Асосий мавзулар
1 октябр 2021

РТдан ваъз: Ўрмонда ўлим йўқ!!!

Азиз ва мукаррам, ҳар бири дуру жавоҳирлар каби қадрлиларим. Мабодо хафа бўлиб, ғам-ғуссага ботган, ишингиз юришмаган бўлса, бошлаган ишингиздан самара эмас, зарар кўрган ëки нимадир ўғирлатган бўлсангиз, жудаям умидсизликка тушманг. Биринчидан, иши юришмаган одам битта сиз эмас.

Пулини бозорда ўғирлатган Афанди хотинига: “Бугун бозорда ҳамма пулини олдирди. Шулар қаторида мен ҳам”, деб айтган экан. “Оҳ-воҳ! Мени тушириб кетишди”, деб ҳаммага гапириб, одамларнинг вақтини олманг. Одамларнинг дарди ўзига етади. Сизники дард устга чипқон.

Сизга рассом Туздан текин  тавсия: Агар сизни ғам-ғусса босса, шундоқ соатга қараб, тахминан бир соат олисларга (осмонга, булутга, кўчага, боққа, дарахт ëки тувакдаги гулга) қараб жим ўтиринг. Ўшанда аҳволингиз,  масалан, милиардер Алишер Усмоновники билан бир хил бўлади.

Қиссадан ҳисса: Бу дунë ташвишини унутган пайтда бой ҳам, камбағал ҳам, золим ҳам, мазлум ҳам, ғолиб ҳам, енгилган ҳам тенглашади.

Дарвоқе, бугун чўнтакда турган телефонимни автобусда кимдир ўмарибди. Ўғрининг кимлигини билмаганим учун у ҳали қамоқда эмас. Телефоним ҳам йўқ (ичида уятсиз расмлар бор эди-я).

Энди эса ваъз форматига риоя қилиб, хабарларга ўтамиз. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси Даврон Қамбаровга кўра, 8 ой ичида ис газидан 77 киши, ёнғинлардан эса 97 киши ҳалок бўлган.

Бу ҳали бошланиши. Совуқ энди бошланди. Одамлар уй иситаман, деб ажалга равона бўлиш мавсуми олдинда.

Ўзбек газини Хитойга кўтарасига сотган амалдор (Элëрми, Рустамми) одам-подам эмас экан. Откат оламан, чўтал ейман, деб бутун халқни йилда тўқсон кун совуқда азоблаш учун халқ душмани бўлиш керак. Одамлар бир амаллаб уй иситаман, деб не кўргиликларга юз тутди.

Ўзбек амалдорлари Ўзбекистонни ўзининг фирмаси деб ўйлашади. Газ, олтин, пахта, буғдой ва бошқа неъматлар гўëки уларнинг фирмаси омборида турган мол. Олиб чиқиб сотвориб, пулни Дубай ва Латвиядаги банкларга қўйишади. 35 миллион халқ манфаатига, мана, 30 йилдан бери кўндалангига амалдорлар асбоби қўйилган.

Тавсия

Совқотяпизми. Баттар бўлинг. Бу амалдорларни сиз сайладингиз. Сиз соясига салом бердингиз.

Аммо ўзбек эркакларидан фарқли ўлароқ, аëллар амалдор патинкасини ялашга чандон орзуманд эмас.

Масалан, икки фарзанднинг онаси, Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида яшовчи Дилдора Хўжақулова 22 сентябрь куни қўрқмасдан туман ҳокимлигига арз қилиб борди.

Бу арзгўй аëл Миллий гвардия ходимлари томонидан дўппосланди ва куч билан руҳий касаллар шифохонасига юборилди.

Куни кеча Самарқанд туманида М37 Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши халқаро автомобиль йўлининг Самарқанд автомобиль ҳалқа йўли қисмида йўлни тўсиб қўйган ва унда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган бир гуруҳ аёллар жавобгарликка тортилди.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, 2021 йил 26 сентябрь куни соат 12:10 ларда Самарқанд тумани, Янгиариқ-1 маҳалласи, Чунгул кўчасида яшовчи 13 нафар фуқаро маҳалла хонадонларида табиий газ йўқлигидан норозилик билдириб, йўлни тўсиб қўйган.

Қайд этилишича, мазкур фуқаролар Самарқанд тумани ҳокимлигига олиб келиниб, туман ҳокими, вилоят ва туман ИИБ раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилот ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судига юборилган.

Суднинг 27 сентябрдаги қарори билан йўл тўсишда қатнашган 13 нафар шахс МЖТКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддасида (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган.

Жумладан, ҳуқуқбузарликнинг икки ташкилотчисига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси, қолган 11 нафар ҳуқуқбузарга жарима жазоси тайинланди.

Бу аëллар газ йўқ дея йўл тўсишган эди. Нега аëллар, дейсизми? Чунки бу мамлакатдаги эркаклар “Толибон”га ғойинбона ошиқ бўлиб, уйларида чирайли сабр қилиб ўтиришибди.

Шу ўринда шоири замон, дардкаши даврон Ғайрат Омондан байт эшитишлик жоиздур.

Аёллар тўсмоқда йўлларни бугун,

Эркаклар қолмаган ғурури баланд…

Адолат истайди мушфиқ аёллар,

Керакмас уларга тилла-зару, қанд…

Рўзғорнинг замбилин ортмоқлаб секин,

Заҳматдан қорайган юзин силайди.

Биз-ку яшаб ўтдик, кўрмадик бахтни,

Шу болам тўкинлик даврин кўрсайди…

Йўлни тўсишади, юракда қўрқув,

Бир нафи бормикин, кўнгил алағда.

Қорни тўқ амалдор энсаси қотиб,

Югурар товуқдек, тухми палағда…

Амалдорлар келишар қовоғин уйиб,

Дағдаға қилишар, шовқин солишар,

Шарманда қилдинглар дея ҳаммага,

Чақчаяр кўзлари, қорни мисли шар.

Дардинг не деб сўрамас биров,

Барига айбдор мушфиқ аёллар…

Боласин дардида йўлни тўсганди,

Энди тили қисиқ, қўрқинч хаёллар…

Эй, сиз қорни тўқ, ёғ босган юзлар,

Элнинг пешонасига чиққан чипқонлар,

Қачон дардин оласан мазлумаларнинг,

Келажак пойига тушган қопқонлар…

Астра гуллари ҳақида

Олдин айтганимдек, “сайлов” деган финали маълум театру ҳаққинда гапириб, худо берган нафасни бекорга харж қилмайман. Сиз ҳам қизишиб, киришиб кетманглар. Барибир кинонинг охири маълум. Яна бир гап. Сайлов муддати борасида конституцияга ўзгартиш киритилди. Демак, “муҳтарам”нинг олдинги муддати бекор бўлди. У “тозаланиб” олди. Бу сайлов “муҳтарам” учун биринчи муддат. Кейинги муддатдан сўнг ўзидан ўзи кетаркан, деб хомхаëлга берилиб кулги бўлманглар.

Кап-катта, бир хўжаликни бошқарадиган эркаклар, бир рўзғорнинг ўтидан кириб кулидан чиғадиган ўрта бермоғимдай хотинларсиз. Уят бўлади унақа театр-театр ўйнаб юриш. Мен ҳозир астра гули ва хризантемалар ҳақида ўйлаяпман.

Сайлов психологияси

У нуқул ирригаторни сўкди. Ким уни сайлаган бўлса, лимони қурисин, товуғи ўлсин, деди. Мана, сайлов келди. У ғоз туриб уйдан чиқаркан, “қарши овоз бераман”, деди қатъий қилиб.

Сайлов участкасига яқинлашганида эса қатъийлик уни тарк эта бошлаган эди. Худди миясидаги исëнни атрофдаги милисалар рентген қилиб кўриб тургандай терлаб кетди қиш бўлса ҳам. Мана, сайлов участкасига кириб, бюллетенни қўлга олиб, мулозимларга қараб аянч жилмайди.

Бахмал парда билан ўралган қути ичига кириб чуқур нафас олди. Орти- олдига аланглаб қаради. Кейин ирригатор яна сайлансин, деган жойга “ҲА”, деб розилик ëзиб, кабинадан чиқди.

У худди катта қаҳрамонлик қилгандай атрофга қараб: “Мен уни яна сайладим”, деб қувонч билан бақиришни истарди. Худди циркда эшак устидан ҳатлаган кўппак каби бозингардан қанд кутарди.

Аммо катта телпакларни кийиб олган катталарга бу чмонинг ички туйғулари бир тийин эди. Улар қоғозларга бир нарсалар ëзиб, телефонларга гаплашиб ўтиришарди.

Қилиб қўйган ишига рағбат кўрмаган бу тавия бўйнини қисиб, калтакланган урғочи итдай участкани тарк этди. Уни совуқ ва электрсиз уй, бўм-бўш музлаткич ва доим оч бола ҳамда ўқлов кўтарган норози хотин кутиб турарди.

“Ахир…”, деди у ўзига ўзи. “Ахииирр”, деган эди бирдан оëғи йўлдаги чуқурга кириб кетди. Кимдир кечаси ўша ерда катта ҳожат чиқариб, устини кўмиб кетган экан. Ботинка ҳам адо бўлди. Шу қишда уни ювсак, қачон қурийди, деб ўйлади бу қашшоқ фуқаро.

Ўша куни кечқурун Ўзбекистон телевидениеси ирригаторнинг 98 фоиз овоз олгани ҳақида тўғри хабар берди. Ҳақиқатан ҳам миллионлаб қашшоқ ва тавиялар овоз берган эди. “Яшаасин мусаффо ва серқуëш янги …истонимиз” дея яна 30 йиллик уйқуга кетди бу раъият.

Бу ҳикояни ëзиб тармоқда эълон қилсам, Iskandar Muxtarov деган биродари азиз: “У бечорага бошқа вариант бормиди”, дея савол қўйди. Менимча, вариант доимо бор. Масалан, журналист ва шоир Карим Баҳриев жорий мамлакат раҳбарини сайлайман, деб баëнот берди. Шоир оғамиз танловини ҳурмат қиламиз.

Агар парламент сайлови эркин бўлганида эди, бугунги сайловда озгина эркинлик аломати бўлиши мумкин эди.

Афсус, ҳеч қанақа эркин сайлов бўлмаганди. Депутатлар юқоридан тушган рўйхат асосида экиб қўйилган. Шу боис, стакан ичра бўрондан не наф?

Текин таклиф

Бугунги номзодларга текин таклиф: 9 ëшдан ошган қизларни тўртинчи хотин қилиб бериш. Корейс, ўрис ва бошқа динсиз кофирларга жузя тўлатиш. Уларнинг қизларини қул қилиб сотиш. Олма ўғирлаганнинг ўнг қўлини, шафтоли ўғирлаганнинг чап қўлини чопиш. Қатортолдаги жалапларни тошбўрон қилиб ўлдириш.

Агар кимда ким президент бўламан деса, шу таклифларни айтсин. Бутун ўзбек халқи “оҳ!” деб тугатиб юборади. Кафолати биздан. Айниқса, “Малика”да бузуқ телефон сотадиган фирибгарлар аниқ овоз беради.

“Толибон” деган террорчиларнинг улар наздидаги “ғалабаси” уларга мотивация берди.

Чунки Ўзбекистонда ижтимоий фикр йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Одамлар ҳукмрон фикрга эргашади, кучлининг фикрини севишади.

Аммамнинг бахмал иштони

Бу гапларни микрофонга ўқиëтиб, телефонимга қарасам, “шукр қилинг, сайлов бизда эркин”, деб ëзибди исми абу ибн биннаса деган юзер.

“Ўзбекистонда сайлов эркин”, деган гапга қарғалар кулади ҳатто. Чўлоқ юраман, дейди. Кўр кўзим ўткир, деб иддао қилади. Кар эса энг нозик сасларни ҳам эшитаман, деб сизни баланд овозда ишонтиради. Шимолий Корея ТВсини эшитсангиз, энг шаффоф ва эркин сайлов у ерда.

Совет даврида ҳам сайлов эркин бўлмаган. Бунга аммамнинг бахмал иштони мисол.

Сайловдан кейин аммам қизил бахмал иштон кийиб юрарди. Бундан ташқари, аммамнинг уйида қизил бахмалдан бўлган кўрпача бор. Аммам совет даврида сайлов участкаси бошлиғи бўлган. Сайловда парда учун ишлатилган қизил бахмални сайлов тугагач аммамга беришган. Аммам бу бахмалдан кўрпача тиктирган.

Брежневни сайлаб берганди география муаллими бўлган аммажоним. Совет давридаги сайловдан ҳеч бўлмаса сайлов участкаси бошлиғи наф кўрган. Дарвоқе, овоз бериш қутисини ҳам аммамга берворишган.

Аммам буни менга совға қилди.  Катта фанер қути эди. Шарик деган итимга ин қилиб бергандим.

Манғитлик талаба саволи

Манғитдан келиб, Тошкентда ўқиëтган толиби илм савол йўллабди. Савол: “Сиз фақат танқид қиласиз. Аммо нима қилиш кераклигини айтмайсиз”, деган маънода. Савол манғит шевасида ëзилган.

Энди, толибжон ука. “Нима қилмоқ керак?” дегани русча савол. Америкаликлар эса “нима қилмаслик керак?” деган савол жавобини қидиришади.

Жавоб оддий – ўғри муттаҳамларга йўл бермаслик керак.

Масалан, Михаил Саакашивили Грузиядаги барча собиқ милиса, прокурор ва бошқаларни ҳайдаб юборган эди. Чириган олмадан биттаси қолса ҳам бутун саватдаги олмаларни чиритади.

Арипов порахўр. Унинг жойи қамоқда. Ғаниев – эски фирибгар, униям жойи қамоқда. Комилов ўғри ва икки томонга ишлайдиган агент. Олий судда ишлайдиганларнинг ҳаммаси порахўр. Уларнинг жойи ҳам қамоқда.

Салим ўғри ва бошқа кўрпача вазирларни ҳам эски супурги билан супуриб ташлаш керак.

Миша (Михаил Саакашивили) келгунига қадар Грузияда коррупция даражаси Ўзбекистондан ўн чандон ëмон эди. Грузия МДҲдаги ўғрилар макон қурган пастқамлик эди.

Газ ва чироқ йўқлигидан Тбилиси бир зулматни эслатарди. Миша 2 йил ичида амалга оширган ислоҳотдан кейин жамият тубдан ўзгарди.

  1. ГАИ пора олмайди.
  2. Пора билан ўқишга кирилмайди.
  3. Давлат амалдорининг ҳар бир қадамини халқ очиқ кузатиш имконига эга.

Грузияда Саакашвили президент бўлган 9 йил ичида 140 та янги шифохона қурилган, 2200 та сунъий нафас олдириш жиҳози сотиб олинган экан. Американинг битта қимматбаҳо антивирус лабораторияси олиб келиб ўрнатилган. Аҳоли сони 3,7 млн.

Каримовнинг 25 йиллик бошқарувидан, нари борса, 25 та шунақа аппарат мерос қолган. 500 та янгисига буюртма берилгани айтилди.

Дарвоқе, Саакашвили ҳам ситилар қурган.

Хўш, Миша буни қандай қилди? Ғарбдан грант олгани учунми? Агар Ғарбдан грант олган мамлакат ўзгарганида Афғонистон Швейцарияга айланарди. (Дарвоқе, Ўзбекистон АҚШ ва Ғарб ëрдамини Грузиядан ўн марта кўпроқ олди. 2001 йилдан то бугунгача). Миша азму қарорли бўлгани учун ислоҳотни эплади.

  1. Ҳамма милисани бирданига ишдан бўшатди.
  2. Барча “вор в законе”ни қамаб, бор-йўғини шилди. Ўғрилар чунонам қочдики, асти қўяверасиз….

Бизнинг ëшуллилар нима қилди? Телекомуникация соҳасида астрономик пора олиб, халқаро можаро марказида қолган ўғри Ариповни бош вазир қилишдан бошлади ишни. Ўғри Туроб Жўраевни Самарқандга ҳоким қилди. Ўғри Ихтиëрни ДХХга раис қилди… (давом қилдираверинг).

Сайлов яқинлашди, дея тармоққа минглаб савиясиз троллар ташланди. Уларни олдин эрмакка мазах қиламан. Кейин ëзганларини ўчириб, ўзларини ҳам блок қилиб ташайман. Қоидам бу.

Тасодифий визитёр ва троллар туғма овсар бўлади. Заковат ва эстетика уларнинг миясини зўриқтиради. Кучли ток келганида заиф чироқ куйиб қолгани каби.

Аммо тармоқда менинг азиз ва зариф дўстларим бор. Опа-сингил, ака-ука каби қадрдонларим, азизларим. Уларни инжитгим келмайди.

Эмин ва Ёсамин қиссаси

Турк романисти Латифа Такин асарлари ҳақида гапириб бераман, деб ваъда қилувдим. Шу ваъдамни бажараман.

Латифа Такин мен севиб ўқийдиган турк ëзарларидан бири. Қайсарида туғилган. Истанбулда ўқиган. Сўл қарашларга эга. Гўзал ва равон ëзади¸ Ëзганларини ўқиган одамда ҳаловат ҳисси уйғонади. Деярли барча романлари сарлавҳасида ўлим ва севги, деган жумла учрайди. Латифа Такиннинг сўнгги романларидан бири “Ўрмонда ўлим йўқ” деб аталади.

Қалингина роман. Ўзбекчага таржима қилинмаган. Рус тилига таржима қилинган-қилинмаганидан ҳабарим йўқ. Романни туркчада ўқидим. Роман нима ҳақда?

Расм чизмай қўйган рассом Эмин (мен каби) ва эсселар ëзиб, ҳеч қаерда нашр қилдирмай ўзида сақлайдиган Ëсамин деган аëл  ҳикояси бу роман. Эмин ошиқ бўлгани, хотин билан айрилгани ортидан фироқ ўтида ëниб, шаҳарга сиғмай ўрмонга бориб яшай бошлайди. (Мен ҳам кундалик муаммодан безиб, ўрмонга қочишни ўйлайман баъзан). Кечмиш ҳаëтига сўнгсўз, келажак умрига сўзбоши айтилган бу ҳиссий сургунда Эминга Ëсамин йўл орқадоши бўлади.

Ўқувчи Эмин ва Ëсамин диалогларини ўқиб, аччиқ севги изтиробларидан хабардор бўлади.

Севги, армон, орзу, ҳижрон, рашк, алданиш, янглишиш, бошнинг деворга бориб урилиши, чорасизлик, йўлсизлик… Хуллас, севган одам бошига тушиши мумкин бўлган нимаики мусибат бўлса, биз уни Эмин ва Ëсамин диалогидан англаймиз.

Атрофда фақат икки одам – эркак ва хотин. Оғочлар, қушлар. Ўрмоннинг шағирлаши. Вижил-вижил биткилар қўшиғи.

Тамаддундан узоқ бу дўғол табиат ичинда икки одам дард тўкади. Дардки, адоғи йўқ. Дардки, ҳузунли. Ўрмон ичида ҳайқириш мумкин. Бошни дарахт танасига қарсиллатиб уриш мумкин. Олов ëқиб, эт пишириб, тинчгина ҳузур ичида ўтириш мумкин. “Ўрмонда ўлим йўқ” романи табиатга олқиш ва гимн каби ўқилади.

Романдан кичик бир узинти: “Сен қадим замонларга қайт. Жуда ибтидоий, қадим ўтган замонга қайт. Дунëда илк шамоллар эса бошлаганида оғочлар йўқ эдими? Япроқлар шаклига боқ! Осмонга қўлларини чўзган дарахт шохларига қара. Оғочлар шамол келишини олдиндан билган каби ўсганини кўрмаяпсанми? Бу оғочлар шамол эсганида эгилади, букилади, аммо яна қаддини тиклайди. Бу оғочларни ҳеч ким кесиб ўтин қилиб ëқмайди. Улар қуриб, ерга йиқилиб, ўғитга айланишади. Бу ўғит бағрида эса бошқа фидонлар қад кўтариб, чинорларга айланади. Ўрмонда ўлим йўқ!!!

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Фейсбук каналидаги видео линки: https://www.facebook.com/eltuzcom/videos/326316812581632

Тағин ўқинг
10 октябр 2022
Самарқанд шаҳрида яшовчи Сафаров Аминжонни болға ва теша билан уриб ўлдириб мурдасини унинг Спарк автомобилига қўшиб ёқиб юборган жомбойлик ...
23 март 2017
Кейинги кунларда Андижон бозорларида сабзавотларнинг нархи кўтарилиб кетди. Ҳаммадан кўра картошканинг нархи ошгани одамларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда. Чунки, аҳолининг ...
28 ноябр 2020
Афу эт мениТақлид қилолмадим, кечир, Ватаним –Тош каби бардошли бўлолмадим ҳеч.Сапчиб турган эсам, айбситма мени,Афу эт, ахир мен ўлолмадим ...
1 октябр 2017
«Элтуз» мухбири Тоштурмадан озод этилган ёзувчи Нурулло Отахонов билан сўзлашишга муваффақ бўлди. Эндигина қамоқдан уйига келиб турган 63 яшар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...