Элтуз тақиллатган эшикни Лола сотди
Анжанликлар уйни «эшик» дейди. Ўлиб кетган Ўзбекистон президенти Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева эгалик қилган Беверли Ҳиллздаги ҳовлини «эшик» эмас «қаср» десак ярашади.
Элтуз мухбирлари бу уйга ҳали Лоланинг отаси тирик пайтида, 2015 йилнинг октябрида бориб, эшигини тақиллатиб, «бу уй, мабодо, ўзбек халқининг пешана терига олинмаганми?» деган саволни беришга журъат қилган эди.
Шу кунларда Каримовнинг қизи Лола ўз қасрини 36 миллион долларга сотди. Лола Каримова-Тиллаева ҳамда унинг эри Тимур Тиллаев Беверли Ҳиллздаги 2011 йилда қурилган Le Palais’ни 2013 йилда 32 миллион долларга олувди.
Беверли-Ҳиллз (Калифорния) кўчмас мулк реестрига кўра, Le Palais номи билан танилган тахминан 4450 квадрат метрлик ушбу сарой 36 миллион долларга сотилган.
Сотувчи Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева ва унинг эри Тимур Тиллаевга алоқадор ширкат бўлиб чиқди.
Харидорнинг шахси номаълум. Балки бир киссадан яна бир киссага ўтгандир.
Уй 2011 йилда Лос-Анжелес ҳудудида кўп сонли ҳашаматли уйлар қурган, Гиги ва Белла Ҳадиднинг отаси Муҳаммад Ҳадид томонидан қурилган. Уй Беверли-Ҳиллз меҳмонхонаси қаршисида жойлашган бўлиб, қўлда ўйилган француз оҳактош фасади бор. Мулк ҳужжатларида унинг еттита ётоқхонаси борлиги кўрсатилган.
Каримов қизининг бу қимматбаҳо қасри, Лола Каримованинг Лос Анжелесдаги The Harmonist деб номланган атир дўконидан бир неча минутлик масофада жойлашган.
2020 йилнинг августида Америка матбуоти Лола Каримова-Тиллаева Ҳолливуд тепаликларидаги учта вилласини сотувга қўйгани ҳақида ёзган эди.
Элтуз мухбири Лола Каримова ўз отаси президентлиги даврида унинг эшигини қоқиб, шунча миллион пулни нима учун Лос Анжелесдан қимматбаҳо виллалар сотиб олишга сарфлагани ҳақида сўраган эди.
2015 йилги ўтказилган Элтуз журналистларининг суриштирувда Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими Шермамат Абдуллазода ҳам иштирок этган.
Ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Шермамат Абдуллазода, Ўзбекистон Молия вазирлигида ишлаган вақтида, унга Ўзбекистонда баъзи савдо фирмаларининг барча солиқлардан озод этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар бўлган махфий ҳужжатлар учраганлигини айтиб берган эди.
Лола Каримова яшаётган уйнинг бозордаги баҳоси ўша 58 миллион АҚШ долларида баҳоланган.
Анвар Шермаматни эса бир савол ўйлантиради: Лола Каримова шунча катта миқдордаги пулни қаердан олди ва North Crescent Drive нинг 900 манзилидаги бунчалик қиммат уйни қайси манбалар ҳисобига таъминлаб турибди?
33 миллионга сотилгани айтилаётган қаср Каримова-Тиллаевларнинг ушбу мавзедаги ягона кўчмас мулки эмас.
«Элтуз» 2020 йилнинг 5 июлида Лос-Анжелесда жуда қимматга баҳоланган учта инвестиция объектлари бир вақтнинг ўзида сотувга қўйилгани ҳақида ёзди.
Ҳашаматли ушбу виллалар 5.995 миллиондан 6.495 миллион долларгача бўлган нархларда тақдим этилган.
Ушбу учта обектнинг барчаси бизнесмен Тимур Тиллаев ва унинг ҳомий рафиқаси, марҳум президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеваларга тегишли бўлган.