Асосий мавзулар
17 феврал 2023

600’33: Ўзбек гази устидан Россия назорати, ўғри, зўровон ва вагнерчи ўзбеклар…

Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг  навбатдаги 33-сонини тақдим этади.

Ўтган ҳафта Озодликда чиққан тадқиқот муаллифи профессор Кристиан Ласслетнинг даъво қилишича, “Ўзбекнефтегаз” раҳбариятининг ярми Россия  ширкатларининг собиқ ходимларидир. 

“Ҳукумат ички ҳисоботида Ўзбекнефегаз Eriell томонидан эгаллаб олингани иддао қилинади. Бу хавотирлидир!” деб ёзади Кристиан Ласслет. 

У ўзининг 40 минг сўздан иборат тўлиқ ҳисоботини бир ҳафта ичида жамоатчилик эътиборига ҳавола этишини маълум қилди.  

«Фозилов/Филатов жамоат арбобларидир. Аммо корпоратив молиявий оқимларни таъқиб қилсангиз, бу алоқалар Геннадий Тимченко ва СНБ генералларининг ўғилларига бориб тақалади,” дея хулоса қилади Ласслет. 

“Эслаб қолинг, Eriell-га Россиянинг»Газпромбанк»и эгалик қилади, Фозилов+AMГА эса Тимченкога боғланган МЧЖга алоқадор. Фозилов кўплаб компанияларда кўплаб улушларга эга,  лекин “Иноятов+Убайдуллаев” билан яқин алоқадор,” деб ёзади Кристиан Ласслет.

Гап Ўзбекистон табиий бойликларининг Россия дохил криминал шахслар қўлига ўтиб кетаётгани ҳақида бормоқда. Янги ҳисоботи юзасидан Элтуз махсус кўрсатув режалаган.  

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, сенатор Бахтиёр Сайфуллаев 72 ёшида ўлди. Маданият вазири бўлган даврда у маданий ëдгорликлар ҳусусан Тошкент шаҳри бинолари пештоқидаги мозаикаларни вандал мулозимлар ҳужумидан сақлашга эътибор берган эди. 

Айнан Сайфуллаев даврида вазирлик очиқ ва шаффоф фаолият олиб борган ва биринчилардан бўлиб хориж радиоси мухбирларини ўз мажлисларига чақирган эди.  

Элтуз жамоаси Бахтиëр Сайфуллаевнинг яқинларига ўз таъзиясини билдиради.

Тошкент вилоятида икки нафар боласи бор аёл тўрт нафар маҳалладош эркаклар томонидан навбатга қўйиб зўрланди.

Элтузга етиб келган хабарга кўра, Турмуш ўртоғи Россияга ишлагани кетган, катта фарзанди 11 яшар бўлган аёл ўзи ва икки нафар фарзандлари билан Тошкент вилоятидаги бир ҳовлида яшар эди.

Тўртта маҳалладош эркаклар, уларнинг тўдабошиси муқаддам судланган шахс етакчилигида, бу аёлни эри йўқлигидан фойдаланиб, уйига бостириб киришади. Улар аёлни ўласи қилиб калтаклашади ва навбат билан зўрлашади. Камига фарзандларини ҳам калтаклашади.  

Аёл ўзини химоя қиламан деб, бир нарса билан уларни уриб қаршилик қилганида, улар бундан баттар ғазабланиб уни калтаклаб, болта ва пичоқ тираб, яна хайвоний нафсларини қондиришган. 

Айни дамда тўртта эркак қамоқда. Уларнинг устидан 142-модда билан жиноят иши қўзғатилган. Аёл эса реабилитация марказида, аҳволи ёмон.  

Тошкентда қўқонлик машхур Акмал-ўғри қўлга олинди

35 яшар Акмал ўғри квартира эшигини смичка билан очиб кириб, олтин тақинчоқларни ўмараётган пайтда қулоғидаги айрподнинг биттаси тушиб қолган. Ўша айрпод изидан борган миршаблар ўғрини ушлашган. Ўғри қамоқда. 

Наманганда имтиҳонларни топширолмаган талаба ўзига ўт қўйди ва касалхонада тил тортмай ўлди. Талабанинг гуруҳ раҳбари студентнинг отасига телефон қилиб, ўғли имтиҳонларни топшира олмагани ҳақида айтган.

Отасидан дакки эшитган студент эса Янгиқўрғон тумани “Нурафшон” маҳалласи  четидаги  адирнинг ўртасига бориб, устидан бензин қуйган ва зажигалка тугмасини босган. Шифохонага келтиррилган йигит икки кун қийналиб 13 февраль куни шифохонада ўлди. Янгиқўрғон туман прокуратураси ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш айби билан жиноят иши қўзғади. 

Тошкентда энага ногирон болани калтаклади

Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда энаганинг ногирон болани ургани тарқалган видео юзасидан маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда аёл киши ёш болани ургани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур видеотасвир юзасидан пойтахт ИИББ томонидан текширув ўтказилган.

Аниқланишича, Чилонзор туманида истиқомат қилувчи 28 ёшли И.Х. ўзининг ногирон фарзандига энагалик қилиш учун 21 ёшли С.Т.ни ишга ёллаган. Бироқ энаганинг хизматидан шубҳаланган уй эгаси фарзандининг ётоқхонасига кузатув камераси ўрнатган. 

Тармоқда Юлдуз Усмонованинг коррупцияни ëқалагани видеоси тарқалди: 

Коррупцияни олқишлаб «халқнинг пулини еса бўлаверади» деган Юлдуз Усмонова юридик фанлар номзоди, собиқ депутат ва халқ артистидир. Бундан олдин Соғлиқни Сақлаш вазири ҳам майда коррупцияга рағбат кўрсатиб, беморларни рози қилиб пул олсаларинг бўлаверади деган эди.

Афғонистонда жума намозига чиқмаганларнинг дўконлари ёпилмоқда

Ҳозиргача 70 га яқин дўкон ёпилган. “Толибон” вакиллари дўкон эгаларини 111 доллар миқдорида жарима тўлагандан кейингина бизнесларини давом эттириши мумкинлигидан огоҳлантирган. 

Қирғизистон суди ҳукми билан 11 йилга қамалган собиқ президент Алмазбек Атамбаев сешанба куни қамоқдан чиқарилди. Энди у соғлиғини тиклаш учун чет элга кетишни режалаганини билдирди.

2024 йилдан бошлаб Қозоғистонда туғилган ҳар бир қозоқ азамати мамлакат нефт саноати маблағидан ҳисса келадиган ҳисоб рақамига эга бўлади. Ҳар йили бу ҳисобга пул тушиб туради. Қозоқ азамати 18 ёшга тўлганида бу ҳисобдаги пулни ишлатиши мумкин.

Россия ҳукумати Қозоғистондаги Бойқўнғир шаҳри аҳолисига Украина урушида иштирок этиш учун ойига 260 минг рублдан пул таклиф қилаётган экан. Бироқ Токаев маъмуриятининг бу шаҳардаги ваколатхонаси мазкур таклиф фақат у ерда яшаётган россияликларга тааллуқли эканини билдирган. Бойқўнғир шаҳри Қозоғистон томонидан 2050 йилгача Россияга ижарага берилган. Маълумотларга кўра, ижара пули йилига 115 миллион долларни ташкил қилади. 

Туркияда зилзила туфайли пайдо бўлган эни 3 метрли ёриқ юзлаб километрга чўзилгани айтиляпти. Олимлар ҳали уни ўрганишга киришганлари ҳам йўқ. Тахминларга кўра, бу ёриқ узоқ йиллар давомида тадқиқот объекти бўлиши мумкин.

Полша Ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро алоқалар институтида (МГИМО) ўқиган барча ходимларни ишдан бўшатди. Ташқи ишлар вазири Збигнев Рау фикрича, бу институт «Россия империализмининг унсури, совет юмшоқ кучининг унсури»  бўлиб ҳисобланар ва МГИМО битирувчилари шу империя манфаатларига хизмат қилар экан. Московда таҳсил олган дипломатларни ишдан ҳайдашни вазир Полшада «декоммунизация» бўйича қўйилаётган қадамлардан бири, дея изоҳлаган.

Саудия Арабистони тарихда илк бор аёл астронавтни фазога чиқаришни режаламоқда. Райёна Барновий хонимнинг NASA миссияси доирасидаги парвози шу йил баҳорида амалга ошиши айтилмоқда. 

Москва вилоятида Украинада ўлдирилган вагнерчилар гўристони пайдо бўлди. Гўрга кирган босқинчилар рўйхатида бешта ўзбек ҳам бор. Улардан бири Юсупов Шуҳрат Одилжонович, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридан. Босқинчи гўрда. 

Россия Мудофаа вазири Путиннинг мобилизация тўғрисидаги фармонини бекор қилиш тўғри бўлмаслигини даъво қилди. «Акс ҳолда, сафарбар қилинганлар ва уларнинг оилалари ойлик ва имтиёзлардан маҳрум бўлиб қолиши мумкин», дея билдирган вазирлик маҳаллий депутатга юборилган жавоб хатида. Хулоса шуки, могилизация тугамаган ва ҳали-бери тугайдиганга ўхшамайди. Айтмоқчи Шубадан эҳтиёт бўлинглар. Бу ҳақда рассом Туз тайёрлаган махсус скетчни томоша қилишни тавсия этамиз.

Бу Элтуз каналидан сўнгги 600 cекунд ичида сизга етказмоқчи бўлган хабарларимиз эди. Кун давомида биз билан қолинг, каналларимизга обуна бўлишни унутманг.

@eltuz

Тағин ўқинг
25 феврал 2022
Чегарадан 40 км узоқликдаги Харьков шаҳрининг ҳам олинмаганлиги рус армиясининг аҳволи ЧАТОҚЛИГИНИНГ исботидир. Хабарларга қараганда, рус армияси Харьков шаҳри ...
24 сентябр 2018
Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги пахта йиғим-терим мавсумига оид турли ОАВларда эълон қилинаётган хабарлар мамлакатда мажбурий меҳнат аломатлари кучайиб бораётганидан дарак ...
10 март 2020
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокидаги йиғилишда республика бўйича 300 дан зиёд қишлоқ ва маҳалланинг, 400 га яқин кўчанинг ...
23 феврал 2019
​​Эврил Туроннинг пойтахтни Жиззахга кўчириш ҳақидаги таклифини кўпчилик кулги остига олди, кимдир пахта қўйиш сифатида баҳолади. Менга эса таклиф ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...