Document UZ
6 ноябр 2017

“Пахта-2017”нинг навбатдаги қурбони. Боғча тарбиячиси астма хуружидан далада вафот этди

Андижон шаҳридаги 3-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Илвира Пидаевна пахта йиғим-терими вақтида нафас қисишидан вафот этди.

Ҳамкасбларининг айтишича, Илвира мазкур боғчада қарийб 10 йилдан бери ишлаб келади. Маълумот беришларича, далада унинг касаллиги хуруж қилган ва тез тиббий ёрдам кўрсатиб улгурмасларидан ҳаётдан кўз юмган.

Пахта йиғим-терими муносабати билан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 10 октябрь куни вилоят аҳлига мурожаат билан чиқиб, республикада 15 октябрдан 15 ноябргача зарбдор ойлик эълон қилингани, шу муносабат билан вилоятнинг барча аҳолиси умумхалқ ҳашарига ҳисса қўшиши кераклигини таъкидлаганди.

-Ҳокимнинг вилоят телевидениесида қилган чиқишини ўзим кўргандим,- дейди фуқаролардан бири. – У пахта ҳақида жуда қаттиқ гапирганди. “Ёрдам сўраб келишни биласанлар, пахта умумий бойлигимиз, ҳиссангни қўшиб қўй. Ҳамма чиқади пахтага, қари бўлса ҳам чиқади, ярамаса чойни дамлаб бериб ўтиради», деганди. Шундан кейин пахтага жалб қилинмаган бирор соҳа, бирорта ходим қолмади.

Ҳукумат буйруғи билан 22 сентябрда даладан қайтарилган талабалар, халқ таълими ва тиббиёт ходимлари октябрь бошида яна пахтага олиб чиқила бошланганди.

Мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларига эса ҳар куни камида 30-40 нафар ота-онани ҳашарчи сифатида пахта теримига жалб қилиш топширилганди.

«Биз иложи борича ота-оналарни теримга чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо уларга ҳам қийин бўлиб кетди-да. Ишлайдиган ота-оналар иш жойидан, ишсизлар эса МФЙдан пахтага чиқяпти. Етарлича ҳашарчи ёлланмагани боис ишчи-ходимлар ўзимиз пахтага чиқаётгандик. Илвиранинг астмаси борлигини билардик, унга далада ишлаш мумкин эмас эди»,– дейди марҳума билан бирга ишлаган тарбиячилардан бири.

Маълумотларга қараганда, Илвира 3-мактабгача таълим муассасасига ишга киришдан олдин Андижон нашриёт матбаа корхонаси ҳамда “Андижанская правда” газеталарида фаолият кўрсатган. Унинг ўғли Россияга ишлагани кетган ва Илвира уйида ёлғиз яшаётганди.

Аёл 28 октябрь шанба куни дафн қилинган. Ҳамкасбларининг билдиришича, марҳуманинг яқинлари олисдалиги боис барча маросимларни 3-мактабгача таълим муассасаси ва нашриёт раҳбарияти ўтказмоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 декабр 2020
Манбалар “Элтуз”га Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев тошкентлик ишбилармонлар орасида “Шайтон” лақаби билан танилган, муқаддам фирибгарликда айбланган 45 ёшли ...
25 феврал 2021
Болалигимда мендан 5-6 ёш катта қўшни каптарвоз бола бўларди. Кўпинча каптарлари бизнинг ҳовлимизга учиб келиб қоларди. Ҳовлимизда у жой, ...
1 апрел 2019
Ўзбекистон Марказий банки мамлакатнинг ташқи қарзи ўтган йилдагига нисбатан 9,5 фоиз, яъни 1,5 миллиард долларга ўсиб, 17,3 миллиард долларга ...
7 март 2023
1) Сиз туғилганингизда ўғил бола туғилгани каби қувонишмайди. «Бола ўлдиришдан кўра камроқ тарқалган селектив абортлар билан улкан миқдорда қиз болалар ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...