Document UZ
6 июн 2018

Ҳуқуқ фаоли Эшонқуловани Навоий вилоятида ушлаб сўроқ қилишди

Мажбурий меҳнат мониторинги бўйича 4 июнь куни Навоий вилоятларига борган журналист Малоҳат Эшонқулова участка нозири капитан Одил Қурбонов томонидан ушланиб сўроқ қилинди.

Фото: Ичимлик сув қудуқдан олинади

Фаолнинг «Элтуз» га билдиришича, Навоий вилояти Конимех туманида маҳаллий ҳокимиятнинг «Обод маҳалла» деб аталган «тадбири»ни кузатгани ҳуқуқ-тартибот ходимлари таъқибига сабаб бўлган.

Кучишлатар тизим ходимлари назорати остида ғазначилик, ўрмон хўжалиги, молия бошқармалари, электр тармоқлари корхонаси, тумангаз, «Маҳалла» фонди бўлими каби бюджет ташкилотлари қишлоқдаги уйларнинг пойдевори ва дарвозаларини бир хил қизғиш рангга бўяшга жалб қилинган эди.

Эътиборли томони, ҳуқуқ фаолига кўра, бу гал мажбурий меҳнат тадбирига ўқитувчи ва шифокорлар жалб этилмаган.

Фото: Ичимлик сув 3 километрдан ташиб олиб келинади

Эшонқулова тасодифан бориб қолган қишлоқда иш қизғин паллага кирган бўлиб, режага кўра, туман ҳокими, прокурори, милиция бошлиғи, солиқ назорати бошлиғи ва уларнинг ўринбосарлари бюджет ташкилотларини ўзаро бўлиб олишган эди.

«Уларнинг ҳар бирига 10-15 тадан хонадон бўлиб берилиб, юқорида айтганимдай, пойдевор ва дарвозаларни оҳак аралаш қизил сурик рангга бўяш, дарахтларни эса оҳаклаш топширилганди.

Бу оммавий тадбирга Конимех тумани прокурори ўринбосари Салимжон аканинг шахсан ўзи бош-қош бўлиб ўтирибди.

Дарвоқе, прокурорнинг ўзи ободонлаштириш билан машғул экан, туман ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳозир қаерда эканлигини бир тасаввур қилиб кўринг», дейди Эшонқулова.

Шунингдек, Эшонқулова қишлоқда ичимлик сув билан таъминлаш масаласини суриштирган. Унинг «Элтуз»га билдиришича, Осиё тараққиёт банки Қашқадарё ва Навоий вилоятларини ичимлик сув билан таъминлаш учун катта маблағ ажратган эди.

«Кўпчилик билмаслиги мумкин, Ўзбекистоннинг бешта вилояти ичимлик сув танқис деб эътироф этилган ҳудудлар рўйхатига киритилган бўлиб, Навоий вилояти шулар жумласидан. Конимех тумани маркази Навоий шаҳридан 25-30 км узоқликда жойлашган бўлишига қарамай, бу туман чекка қишлоқлари у ёқда турсин, ҳаттоки туман марказида ҳам ичимлик сув мавжуд эмас.

Фото; Эшонқулова айни суратларни олгани учун таъқиб қилинган

Бундан ташкари, кўп қаватли уйларда канализация ҳам йўқ. Балки туман раҳбарлари ичимлик сув бўлмагандан кейин канализацияга ҳам ҳожат бўлмаса керак, деган ҳулосага келган бўлиши эҳтимол», дейди Эшонқулова.

Унинг суриштиришича, аҳоли ҳар куни эрталаб ва кечқурун 2 км масофадан сув ташиб келади, бу аҳвол 4-5 йилдан бери давом этиб келади. Сув ҳам 1 ёки 2 соат давомида берилади.

Ҳуқуқ фаоли бўлаётган ишларни тасвирга тушириб, интервью олиш жараёнида бир фуқаро кийимидаги номаълум шахс зимдан кузатиб юрганини сезган.

Кейин бу шахс улар ўтирган машинага ўтириб, Малоҳатнинг кимлиги, қаердан келгани, бу ерда нима қилаётганини суриштира бошлаган.

Кейинчалик бу одамнинг туман ИИБ бошлиғи ўринбосари экани маълум бўлган.

Эшонқулованинг милиция томонидан таъқиб қилиниши деярли ҳар йили кузатилади.

Мисол учун, 2017 йилнинг 15 октябрида Самарқандда, 2016 йилги пахта мавсумида Бухорода, 2015 йилнинг октябрида эса Хоразмда маҳаллий милиция ходимлари мажбурий меҳнат фактлари тўпланган флешкани қидириб, Малоҳат Эшонқулова ва унинг ҳамкасби Елена Урлаевани таҳқирли тарзда ечинтириб, тинтув қилишганди.

Ҳозирда қўйиб юборилганини, ҳарқалай илгаригидек ечинтириб текширишлар бўлмаганини хабар қилган ҳуқуқ фаолининг кейинги тақдирини «Элтуз» нашри ўрганишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 январ 2016
Улуғбек Ашур Eltuz.com Бугун Жиззахда ИШИДга алоқадорликда айбланаётган армани миллати ва насроний динига мансублиги айтилаётган жиззахлик Арамаис Авакяннинг суди ...
6 август 2018
«Мен Одиловга: – Аҳмаджон ака, пулингизни олинг, менга диетик овқат шарт эмас. Зонанинг ошхонасига фақат нонимни олиб келиш учун ...
31 январ 2024
У 1. Шарқда машъал бўлган, кондинционердан тортиб ҳарбий учоққача ишлаб чиқариладиган юқори саноатли давлатни дунëга арзон ишчи кучи етказиб ...
20 январ 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Хоразм вилоятининг Шовот туманидан. Паррандачиликка ихтисослашган ферма эгаси ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...