Ўзбекистоннинг янги имижи. Унда Каримовга ўрин борми?
Агар сизга яқин бир неча ой ичида Ўзбекистонга бориш насиб этса, кўпроқ уч нарса ҳақида эшитишингизга тўғри келади.
Мулозимлар билан суҳбатларда ёки янгиликларни томоша қилиш чоғида сизга мамлакат сўнгги уч йил ичида қанчалик ўзгаргани ҳақида гапиришади.
22 декабрдаги парламент сайлови арафасида мамлакатда номзодлар ўртасида ҳақиқий телебаҳслар ўтказилгани, бундан уч йил аввал буни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин бўлганини билиб оласиз. Аммо сайловда мухолифат вакиллари бўлмагани ҳақида сизга айтилиши даргумон.
Улар уч йил ичида кескин цензура режими заифлашгани, анчагина эркин матбуот муҳити пайдо бўлгани ҳақида албатта гапиришади. (Бироқ айрим нашрлар, жумладан, “Озодлик” радиоси журналистларига аккредитация берилмаяпти ёки Тошкентда бюро очишларига изн йўқ, улар ҳамон цензурага дуч келишмоқда, сайтлари тўсиб қўйилган).
Аммо уч йил олдин нима бўлгани ва бу ўзгаришларни тезлаштиргани, яъни айнан 27 йил давлатни темир қўл билан бошқарган авторитар лидер Ислом Каримовнинг ўлими ҳақида эшитишингиз даргумон.
Лекин Тошкент мулозимлари одатий этикетлардан ташқарида (бу ҳақда очиқ айтилмайди), Каримов меросига яққол зид тарзда, мамлакатни ислоҳ қилишга жиддий саъй-ҳаракатлар бўлаётганини таъкидлашга интилишади.
Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби, ҳозирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари “Озодлик” радиосига берган интервьюсида анча очиқ гапирди.
“Албатта, ўша давр билан ҳозирги куннинг фарқи жуда катта,- деди Мирзиёевга яқин шахслардан бўлган Комил Алламжонов. Президент Мирзиёевнинг қизи Саида унинг ўринбосаридир. – Бироқ марҳумлар ҳақида ёмон сўзлаш менталитетимизга ётлиги, уларни ҳурмат қилганимиз учун биз бу ҳақда очиқ гапирмаймиз. Аммо бу биз уларни ўзаро таққосламаслигимизни англатмайди”.
“Унинг ўзига хос усули бор эди,- дея қўшимча қилди Алламжонов. – Унинг даврида кўплаб муаммолар тўпланиб қолди. Аслида жуда кўп. Шу боис, президентимиз Мирзиёев ушбу муаммоларни ҳал қилишига тўғри келади. Ва ҳозир уларни ҳал қилмоқда”.
Чорак аср давомида ҳокимият тепасида бўлган Каримов сиёсий ўзгача фикрликни йўқ қилиш учун ҳибсга олиш ва қийноқлардан фойдаланадиган тизимни яратди.
2005 йилда Каримовнинг хавфсизлик хизмати Андижондаги намойишларни шафқатсиз бостирди ва юзлаб одам ҳалок бўлди. Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнат тизими, шу жумладан, болаларни эксплуатация қилиш Ғарбнинг юзлаб компанияларини мамлакат экспортининг энг муҳим қисмларидан бири бўлган пахтани сотиб олишни тўхтатишга мажбур қилди.
Бугун Ўзбекистон чет эл сармоядорларини изламоқда ва Каримов ўлимидан сўнг Ғарб мулозимларини мамнун этган ислоҳот йўлини эълон қилди.
Февраль ойида Мирзиёев Алламжонов бошчилигидаги Ахборот ва оммавий коммуникациялаар агентлигини тузди.
Афтидан, саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётган кўринади.
Декабрь ойида “Economist” журнали Ўзбекистонни 12 ой ичида эришган ютуқлари учун “йил мамлакати” дея эълон қилди, СNN канали эса ўзининг ўрта аср меъморий ёдгорликлари билан танилган Ўзбекистонни 2020 йилдаги асосий сайёҳлик йўналиши сифатида эътироф этди.
Бироқ айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай эътирофларга ҳали эрта эканлигидан огоҳлантиришмоқда.
Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари жамғармаси директори Умида Ниёзова яқинда ўтган сайлов арафасида ёзган блогида ислоҳотларни ҳақиқий сиёсий мухолифатга тўсиқ қўйишда давом этаётган тузумнинг “декорацияси” дея атади.
Қийноқларга қарши курашиш тўғрисидаги қонунга қарамай, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шафқатсиз муносабатлар ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда, у ерларда ҳануз сақланаётган сиёсий маҳбуслар сони эса минглаб бўлиши мумкин.
“Эски одатлардан қутулиш оғир кечяпти, афтидан, хавфсизлик хизматлари ўзининг катта таъсирини сақлаб қолмоқда ва ҳокимият демократлашмаяпти”, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли ва Марказий Осиё бўйича эксперт Стив Свердлов.
Мирзиёев маъмуриятида ишлаётганларнинг кўпчилиги, жумладан, президентнинг ўзи ҳам Каримов даврида узоқ йиллар давомида катта мартабаларни эгаллашган. Президент сиёсатини қўллаб-қувватлаётган сиёсий партиялар ҳам бир пайтлар Ислом Каримовни қўллаган.
2015 йилда президентликка номзод бўлган “Адолат” партияси раҳбари Наримон Умаров аслида Каримовнинг номзодини билвосита қўллаб-қувватлаган, Каримовни танқид қилишдан бош тортган, бироқ мамлакатда “кўп муаммо” йиғилиб қолганини айтган эди.
Мирзиёев ўзига таҳдид солиши мумкин дея ҳисоблаган собиқ маъмуриятнинг айрим аъзоларини ҳокимиятдан четлаштирди, баъзилари оқланди, баъзилари эса жазоланди. У катта қудратга эга Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи Рустам Иноятовни лавозимидан озод қилди, аммо уни ўзининг маслаҳатчиси сифатида қолдирди.
Мирзиёев Миллий гвардияни тузди. Ушбу тузилма фаолияти янги маъмурият ижтимоий норозиликка муносабат билдиришда Каримов қўллаган усуллардан қанчалик йироқлашгани ёки яқинлигини кўрсатадиган ҳақиқий синов бўлиши мумкин.
Декабрь бошида табиий газ ва электр энергиясининг жиддий танқислиги Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида айрим норозилик чиқишларига сабаб бўлди. Тошкент кескин чораларга бормади ва маҳаллий амалдорларни айблади. Бироқ ҳокимият коммунал хизмат нархлари тобора ошиб бораётгани юзасидан, айниқса, ишчиларнинг норозилик аломатларини бостирмоқда.
Тошкент ва Самарқандда яшовчи айрим оддий одамлар “Озодлик” радиосига берган изоҳларида Каримов даврини соғинишаётгани, чунки сўнгги уч йил ичида нархлар жиддий ошгани, аммо иш ҳақи даражаси ўзгармаганлигини таъкидлашди.
“Муаммо шундаки, ушбу ислоҳотлар ҳали синовдан ўтмаган”, дейди Вашингтондаги Карнеги марказининг Россия ва Евросиё тадқиқотлари дастури катта илмий ходими Пол Стронский.
Унинг таъкидлашича, Мирзиёев тизими ва Каримов режими ўртасидаги ҳақиқий тафовут кўрсаткичи кенг кўламли норозиликлар ёки террорчилик ҳужумларига кўрсатиладиган муносабат бўлиши мумкин. “Ҳукуматнинг тезкор жавоб беришига сабаб бўладиган [нимадир юз бериши] керак. Шундагина улар эски ёки янги усулларга таянадими-йўқми, кўриш мумкин бўлади”.
Гленн Кейц
“Элтуз” таржимаси.
Манба: “Озод Европа – Озодлик радиоси”