Асосий мавзулар
31 март 2023

РТдан ваъз: Қоринжанинг дуоси

Шу кунларда элтузнинг жумбул жамоати қуëш чиққандан қуëш ботганга қадар емак ичмакдан, ëмон гаплардан тийилиб, тангри таборак ризолиги учун оғизочарларда улуғ ниятларни қилиб ўтиришибди. Хамза Ҳакимзода айтгандай:

Келди айём муборак барча жон дилшоддир,

Руҳлари ҳам ҳар азобу қаҳрдан озоддир.

Рўзаи моҳи шарифинг ҳурматиндан бехилоф,

Осий, ғайри осийга ҳақ раҳмати бунёддир.

МС:

Эшикни алди ўй акан

Ичи дўли қўй акан.

дўққиз ойдан кейин

улли охтиқ тўй акан

Рамозон омин!

РТ: Матчонбой сенга шу айтган шеъринг учун яхши бир гонорар ëзиб қўяман.

МС: Шундин атинг оғо. Печак, нуқул, нишолони олиб оғзочорда зийриқ половни уроли. Оғо, сиз бу сапар ëхши гапладан ойтинг. Чўнқир мўлло бўлинг инди, ино шу ойдо.

РТ: Азиз дўстларим, 12 ойнинг султони Рамазон нуридан нурланиб, шуълаафшон бўлиб турибмиз. Шу муносабат билан, «эшитинг, аммо йиғламанг», деган туркум бадиҳалар айтиб берсам.

МС: Ойтинг оғо. Қоринжани ойтиб баринг

Қоринжа (Чумоли, қумурсқа, ант, муравей, мура, амайзи ва ҳоказо), бир қараганда, кичик бир ҳашарот, аммо шу ҳашаротнинг дуоси ҳам одамнинг охиратини қутқара олади.

Алқисса, бир раққоса дунëдан ўтибди. Малаклар унинг гуноҳ даптари топ-тоза бўлиб қолганини кўришибди. Тангри таборак истаги билан даптар «эмпти» бўлиб қолибди. Шу тариқа умри айшу ишрат ўйин кулги ва масту аластликда ўтган раққоса фирдавсул иқбол васлига нойил бўлибди.

Нега? Ахир мен бир раққоса эдим дебди, лолу ҳайрон раққоса.

Малаклар тушунтирибди: «Эсингдами, Бухородаги бир тўйда гулҳан атрофида рақс тушганинг. Ўшанда сенинг этагинг шамолидан бир чумоли гулҳанда ëнишдан қутулиб қолган эди. Бу чумоли яратган эгам тангри таборакка илтижо қилиб, «мени қутқарган бу ожизангни тамуғдан олис тут. Жаннат висолини кўргаз. Гуноҳларини бағишла», дебди.

Бу дуо ижобат бўлди. Раққоса жаннатда.

МС: Қиссадан ҳисса недур? Оғо, бу темани маъноси новви? Биза нишатали?

РТ: Маъноси улдурки, дуони кичик бир қоринжа қилса ҳам, ижобат бўлиш имкони бор. Дарвоқе, Нуҳ алайҳиссалом кемасига илк чиққан жонзот қоринжадур.

Эшитинг. Аммо йиғламанг. 

Бизни севинтириб сувутларга чиқарган Рамазон ойи барчаларға қутлуғ бўлсин!

МС: Оғо, Шовотдайи улли пирни ойтиб баринг. Бир ичимни дўкиб йеғлойин. Ватанимиз бўлди обод – ман йиғламин ким йиғласун.

Деворни осмонга учирган Ҳамадоний

Юсуф Ҳамадоний мингта талабани 40 йил ўқитиб ҳам уларнинг илмсизлигини англашдан чарчади ва бу талабаларни имтихон қилмоқчи бўлди.

Жума номозига имомликка ўтишдан олдин Ҳамадоний қўйнинг ташоғи устида бўладиган халтасимон терини пуфлаб шишириб қўйнига солди.

Сажжодага бош қўйган пайтда Ҳамадоний бу пуфакни қўли билан эзди. 

Пррррт деган сас чиқди.

Ҳамадонийга иқтидо қилиб номоз ўқиëтган 998 талаба «устоз ел чиғорди. Номоз бузилди дея ўрнидан туриб Ҳамадонийга ўқрайди. Фақат битта талаба саждадан бошини кўтармади. Бу талабанинг ëнида ўтирган бошқа талаба эса унинг сажжодадан бош кўтармаганлигини кўриб «бир гап бор дея турган жойидан қайтиб ерга ўтирди ва бошини сажда учун эгди.

Бу ғалағовурни кўриб таассуф қилган Ҳамадоний «Қирқ йил ўқитиб фақат бир яримта одамни илмли қилибмана» дея афсус билдирди. 

«Бу бесамар таълимни тўхтатиб, каъбатуллохни зиëрат қилайлик муборак жума кунида» деди устод.

Талабалар яна ҳайрон қолишди. У пайтда Маккага бориш олти ойлик йўл эди.

Ҳамадоний бўлса бу туғма овсарларга қараб «мининг мана бу деворнинг устига» деди.

Талабалар мадраса ховлисини ўраган узун пахса деворнинг устига эшшакка минган каби миниб олишди. Ҳамадоний ҳазрат бўлса ердан бир илонни ушлаб қўлига олди ва деворнинг бошига ҳудди учоқ капитани каби ўтирди.

Девор худди боинг самалет каби гуриллаб кўкка учди ва Саудия Арабистони тарафга қараб кетди.

 Ривоятга кўра бу «учоқ» Шовотдаги «Бўйрачи» қишлоғидан кўтарилиб Бухоро устидан ҳам учиб ўтган.

«Самолет» Ғиждувон устидан учиб ўтаëтган пайтда Абдул Қодир Ғиждувоний руку холатида эди.

Ғиждувоний бу гуриллаш овозини эшитиб муридларидан сўрабди. 

Ниманинг саси бу?

Муридлар кўчага чиқиб билиб келишибди:

«Ҳамадоний минг шогирди билан Маккага қараб кетяпти» дебди муридлар.

Ғиждувоний кўчага чиқиб осмонга қараб «Ҳамадоний дўстим, Ғиждувонга қўниб дастурхонимдан нон чўрак еб кет» дея даъват қилибди.

Ҳамадоний бўлса «Биз улуғ манзилга тикканмиз кўзни. У сенинг кулбангдан йироқ» деганга ўхшаш фикр ойтибди.

Ғиждувоний буни эшитиб ҳассаси билан осмонга доира чизгандай ҳаракат қилди.

Ҳамадоний ва минг шогирди минган пахса самалет бу доирадан нарига ўта олмай қолибди. 

Ҳамадоний илму хол кучи билан бу доирани синдириб учишда давом этибди.

Ғиждувоний бир пуфлаган эди мағрибдаги булутлар машриқдаги билан қўшилиб осмонни тўлдирди. Ғиждувоний ҳассасини ерга бир урди. Сел ëға бошлади. Ëққан селдан  пахса девор эриб лойга айланди. Ҳамадоний ва минг мурид патта патта ерга қулашди.

Ғиждувоний хассасини ўқталиб ерга қулаëтганлар елкасига парашут шаклини туширгани боис барча бешикаст ерга қўнди.

Бир оздан кейин жиққа хўл бўлган Ҳамадоний ва муридлари Ғиждувоний олдига саломга келишди.

«Йўл бўлсин» деди Ғиждувоний ҳазрат.

«Шу каъбани зиëрат қилмоқчи эдик» деди мулзам бўлган Ҳамадоний.

«Каъбани зиëрат қилиш учун деворни овора қилиб учириш жоизмиди? Каъбани ўзини учириб келса бўмасмиди» дебди Ғиждувоний.

«Бу қандай гап. Иброхим алайхиссалом иншо қилган байтуллох ҳам учадими» деди ҳайронлар қолган Ҳамадоний.

Мийиғида табасссум қилган Ғиждувоний ҳассасини ерга бир урган эди, Ғиждувон осмонида гуриллаган сас эшитилди. 

Осмонда устига кисва ëпилган Каъбатуллох муаллақ турарди. 

«Каъба келди. Қаерга қўнсин» деган мужда эшитилди.

«Қўнмасин. Муаллақ турсин» деди Ғиждувоний ва Ҳамадонийга қараб: Мана тангри таборак иродаси билан каъбатуллохнинг ўзи келди. Боринг зиëрат қилинг, деди.

Ҳамадоний бўлса «Осмондаги каъбани қандай зиëрат қиламан» дея сўради.

Ғиждувоний бўлса болта¸ теша каби инструментлар солинган боксдаги нарсаларни олиб бир нарвон ясади. 40 тишли бу зинаий нарвонни кўтариб бориб осмонда муаллақ турган каъбатуллохга тиради:

«Марҳамат ҳазратим зиëрат қилсинлар» деди.

Ҳамадоний ва минг мурид бирин кетин зинадан кўтарилиб каъбани тавоф қилишди. Бу орада Ғиждувоний ва муридлари ҳам тавоф қилди. Бутун бир Ғиждувон аҳли Каъбани тавоф қилиб бўлгач¸ каъба тилга кириб Ғиждувонийдан кетишга рухсат сўради. 

Изн бўлгач Каъба ўзининг доимий дислокациясига қараб кетди.

МС: Оғо шу улли пир қочон дўғилғон. Бўйрочими, ë Бешмерганданми?

РТ: Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи Ҳамадон шаҳрида 440 ҳижрий санада туғилганлар.

Ул зотнинг тўлиқ исмлари Абу Яъқуб Юсуф ибн Ҳусайн ибн Айюб Ҳамадонийдир.

МС: Қиссадан ҳисса недур?

Маъно улдирким, ел қайси тешикдан чиққанини билмайдиган мингта овсарнинг илми нофиладур. Уларни имтихон қилдим дея кибрга ботган кишининг иши ҳам нотўғри. 

Ҳар Ҳамадонийга бир Ғиждувоний бордир. Буни унутманг. 

Рассом Тузни эшитинг аммо асло йиғламанг.

МС: Зор зор йиғладим оғо. Алаштирманг кўнглим бўш.

РТ: Матчонбой мен санга бир хушхабар айтай. Рамазонда 37 яшар тақвоси кучли мўмин биродаримиз Ҳамза Юсуф Шотландия Бош вазири лавозимига тайинланди. Зиëда қилсун.

МС: Оғо. Оғзочордан гўмма баракиннан гапланг. Қўйинг ву виски уродўн  шотландияни.

Ифтор супраси

Хоразмда «оғизочар» деб аталадиган тадбирни турклар «ифтор супраси» дер экан. Хуллас турк қўшним Мустафо унинг таъбирича «ифторга даъват» қилди. Бордим. Онам супра деб хамир ëйганда ишлатадиган тўрт тарафи жиякли кленкани назарда тутарди. Туркларнинг  супра дегани оқ газлама тўшалган улкан стол экан. Усти нозу неъмат билан тўла. Турклар «Пистиқ пиндиқ»  хоразмликлар эса «чақақ» дейдиган пистаю бодомлар. Хоразмликлар «ғўўз» турклар «жевиз» деб айтадиган мағзи ëғли юмуруқдай ëнғоқ.  Бир пайтлар «Минг бир кеча» эртагида номини эшитганим «кунафа» (бол ва пишлоқ қўшиб қовурулган ширинлик) «Дилбар дудоғи» «Келин бути» «Имом бойилди» пахлавий дехлавий хуллас турли емаклар. Емакларнинг лаззати ҳақида айри фикрим бор. Масалан «хошломо» деган емакнинг ичидаги эт сарëғдай юмшоқ. «ема ëнинда ëт» дейди турклар яхши таомни олқишлар экан. Яна орқага қайтсам. Мустафонинг эшигидаги зил (звонок) ни босдим. Хотин кишининг амрли саси эшитили. «Оч мустафо мисофиримз галди» Генералнинг буйруғини бажарган сержантнинг сасига монанд итоатли овоз эшитилди » Тамом. Ҳаëтим. Қўшдим» (Майли хурматли хотин ака мен чопдим) деган ҳазин ва муте сас келди. Эшик очилди. Мустафо менинг шаънимга мақтовлар ëғдирароқ тарлик (тапочка) берди. «Ҳўш галдингиз. Сафолар гатирдингиз. Орзу буюринг бла бла бла..»  Собиқ совет одами бўлган мен учун бу такаллуфлар бир оз баландпарвоз ва чучмал эди. Комевояжер бўлиб ишлайдиган Мустафонинг уйи энг «шик» қўлтиқ (кресло) ва девонлар билан безатилган эди. Мовий кумач устига қабариқ олтин нақш қилинган пардаларга Ла Скала театри ҳам хавас қилса арзийди. Дастурхонга қўйилган чотол (вилка) қошиқлар пирил пирил ялтиллайди. Чехиядан келтирилган четига олтин ҳал чизилган идиш оëқ фаровонликнинг ташриф қоғози каби кўринади. Бунинг ëнида мутфак (кухня)дан келаëтган қўқи (овқат хиди) кун бўйи оч қолган ошқозонимга таскину тасаллий  берарди. «буюринг буюринг»лар ортидан мен дастурхонга ўтирдим. 8 дан 27 дақиқа ўтганида оғиз очилади. Ҳали бир неча дақиқа бор. Уй бекаси ва Мустафо бу дақиқа ичида мени хуш табассум билан  сийлашди. «ойлар  султони рамазон» шарафига олқишли гаплар айттилди. Олдин Мустафонинг кейин хонимнинг айфонида кетма кет муаззин саси янгради. Номоз вақти бўлган эди. Олдин оғизни очдик. Хоним ичига лимон парчаси солинган бир бардак (стакан) сув¸бир бардак сут¸ кумуш  тарелкада ажува (хурмони додаси) ва туз келтирди. Мен сув билан Мустафо сут билан хоним эса туз билан оғзини очди. Ажвадан ҳаммамиз бир бир олдик. Шукр дуоси ўқилгач. Номозга турдик. Мустафо имомликка ўтди. Суннатларни айри ўқидик. «Ассалому алайкум» деб ижтимоий масофага амал қилмай  қучоқлашиб отамлашиб яна супрага (дастурхонга) қайтдик. «Чўпон шўрваси» деган  ярим коса шўрва келди. Мустафо бунинг тарифини берди. «Гули қўтир» деган гулнинг қуритилгани солинар экан. Гулдан ҳам шўрва қилиш мумкинлидан озроқ таажжубландим. Шўрвага яримта лимонни сиқиб кейин ейиш жоиз экан. Таомил шундай. Кейин Мустафо таъбирича «Она емак» келди. Бу «Мақлуба» деган овқат эди. Иккита қозон бир бирини устига қўйилиб глобус шаклига келтирилади ва навбатма навбат айлантириб пиширилади. Атрофи гуруч ўртасида эса қўй гўшти.  Катта товоқда гумбаздай бўлиб туради. Мустафо усталик билан бу гумабазни капкир кесиб менинг товоғимга бир парча солди. Мен учун бу сабзисиз палов эди. Аммо эт мукаммал лаззатли.  Овқат давомида менинг тинимсиз оғзим қимирлашини уй бекаси таъминлаб турди. У эрига амр берарди. «Мустафо лутфан мисопирнинг табоғига эт қўй» «Мустафо мисопирга салата узат»

Мезбонлар хапа бўлмасин деб мен ҳам табоқларни бўшатдим. Суннат дея нон билан тобоқ ичидаги эт сўлини артиб оғзимга солдим. Мазасига гап йўқ. Кейин чой фасли келди. Тотли еб тотли қўнишдик. ( Ширинлик устида сўҳбат қилдик)  Ниҳоят мен тилга кириб Мустфодан «Туркияда дурим насл» (Туркияда ахвол қандай) деб сўрадим. Кошки сўрамасайдим. Шу пайтгача ҳалимдай юмшоқ бўлган Мустафо худди везувий вулқони каби бирдан портиллаб отилди. «Дурим барбод. Мамлакат сафиллик ичинда. Раис массонлар билан иш бирлиги ëпади. Домодбей ҳазинани еб битирди….(Ахвол ëмон. Мамлакат қашшоқлик ичида. Президент массонлар (душманлар) билан ҳамкор. Куëв ҳазинани еб битирди) Мустафо энди ўрнидан туриб қўлларини ҳавода қиличдай сармаб сиëсатчиларга кафан бичарди. Мустафонинг чиқишлари Гитлернинг Бавария пивахонасида қилган ваъзларидан ҳам кўпроқ  эмоционал эди. Бир вақт Мустафо стулнинг устига чиқиб «Разолат¸ разолат » деб бақира бошлади. Мен қўрқиб бошладим. Кошки келмасайдим деб ўйладим. Шу пайт хонага қўлида кумуш тапси (патнс) ушаган хоним кириб келди. Тапси устидаги жажжи мовий финжонларда қахва бор эди. Уй бекаси ўз хўжасига қараб «Сокин вўл Мустафо» деди. Бу сехрли сўздан кейин Мустфо яна аслига қайтди. «Узр диларим» деб стул устидан тушди. Мени қўлтиқ(кресло) га ўтқазиб қаҳва икром қилди. Секин қавҳа хўплаб ўтирдик. Сиëсат мавзусидан айланиб ўтиш учун ўзим қизқимасам ҳам футбол ҳақида гап очдим. Кошки бу темани ҳам айланиб ўтсайдим. Мустафо яна стул устига чиқиб сотқин судялар¸ эпақасиз ўйинчилар¸ лапашанг дарвозабонлар¸массон ва яхудийлар¸ тоғут атеистлар ва яна мен тушунмайдиган яжуж маъжужлар шаънига лаънатлар ëғдиришни бошлади. Мустафо Стулдан югуриб тушиб ишкоп ëнига бориб журнал олди. Журналда Галатасарой хужумчиси Арда Турон расми бор эди. Мустафо бу расмни журнналдан йиртиб олди. «Учрашув» деган комедииядаги Эргаш Каримов эсимга тушиб кулгим келди. Аммо вазият куладиган эмасди. Мустафо энди Арда Туроннинг расмини майда майда қилиб йиртиб ўртага сочиб юборди. Хавони ларзага солиб «Барбод» деди. Мен ëрдам нигоҳи билан хонимга мўлтираб боқдим. Хоним елка қисиб «бунга энди мен ҳам  бас кела олмайман» деди. Қўшнилар полис чақирди. Полис эса доктор чақирди. Докторлар келиб тинчлантитрадиган укол қилиб кетишди. Яна дастурхонга қайтдик. Уй бекаси меваларни кесиб тобоққа солиб келтирди. Мева фасли бошланди. Киви. Ананас. Пўртахол. Мен энди сиëсат ва футбол ҳақида оғиз очмадим. Аммо нимадир гапириш керак. Рўза ойидамиз. Муқаддас динимиз ҳақида гаплашсак хузур ичида бўламиз деб ўйладим. Секингина «Жуббали Аҳмад билан сулаймончиларнинг ораси қандай» деб савол бердим. Эх нега бердим шу саволни. Кошки дин ҳақида гапирмасам эди. Эхх. Хонимнинг айтишича энди на полис ва на докторнинг уколи таъсир қилади. Афсус армия мамлакат ички низоларига аралашмайди. Аралашса яхши бўлармиди. 

МС Оғо бу одамдо оқл йўқ акан. Илими билими йўқ. Президент қарорларини ўқимайди

Homo sapiens бу фикрловчи одам дегани. У шу билан Homo erectus каби одамсимонлардан фарқ қилади. Homo sapiens ноëб мавжудот. Айниқса бизнинг истонларда қирилиб кетган. Бу икки оëқда юрганлар Homo erectusнинг муридлари холос. Баъзан Homo sapiensни учратиб қолсам олтин топган қулдай севинаман. Коракўлда кўп бўлади дейишади фикрлайдиган одамлар. Шундайлардан бири Тилланисо. Бугун у ëзган ëзувни охирги нуқтасигача ўқиб чиқдим. Одатдаги каби кўз югуртирмадим. Кўздан эмас юракдан кечирдим. Демак Тилланисонинг ëзмишларини ўқиймиз:

Музей

Бугун музейга бормоқчи эдим.

Лекин қарасам музейда яшаётган эканман.

Атрофим тўла экспонат.

Мана бу одам тош асридан қолган.

Нафталин ҳиди келар ўйидан.

Ҳатто гулхан ёқишниям билмайди.

Прометей ҳали олиб келмаган ўз оловини.

Зулматда онги, кўзлари сўқир.

Манави одам саҳройи бадавий

Ҳар кун ўз жоҳиллиги чанқоғини қондириш учун сув қидиради.

Қизларини тириклай элтиб кўмади

Тортиб олиб ундан муқаддас ҳуқуқи – ҳаётини

Ўлимдан аччиқ қўрқув қолдиради унга.

Шунинг учун бу музейда қизлар, аёллар

Бўғиб ўлдиради ўзини ўзи

Мана шу жоҳиллик қўллари билан.

Мана бу одам олим –

Жадидлардан гапиради.

Лекин жадидлардан 300 йил орқадаги замонда қолиб кетган

Музейнинг қайси давр бўлимига қўямиз уни?

Майли, Гулханийнинг ёнига

Гўлах бўлсин,

Ўргансин олов ёқишни,

Ёришсин онги.

Мана бу тўда Навоийни гапиради

500 йил орқада ҳамон туриши, юриши .

Навоий эса вақт машинасида

Келажакка учиб кетган

Сиз эса ҳамон орқада қолган

Ўтмишнинг сийратигамас,

Суратига сиғингувчисиз.

Шунинг учун Навоийни

Тополмайсиз келжаакда ҳам.

Бир бурчакда оломон –

Аёллар, қизлар, эрлар, йигитлар

Улар курашмоқчи нимага қарши?

Қўлларида тош.

Эрк сўрайди улар,

Ҳаёт ва нон сўрайди,

Лекин кучи йўқ –

Йўқ бир ҳимояси

Ҳатто орқасида худоси ҳам йўқ.

Уларнинг Ҳозирнинг Қудрати дорга тортади доим.

Доим шундай тенгсизлик, ожиз ғалаба.

Мана булар кичик исён учун боши кетганлар

Улар қаҳрамон,

Аммо уларни ҳеч ким эсламайди,

Чунки боши йўқ.

Исм берилмаган,

Бошини чопгану,

Тарих бутунлай ўчирган саҳнасидан.

Булар ота-оналар,

Йўқ, кўп эскимас,

Бор-йўғи 30 да ёши.

Лек қайси замондан қолиб кетган улар

Болаларидан қизғонишади

Ўз қаҳрамонларин

Исташмайди ҳеч тушинишни

Болаларнинг ўз қаҳрамони бўлажагини.

Эски қаҳрамонлар билан

Зўрлашади болалар онгини –

Аммо ўз даврини тушинишмайди.

Булар курсилар, ором курсилар

Синиқ, ғичирлоқ.

На бу курси янгиланмайди,

На улардаги

100 йиллар нарисида қолган одамлар.

Эски, ҳаммаси эски,

Бир кунда ва бир жойда

Неча асрлардан келган одамлар

Неча асрлардан қолган одамлар.

Тушинишмайди бир-бирининг тилини.

Ўлик тилларда гапиришади.

Нафталин ҳиди келар ҳар ёқдан

Ўтмиш эйфорияси каби

Ва бад бўйидек тарихнинг.

Ўзимчи? Шу тор хонамда қайси даврлардан қолиб кетганман ?

Дарвоқе, сиз?

Қайси асрлардан қолиб кетгансиз.

МС: Оғо ман 21 асрдаман тонгри ëрлоқосо. Инди уринг потянидон, ëнқи гапни ойтинг!

Ассалом Ўзбекистон, Жума Муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
19 август 2022
Бугун 19 август тарихий кун. 1991 йилнинг айнан 19 августида Ўзбекистоннинг мустақил бўлиши учун Москвада замин хозирланган кун. Ўша ...
10 апрел 2021
8 апрель куни Effekt.uz журналисти Элёр Тожибоев Сурхондарё вилояти Денов тумани ИИБ мулозимлари томонидан ўзи яшайдиган хонадондан мажбуран олиб кетилди. ...
22 октябр 2020
Пайшанба куни Қашқадарё вилоятида Enter Engineering компаниясининг ғалаён кўтарган ходимлари билан суҳбатлашган Ғузор тумани ҳокими Беҳзод Суюнов катта концерт ...
13 январ 2021
«Элтуз» Ўзбекистондаги касалхоналарнинг cочиқ, лунги ва арра муаммоларини бир минутлик «III Ренессанс касалхонасида» фильмида намойиш этади. eltuz.com
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...