олеся исмли прапоршчик қизни ҳам ўзи билан олиб кетган.

Ўзбекистон МХХсидан борган жуфтлик Россияда ишсиз қолиб кетмаган:

иккаласи ҳам дунёга машҳур Бутирка қамохонасига ишга киришган.

Қаҳрамон Хўжақуловни ўз кабинетида МХХчиларга дўппослатган ва ноқонуний ҳисбга санкция берган прокурор Мэлс Наимов кейинчалик Бухоро вилояти, Тошкент шаҳри прокурори, МХХга қарашли Диний идоралар фаолиятини назорат қилиш кенгашининг раҳбари бўлиб ишлаган.

2017 йил 26 август куни у президент Мирзиёевнинг фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист” унвонига сазовор бўлган.

Ҳозирда Мэлс Наимов Бухоро вилояти транспорт прокурори лавозимида ишламоқда.

Погонли наркомафия йўриғида юрган Мэлс Наимов мансаб жиҳатдан муваффақиятларга эришган бўлса ҳам оиласида ишлари унчалик юришмаган.

Унинг ўғли Ўзбекистон ички ишлар академиясида ўқиб юрган кезлари гиёҳвандликка ружу қўяди.

Шу сабабдан Мэлс Наимовнинг қудаси, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси коррупцияга қарши кураш бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаган Ёқуб Элмуродов қизини ажратиб олишга мажбур бўлади.

Мэлс Наимовнинг ўғли эса охир-оқибат гиёҳвандлик туфайли оламдан ўтган.

Қаҳрамон Хўжақуловни Сурхондарё вилояти прокурори хонасида МХХчилар томонидан калтакланганини кулимсираб томоша қилиб турган яна бир прокурор Рамазон Пўлатов ҳам кейинчалик Бухоро вилояти прокурори, Ўзбекистон Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Айни пайтда Рамазон Пўлатов ва унинг укаси Эркин собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг иши бўйича қамоққа олинганлар.

“Eltuz” суриштирув гуруҳи қўлга киритган маълумотларга кўра, Рамазон Пўлатов Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлагановдан таҳдид йўли билан бир миллион АҚШ доллари олганликда айбланмоқда. Айбловга кўра, шу пулни олиш учун у Тўлагановнинг олдига ўзининг укаси Эркинни юборган.

Қаҳрамон Хўжақуловни 1988 йилдан то 1995 йилгача таъқиб ва тазйиқ қилиб келган МХХ подполковниги Тўлқин Зулфиқоров кейинчалик полковник рутбасигача кўтарилган.

Мустақилликнинг илк йилларида МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Тўлқин Зулфиқоров кейинчалик ундан ҳам баланд лавозимларда ишлаган.

Лекин «Элтуз» суҳбатлашган истеъфодаги икки нафар МХХ зобитига кўра, у МХХ раиси Рустам Иноятовнинг кўзига ёмон кўриниб қолади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валюта жиноятларига оид департамент ташкил этилаётганда Тўлқин Зулфиқоров шу ерга раҳбарнинг биринчи муовини лавозимига ўтишни ният қилиб, МХХдан кетади.

Рустам Иноятов кетиш сабабини сўраганида, Зулфиқоров: “Чарчадим. Пенсияга чиқмоқчиман”, деб жавоб беради.

Кейинчалик, 2006 йили Иноятов Зулфиқоровни идоралараро қўшма мажлисда кўриб қолади ва янги очилган департаментга ишга ўтганидан хабар топади.

Ўзини алданганидан дарғазаб МХХ раиси Тўлқин Зулфиқоровни уч соат ичида ишдан олдиради.

Шундан сўнг, 2008 йилга келиб Тўлқин Зулфиқоров Жиззах вилояти чорвачилик озуқалари корхонасига раҳбар бўлиб боради.

Лекин у ердан ҳам уч соат ичида ишдан олинади.

Бу сафар уни Жиззахга келган ўша пайтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев кўриб қолади.

Бош вазирнинг “Мана бу МХХчи бу ерда нима қиляпти? Уни зудлик билан йўқотинглар!” деган топшириғи уч соат ичида бажарилади.

Ҳаётнинг мана шундай аччиқ кунларида Зулфиқоровга ўхшаганларга на қудратли МХХси ва на прокуратураси ёрдам берган.

Қудратли «контора”нинг кучи етмайдиган шахсий ҳаёт ва оилавий инқироз деган муаммолари ҳам бор. Ёки аксинчами?! Демак…

“Eltuz” саволлари…

“Eltuz” суриштирув гуруҳи Қаҳрамон Хўжақуловнинг тақдирига оид ҳужжатли фильм яратиш жараёнида баъзи саволларга дуч келди.

Хусусан, сурхондарёлик милиция майори Қаҳрамон Хўжақулов Мозори Шарифдаги уч совет дипломатининг наркобизнесини фош қилган 1988 йилда КГБнинг Афғонистондаги резидентурасида турли ниқоблар остида икки ўзбекистонлик чекист ҳам ишлаган.

Улардан биринчиси бўлажак мустақил Ўзбекистоннинг бўлажак бош «чекисти» Рустам Иноятов бўлган.

У узоқ йиллар давомида Қобул ва Мозори Шарифда турли дипломатик ниқоблар остида КГБ топшириқларини бажариб юрган.

1988 йилда Афғонистонда Лубянканинг топшириқларини бажариб юрган иккинчи ўзбекистонлик эса бўлажак мустақил Ўзбекистоннинг бўлажак бош прокурори Рашид Қодиров эди.

1988 йил май ойида Рашид Қодиров Афғонистондаги советпараст ҳукуматнинг махсус орденига ҳам сазовор бўлган.

1994-95 йилларда Ўзбекистон Бош прокуратурасида Қаҳрамон Хўжақуловга қарши туҳматлар тўқилаётганда бош прокурорнинг ўринбосари айнан “чекист” Рашид Қодиров эди.

Хўжақуловнинг “чекист”лар наркомафиясига қарши фаоллиги “чекист”лардан чиққан Рашид Қодировга ёқиши мумкинмиди?

Нега Рустам Иноятов мустақиллик йилларида Чегара қўшинларини Мудофаа вазирлигидан МХХ таркибига қўшиб олди? Наркотик савдосини тўлиқ назоратга олиш учунми? Ёки бошқа мақсадлардами?

Яна бир саволимиз КГБ ва МХХ таққосига оид.

КГБ Қаҳрамон Хўжақуловни бир марта тузоққа туширишга уринган-у, лекин кейин ўзини бу ишдан вақтинча бўлса ҳам четга олган. “Рембо”нинг яқинларига таҳдид қилмаган, акаларини “заказ” қилмаган.

Миллий хавфсизлик хизмати-чи? МХХ “контора”нинг наркобизнесига тўғаноқ бўлганларнинг нафақат ўзини, балки қариндош-уруғларини ҳам ўлдириб юбораверган.

Шундай экан, Ўзбекистон тарихида қайси махсус хизмат ваҳшийроқ бўлган? КГБми ёки МХХ?

Ва сўнгги саволимиз: Қаҳрамон Хўжақуловнинг оқланишига бугун кимлар қаршилик кўрсатмоқда? Наҳотки яна ўша наркобарон «чекист»лар бўлса”?!

Бундай дейишимизга сабаб шуки, айни кунларда номаълум кимсалар МХХ дея аталмиш улкан наркомафиянинг кушандаси Қаҳрамон Хўжақуловнинг маҳалласидан у ҳақида расмий маълумот йиғишни бошлашган.

Қаҳрамон Хўжақулов бу ҳақида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилган.

Ҳикоямиз қаҳрамони Қаҳрамон тақдири қандай якун топади?

Бу саволга жавоб ҳануз йўқ.

Шундай экан, “Eltuz” суриштирувларини кузатишда давом этинг.

Видео: https://youtu.be/jIfB_ow7S8o

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 феврал 2023
Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг 6 феврал, 30-сонини тақдим этади.+++Ўзбек сенати Въетнамлик меҳмонлар дастурхонига тортган таомлар сметаси Элтуз таҳририятига келиб ...
26 декабр 2015
ЎзРесЖКнинг фирибгарлик ва товламачилик моддалари билан айблов эълон қилинган Руҳиё Баитова Амнистия Қарорига асосан авф этилди ва озодликка чиқарилди! ...
22 апрел 2022
Азиз дўстлар, ойлар султони  рамазон ойида сизлар билан суҳбат қилиш бахтига мушарраф бўлганимдан севиниб сувутларга чиқиб кетмоқчиман. Мана кунлар ...
21 декабр 2020
Линн Швейсфурт Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва катталар мажбурий меҳнати бўйича ўтказилган 10 йиллик мониторинг ва ҳисоботлардан сўнг мамлакат ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...