Асосий мавзулар
12 октябр 2017

Туркистон ойдинлари қатағони бошланганига 80 йил тўлди

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назирнинг «Элтуз»га билдиришича, Тошкент қатлгоҳларида 1938 йилнинг 4 октябридан 8 октябрига қадар, беш юздан зиёд Туркистон ойдинлари отилган. Унинг фикрича, ўзбек зеҳниятидаги бугунги тоқатсизлик аслида 37-йили бошланган Сталин даври қатағонлари асоратидир.

«Тошкентнинг Юнусобод мавзейидаги Оқтепа ҳудуди, ундан кейин Тошкент политехника институти Ҳарбий кафедраси олди ва бошқа бир қанча жойларида қатлгоҳлар бўлган ўша пайтда» дейди у «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, айни даврда Абдурауф Фитрат, Ғози Юнус, Ҳайринисо Мажидхонова, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Худойберган Девонов каби миллатнинг буюклари уйдирма айбловлар билан қамоққа олинган ва отишга ҳукм қилинган.

Бироқ, Анвар Назир Сталин қатағонлари хотираси ҳамон ҳукумат даражасида нишонланмаслигидан афсусланади.

«Биз ҳар йили 8 октябрни қатағон куни сифатида норасмий тарзда бўлса ҳам хотирлаймиз, айни шу куни Туркистон жадидларининг энг кўп нафари қатл қилинган», дейди Анвар Назир.

Мақсад – миллатнинг буюкларини йўқ қилиш

Халқнинг энг ёрқин вакилларини йўқ қилишга қаратилган Сталин даври қирғини, бутун собиқ совет иттифоқини қамраган, ўз ҳаёти учун қўрқув туйғуси зиёлиларни ўз ҳамкасблари устидан чақув ёзишга мажбур қилган эди.

Масалан Абдурауф Фитратга қўйилган айбловга сабаб, унинг Навоийни улуғлагани бўлса, Қодирийни русларга қарши гапиргани учун йўқ қилишган.

«Жиноий ишларга оид ҳужжатларда даҳшатли нарсаларни ўқиш мумкин. Масалан, биринчи болалар адиби Мунаввар қори Абдурашидхоновни лақаби «студент» бўлган кимсанинг чақувига асосан айблашган» дейди Анвар Назир.

Анвар Назир «Элтуз» мухбири билан суҳбатида, швед журналида босилган КГБ архивидан иқтибос келтириб, бугунги кунда улуғланувчи Ҳамид Олимжон ва унинг хотини Зулфиянинг ҳам чақувлар уюштиргани ҳақида билдиради.

«Сотқинлик, ҳиёнат ва туҳмат – қатағоннинг асосий мотори бўлган. Масалан Ҳамид Олимжон, «Чўлпон, Фитрат, Қодирий баччабоз. Менга тегажоғлик қилишган», қабилидаги ёмон ва кир нарсаларни ёзган. Шулар ҳам жиноий ишга киритилган» дейди у.

Бу чиркин тарихга баҳо бераркан, «босмачиларга қарши кураш» унча ҳам шонли бўлмагани, баъзан хотин эр, эр эса хотин устидан чақув ёзганини айтади.

Журналист Бобомурод Абдулла 27 сентябр куни МХХ ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган ва «Ҳокимиятни ағдаришга уриниш»да айбланмоқда

«Сталиннинг мақсади буюк авлодни йўқ қилиш эди, – у бу мақсадга эришди. Бунинг учун 20-йиллардан бошлаб НКВД зимдан шогирдларни устозларга қарши тайёрлай бошлаган эди», дейди у.

Бугунги давр билан параллел

Таҳлилчининг сўзларига кўра, яқинда қамалган, 27 сентябр куни МХХ ходимлари томонидан ўз уйидан ўғирлаб кетилган журналист Бобомурод Абдулланинг ёзган мақолалари учун бадном қилиниши, ёзувчи Нурулло Отахоновга ёзган китобидаги фикрлари учун жиноят иши қўзғатилиши совет қатағонларининг бугунги кундаги давомидир.

Анвар Назирнинг фикрича, ўша Сталин даври яратган репрессив иллатларни Ўзбекистонда ҳар қадамда кузатиш мумкин.

«Нафақат цензура ва эркин сўзнинг бўғилишида бу кўринади: пропискадан бошлайсиз, пахта мажбурий меҳнати, шахсий мулкнинг кафолатланмагани…» дея санаб кетади у бугунги ўзбек зеҳниятини маданий дунёдан узувчи иллатларни.

«Инсонга қулдек қараш, уни фикрдан маҳрум қилиш, эркин меҳнат ўрнига мажбурий меҳнатга тортиш – эътибор беринг шунга, – примитив мафкуралашган дунёқараш ҳалиям ҳукм сурмоқда», дейди таҳлилчи.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 январ 2016
Eltuz.com сайти, шу кунларда шов шуви Ўзбекистондан ташқарига чиқиб, дунё арманларини хам хавотирига сабаб бўлаётган “Жиззахлик фермер Арамаис Авакян ...
29 апрел 2016
«Ҳуррият» газетасида Халқаро ёшлар бирдамлик куни муносабати билан эълон қилинган мақолада бугунги кунда дунё ёшлари муаммолар гирдобига ботиб қолгани, ...
24 ноябр 2016
72 ёшли сиёсий маҳкум Самандар Қўқоновнинг яқинларидан бугун Eltuz.comга етиб келган хабарга кўра охирги суд ажрими бекор қилинган, унинг ...
27 май 2016
Жорий ҳафтада Асакадаги машина заводида яна 50 киши сўроққа тортилиб¸ шаҳарни тарк этмаслик борасида имзо чектирилди. Бундан олдин ўнлаб ...
Блоглар
16 ноябр 2017
Сал аввалроқ ўзбек матбуотида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги масъуллари Росссияга сафар қилиб, кўплаб учрашувлар ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа ...
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг ...