Нарпайлик маҳалла раиси далада қўй боқиб юрган 13 яшар болани аёвсиз калтаклади
Нарпай тумани турғуни 7 синф ўқувчиси, Нурмуҳаммадов Умиджонни маҳалла раиси аёвсиз калтаклаб ташлаганини айтиб, ёрдам сўраб Элтузга мурожаат қилди.
“Самарқанд вилояти Нарпай тумани Оқ олтин маҳалласидан мурожаат қилаяпмиз маҳалламизда вазият жуда кескин, маҳалла райисимиз ҳеч кимни одам ўрнида кўрмайди.
Мана кеча у, меҳнаткаш, маҳалламиз фидойиси бўлган ўқитувчи Жомонқулованинг 13 га тўлмаган фарзанди Умиджонни аёвсиз калтаклаб ташлади. Азбаройи уриб дўппосланганидан, боланинг ичи тўкилиб баннисада ётибди” дея билдирди у Элтуз таҳририятига.
Нарпай турғунига кўра, воқеа Нурмуҳаммедов Умиджон маҳалла чеккасида қўй боқиб юрган маҳалда юз берган, унинг иккита қўйи маҳалла раисига тегишли далага ўтиб кетиб қолган. У қўйларни майиб қилгудек, уриб ташлагани етмай, болани ҳам шафқатсиз калтаклай бошлаган.
Унинг тағин ёзишича, “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи ўқитувчининг вояга етмаган ўғли ҳозир касалхонага ётқизилган. Бироқ, маҳалла раиси боланинг ота онасига босим ўтказиб, болани тезроқ касалхонадан чиқариб юборишга уринмоқда. Нарпай турғуни боланинг жароҳат етказилган бадани акс этган бир нечта фотосуратларни ҳам жўнатди. Суратда боланинг елка, қўли ва оёғига етказилган зарбадан кўкарган изларни кўриш мумкин.
Бу хабарни у маҳалланинг телеграм группасига ҳам ташлагани, бироқ маҳалла маъмурлари ҳаммани блоклаб ташлаб, ҳақиқатни айтишга йўл қўймаётганини Элтузга билдирди.
“Нарпай туман ИИБ рахбарлари, туман ҳокимлиги ҳаммасининг оғзини ёпиб ўтирибди. Болалар омбудсмени эса телефонларга жавоб бермаяпти. Боланинг эса аҳволи жуда оғир” дея ёзди Нарпай турғуни Элтузга.