Асосий мавзулар
15 май 2018

15 май – ўзбек тилшунос олими Алибек Рустамов таваллудига 87 йил тўлди

Тилшунос олим, академик Алибек Рустамий билан танишиш менга 1997 йилда насиб этган эди. Ўшанда Хўжанддаги божам, филолог домла Насрулло Сиддиқов қизини чиқарган ва тўйга таклиф этганди.

«Божа, сиз иккинчи қаватга чиқинг, сизнинг вазнингиздаги одамлар ўша ерда», деди Насрулло ака.

Юқорига чиқсам, Хўжанд давлат университетида мени ўқитган домлалар ва яна бир-икки нотаниш одамлар катта стол атрофида ўтиришарди. Ёши етмишлардан ошган, тошкентча дўппи кийган бир отахон билан суҳбат қизиган, ниманидир устида баҳс давом этарди.

Салом бериб, секингина бир четга ўтирдим-да, ёнимдаги тилшунос олим Мамадов домламиздан сўрадим: “Бу киши ким бўлади?”

«Бу киши мана шу ерда ўтирган барча домлаларингизнинг устози, академик Алибек Рустамов бўладилар», деди Мамадов домла.

Етмишинчи йиллар охирида Хўжанд дорилфунунида ўқиб юрган кезларимизда Рустамий домланинг тилга оид китобларини кўп ўқиганимиз, домлаларимизнинг бу шахс ҳақида гапирган илиқ сўзлари ёдимга келди.

Лекин жуда ҳам сипо кийинган, ҳар бир киши билан ўз ўғлидай муомала қиладиган бу академик олим билан ўшанда кўп гаплаша олмадим. Меҳмон кўп, домла шогирдларидан ортиб бизга тегмади.

Эртаси куни Рустамий домлани барча шогирдлари, яъни тилшунослик фани кандидатларию профессор домлаларимиз устларига тўн ёпиб, йўл-йўлакай хўжандча зиёфатлар қилиб, Бекободгача кузатиб қўйишди.

Шу билан домлани орадан олти йил ўтгандан сўнг, Тошкентда кўрдим. «Озодлик» радиосида “Тил ва дил” эшиттириши ташкил қилиб, Рустамий домладан эшиттиришда қатнашиб боришни таклиф қилдик.

Диктофонимни кўтариб, домланинг Тошкентдаги ҳовлисига бордим. Бу академикнинг ҳовлиси эмас, кўпроқ оддий ўқитувчининг ҳовлисига ўхшарди. 50 ёки 60-йилларда қурилган пастқам хоналар, оддий оҳак билан оқланган деворлар домланинг фақирона умргузаронлик қилишидан дарак берарди.

Бир пиёла чойдан сўнг домла “биздан нима хизмат”, дедилар. Мен ниятимни айтдим. Домланинг кўзлари ёришди, тўғриси, хурсанд бўлиб кетдилар:

«Тилимизда ўз ўрнида ишлатилмаётган сўзлар кўпайиб кетди. Келинг, рукнимизни бундай номлайлик: “Изоҳталаб сўзлар изоҳи” бўлсин», дедилар. Мен маъқулладим.

Шундан сўнг ҳар ҳафта эфирга кетадиган “Тил ва дил” эшиттиришида домла биз журналистлар ҳам ҳар куни қўллайдиган сўзларнинг асл маъноси бошқа эканлигини шарҳлай бошладилар.

“Мана, сизлар фалон давлатнинг президенти фалон давлатга ташриф буюрди, дейсизлар. Бу нотўғри. Четда ҳам қанча ўзбеклар бор, улар эшитса уят бўлади. Фалончи Ўзбекистонга ташриф буюрди деса, Ўзбекистонни ҳақорат қилгандай бўлади. Ташриф деган сўз шарафга эриштирмоқ дегани. Масалан, улуғ бир одам фақир бир одамни кўргани келса, шуни қадрлади деган маънода ташриф буюрди, деса бўлади. Бундай ҳолатда расмий зиёрат билан ёки расмий сафар билан келди дейиш керак”;

“Ҳозир бизда ҳоким дейишади. Бу ҳам нотўғри. Ҳоким дегани ҳукм юритувчи деган маънони англатади. Бизнинг тарихимизда адолатли, эл манфаатини кўзлаб иш қиладиган одамларга “шаҳриёр” деган сўз ишлатилган. Бу ҳозирги Ғарбдаги мэрга тўғри келади”.

Рустамий домла қарийб икки йил давомида эфирга кетган эшиттиришларда юзлаб сўзларнинг изоҳини шарҳлаб бердилар.

Домла бугун давлат тепасида ўтирганлар ўзбек тилининг ривожига умуман аҳамият бермаганидан койиниб гапирардилар.

«Озодлик»нинг Тошкентдаги бюроси ёпилганидан сўнг домла билан алоқа узилди. Домланинг уй телефони ҳам қатир-қутур қилиб жуда ёмон ишлагани сабабли тиниқ интервью қилишнинг имкони бўлмай қолди.

Мен эса она тили учун бунчалик куйинадиган одамни бошқа кўрмадим.

Садриддин Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 апрел 2018
Аврангзеб (тож безаги) дея тарихга кирган Абул Музаффар Муҳиддин Муҳаммад Оламгир (1618—1707) Ҳиндистонда Буюк мўғуллар империяси дея аталган давлатнинг ...
2 ноябр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com АҚШ давлат котиби Жон Керри ва Ислом Каримовга «ноқулай» савол берган журналистларнинг матбуот анжумани ўтаётган залдан ...
3 июл 2017
30 июн куни президент Шавкат Мирзиёев, «Камолот»ни тугатишга, унинг ўрнида комсомолга ўхшаш (Коммунистик Ёшлар Иттифоқи) каби ташкилот тузишга қарор ...
7 март 2018
Тошкент шаҳри судида 7 март куни бошланган биринчи суд йиғилиши Бобомурод Абдуллаевга терговда қўлланилган қийноқ аломатларини аниқлаш ва экспертиза ...
Блоглар
3 август 2018
Бир пайтлар нефтбазадан бензин, солярка олиб чиқиб сотар эдик. Яширинча олиб чиқар эдик, ишчиларига пул ...
2 август 2018
Муҳаммад Бекжоннинг «Алвидо, Жаслиқ!» китобидан навбатдаги қисм 1999 йилги Тошкент портлашларининг асосий гувоҳи Зайниддин Асқаров ...
1 август 2018
«Талқончи» нон ушатишда давом этади… Ўзбек маҳбуслари учун чақимчи камерадош билан яшаш қандай ёқимсиз… Собиқ ...