Асосий мавзулар
26 июн 2019

Собиқ бош прокурорга 10 йил қамоқ жазоси берилди

Бугун, 2019 йил 26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Юнусобод тумани судининг биносида Ўзбекистон Республикасининг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди. 

Суднинг ҳукми билан 2000-2015 йилларда Ўзбекистон бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган Мирағлам Мирзаев, Ж.Файзиев, У.Суннатов, Р.Пўлатов, А.Мусашайхов, У.Хуррамов, Ю.Ғоипов, А.Мирзаев, М.Мирзаева, фуқаролар С.Қосимов, А.Икромов ва Х.Аҳмаджонов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28, 211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Прокурорлар устидан ярим йил давом этган жараён

Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (Жиноят-процессуал кодекс) нинг 19-моддаси, шунингдек, “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, икки юзга яқин гувоҳнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек, жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Р.Қодировга ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, У.Суннатов 19 йилга, А. Мирзаев 15 йилга, У.Хуррамов 14 йилга, Ж.Файзиев 13 йилга, Л. Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 

Қолган судланувчиларга ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Тошкент шаҳри прокурорининг собиқ ўринбосари Мирағлам Мирзаев

Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Р.Қодиров, М.Мирзаев, А.Мирзаев, Ж.Файзиев, У.Суннатов, Р.Пўлатов, У.Хуррамов, Ю.Ғоиповни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.

Судланганлар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди. 

Шунингдек, суд томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Республикаси бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.

Озодлик учун инсульт саҳнаси кўрсатилдими?

Суд залида иштирок этган маҳкумлар яқинларининг айтишича, жами 7 та маҳкум суд залидан озод қилинган. Айбланувчи, Тошкент шаҳри прокурорининг собиқ ўринбосари 68 яшар Мирағлам Мирзаев ва унинг хотини Муҳаббат Мирзаева саломатлиги ëмонлиги боис уйига қўйиб юборилган.

Судни кузатган шахснинг «Элтуз»га айтишича, «Антибиотик» лақабли собиқ прокурор Мирағлам Мирзаев  ўзини касалликка солиб олиб инсультга чалинган одам ролини ўйнаган ва суд залидан озод қилинган. 

Суд залидан озод қилинганларга 5 йилдан берилган. Ўта оғир жиноятлари учун судланган ва озод қилинганлар орасида Р.Пўлатов ҳам бор. Eltuz Ўзбекистон прокурорларининг жиноятларига оид жараёнларни кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 декабр 2023
Давлат Хавфсизлик Хизмати ходимлари Тошкент шаҳар ИИВ уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимларини ҳибсга олганлар. Элтуз инсайдерига кўра, 1 ...
26 июн 2023
Тўраев Абдусамад Абдулҳамидович 13.01.1959 йилда Учқўрғон туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, 4 нафар фарзанди бор, ёшга доир ...
14 сентябр 2018
«Ўзбекистон 24» каналининг кийиниш маданияти «танқид қилинган» 12 сентябр кунги «Халқаро Пресс клуб» кўрсатувида ТВ журналистларининг ўзлари этика қоидаларини ...
13 ноябр 2022
Асарлари миллионлаб долларга сотиладиган замонамизнинг энг таниқли тирик рассоми Бэнкси Украинанинг Россия варвар босқинчилари вайрон қилган Бородянка қишлоғига атай ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...