Асосий мавзулар
26 ноябр 2018

Ҳуқуқ фаоли Эшонқулованинг ХМТ мажлисидаги нутқи

Ҳақиқатдан ҳам, “Яхшига қилсанг яхшилик ҳам айтадур, ҳам қайтадур ,- дейди, “ёмонга қилсанг яхшилик, на айтадур, на қайтадур” дейишади. Шу халқимизнинг ўткир мақоли билан бошламоқчи эдим. Бизнинг ютуғимиз бизники. Бор нарсани эътироф этишга мажбурмиз. Бундан кўз юммоқчи эмасмиз. Муҳтарам Президентимиз мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва бартараф қилиш масаласида имкон қадар саъй-ҳаракат қилаяпти. Буни ҳеч ким инкор этмоқчи эмас. Аммо мамлакат раҳбари жон куйдириб турган айни бир пайтда нима учун вазият аксига қараб авж олиб
кетаётганлиги бизни ташвишга солади.

Биласизми, мен ҳозир нимагадир раҳматли Васила Иноятовани эсладим. Мана шу Европа Иттифоқи биносида чет элликлар билан учрашув бўлганида ўша даврада ҳам МОТнинг йиллик ҳисоботига оид мавзу кўтарилганди. Шунда Васила Иноятова, мен-ку русча гапира олмайман, бироқ Васила опа чиройлик қилиб рус тилида шундай дегандилар раҳматли: “Мен чет элдаги халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонга кириб келишини, ҳамкорлик қилишини, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг ҳимоясига ҳисса қўшишларини хоҳлайман ва қўллайман. Лекин мени ташвишга соладиган нарса шуки, нимагадир чет элдан келган халқаро ташкилотлар келиб иш бошлагач, фақатгина номи чет элча бўлади-ю, уларнинг иш услублари кейинчалик ўзбекона бўлиб қолади?” дегандилар-да. Бу гапнинг тагида қандай маъно борлигини биласиз. Чет элликларнинг иш услуби бизнинг раҳбариятимизнинг иш услубидан қолип олади.

Бизнинг раҳбариятимиз уларга тақлид қилмайди, аксинча улар бизнинг қолипимизга туша бошлайди. Ана шу нарса мени ҳам ташвишга солади.

Мана шу маънода нима демоқчиман: Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда тан олинаяпти, буни фақат олқишлаймиз. Лекин ҳеч қачон сабабсиз оқибат бўлмайди. Ҳамма нарсани, оқибатни сабаб келтириб чиқаради. Биз ҳозир оқибатни тан олишимиз билан ғурурланиб кўксимизга уришимиз керак эмас, ўша оқибатни қайси сабаб вужудга келтираётганлиги ҳақида ғам чекишимиз керак, деб ўйлайман.

Нима учун Ўзбекистонда мажбурий меҳнат бартараф этилиш ўрнига авж олиб бораяпти, деган саволга бунда маълум маънода Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳам ҳиссаси бор, деган бир оғир айблов қўйишни истардим. Ҳукумат-ку, ўзимизники. Ютуқ ҳам бизники. Талашамиз, тортишамиз, уришамиз, ярашамиз, ўзимиз муаммомизни ҳал қилиб олаверамиз. Лекин тўрт-беш йиллардан буён Халқаро меҳнат ташкилоти – ўз номи билан ўша МОТ ташкилоти Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни баён этиш ўрнига нимагадир бизнинг қуйи табақадаги раҳбарларимизнинг даражасига тушиб, уларни хаспўшлашга, уларнинг айбини ёпишга, ҳақиқатдан кўз юмишга уринишмоқдаки, мен ўшанда жаноб МОТ ташкилоти раҳбарининг шундоқ юзига тик айтганман:

“Сизнинг ёлғон гапингиз бизнинг ўзбек халқи учун, бизнинг мана шу мониторинг олиб бораётган, ҳаётини хавфга қўяётган халқ учун ҳақоратдан бошқа нарса эмас. Сизнинг ўзбек халқини ҳақорат қилишга ҳаққингиз йўқ!” деганман.

“Агарда сиз ўз вазифангизни эплай олмасангиз, марҳамат, Ўзбекистонни бўшатиб қўйинг, муаммомизни ўзимизга қўйиб беринг, биз ўз муаммомиз билан ўзимиз қолишга одатланиб қолганмиз”, деганман… Бизга фақат ёлғон керак эмас.

Агарда МОТ ўзининг вазифасини сидқидилдан бажарганида эди, сохта ҳисоботларга берилмаганида эди, бугун ҳолат мана шу даражага келмаган бўларди. Улар Президентимизнинг ёнларида
туриб Президентимиз олиб бораётган сиёсатга, ташаббусга камарбаста бўлишлари керак эмасмиди?!

Мен бир нарсага жудаям ҳайрон қолдим: Шу йил ёзда, мен ўша МОТ келгандан бери бир нарса дейман-да уларга, “Ўртоқлар», – дейман, “Сиз токи ўзбек менталитетини билмас экансиз, юзингиз бизнинг қиёфага тўғри келмас экан, тил билмас экансиз, сизга ҳақиқат керакми, мажбурий меҳнат борасида, ҳақиқат томон бир қадам ҳам ташлай олмайсиз, токи сиз биз билан, маҳаллий фуқаролик жамияти вакиллари, маҳаллий ҳуқуқбонлар билан мониторинг ўтказмас экансиз. Маҳаллий ҳуқуқбонлар билан мониторинг ўтказинг, агарда сизга мажбурий меҳнат борасидаги ҳақиқат керак бўлса”, деб минг марта мана шунингдек йиғилишларда ўзларига айтганман. Ва бу йил ёз ойларида семинар бўлди, 5 кунлик, худди мана шу ерда, демак, ўша жаҳон стандардлари асосида мониторинг ўтказишнинг сир-асрорларини ўрганган киши бўлдик. Яхши. Ўзбекистон шароитида мажбурий меҳнат борасида мониторинг олиб бориш нима эканлигини мен ўзим яхши биламан, мана шу аёл (Елена Урлаевани кўрсатади) яхши билади. Боримиздан айрилган одаммиз. Мониторинг ўтказиш учун биргина тажриба керак эмас. Бунинг учун журъат керак, жасорат керак, оз бўлса-да, ёлғон гапирмаслик учун иймон керак одамга, бошқа ҳеч нарса керак эмас. Тилни биласизми, мажбурий меҳнат борасида мониторинг олиб боришингиз мумкин бўлади. Хўп, яхши. Мен доим “Биз билан биргаликда мониторинг ўтказинг”, дердим МОТга.

Нимага? Чунки бизни олиб бориб тиқиб  қўйишларидан зада бўлиб қолгандим. Мана, ҳозир бу ерда айтилдики, бу йил ҳеч қандай босим бўлмаган деб…. Мен шу телефонимни, мана, мониторинг жараёнида ИИБ ушлаб, синдиришган, мана ўша телефоним, мен уни тузатмадим, эсдаликка олиб қўйганман. Нимага? Мен отамнинг чорвоғидаги ишини қилиш учун бормадим у ерга.

Мен Халқаро меҳнат ташкилотининг мана бу кепкалари билан Меҳнат вазирлигининг мана бу флаерларини (кўрсатади) тарқатиш учун борганимда, телефонимни уриб синдириш даражасига бориб етишди. Бу нимадан далолат беради? Хўп, майли, худди ўша мониторингни… биз энди ич-ичимиздан хурсандмиз энди… Елена Урлаева, мана, неччи йиллардан бери бирга ҳамкорлик қиламиз, мониторинг ўтказамиз. Ўктам бор бу ерда. Мана бу оғамиз бор бу ерда – (Ҳайитбой оғани кўрсатади), Қорақалпоғистондан яна бир мониторинг олиб борувчи акамиз борлар. Бу йил ниҳоят орзуимизга етишибмиз-да бизлар, ва ниҳоят бу йил МОТ билан ўша қора машиналарида бориб мониторинг қиларканмизда деб турсак, сиз ва биз кутмаган бир ҳолат содир бўлди.

Бу фақат Ўзбекистон раҳбариятининг иш услубида бўлиши мумкин бўлган ҳолат. Чет элда қандай, билмадим. Шундоқ йиғилиш тугаганидан кейин энди бизларга планшетлар тарқатаркан-да, биз учрашув кунини белгилаб, келишарканмиз-да мониторининг ўтказишга борарканмиз-да МОТ билан десак, мана, Оксана айтсин, сайлаш йўқ, овозга қўйиш йўқ, кимда тажриба бор, ундай нарсаларни сўраш йўқ, унақаларни суриштириш йўқ, бирданига “Эшмат, сен годен, сен не годен, Тошмат сен годен, сен не годен” деб… бештамиди… МОТ билан мониторинг қилувчи шахслар шу усулда танлаб олинди. МОТ мажбурий меҳнат борасида мониторинг ўтказишнинг кўчасидан 10 чақирим олисда юрган одамларни, тасодифий шахсларни, мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказишда мутлақо тажрибаси бўлмаган шахсларни танлаб олди-да, “Елена Михайловна, Ўктам, раҳмат сизларга, бораверишларингиз мумкин, керакли вақтда ўзимиз чақиртирамиз, кетаверинг”, деб жавоб бериб юборди.

Э, тушунмадим?! Мени битта савол қизиқтиради, жаноб, нима сабабдан МОТ ташкилоти тажрибали мониторинг ўтказувчи маҳаллий ҳуқуқбонлар қолиб, мажбурий меҳнат борасида мониторинг ўтказиш борасида мутлақо тажрибаси бўлмаган шахсларни танлаб олди? Нима учун керак бўлиб қолди МОТга мониторинг ўтказишда мутлақо тажрибаси бўлмаган ҳуқуқбонлар, фуқаролик жамиятининг вакиллари?

Мана шу саволга ўзим, рухсат берсангиз, шафқатсиз бир жавоб берсам дегандим. Энди бу менинг шахсий фикрим. Кечирим сўрайман. Ҳар йили МОТ ташкилоти чет эл доирасида ҳам, маҳаллий ҳуқуқбонлар доирасида ҳам сохта ҳисоботлари учун калтакка учраб келган. Ўртоқлар, энди МОТга мажбурий меҳнат борасида мониторинг олиб борувчи тажрибасиз фуқаролик жамияти вакиллари шунинг учун керак эдики, танқид калтаклари битта ўзларининг бошларида синмаслиги учун. “Кечириб қўясиз. Бизнинг бир ўзимиз мониторинг ўтказмадик. Биз маҳалилий фуқаролик жамияти вакиллари билан биргаликда мониторинг олиб борганмиз. Бу ҳисоботдаги хулоса биргина бизнинг, МОТнинг эмас, маҳаллий ҳуқуқбонларнинг ҳам фикри. Мана, бизнинг ортимиздан ҳисоботга имзо қўйганлар! Мана булар!” дейишлари учун керак эди!

Калтак кимни… Яна ўша бизнинг тажрибасиз фуқаролик жамияти вакилларининг бошида синиши учун ва уларни ҳар қандай танқидларга гирифтор қилишлари учун! Ўша танлаб олинган одамларга ачинаман мен. Уларда жасорат бўлишига шубҳам бор. Жасорат бўлиши учун одамда йўқотадиган нарсанинг ўзи бўлмаслиги керак. Сизда йўқотадиган нарса борми, сизда кичиккина бўлсаям такси фермангиз борми, демак сиз бу ишни қилолмайсиз, сидқидилдан мониторинг олиб бора олмайсиз, лецинзиянгиздан ажралиб қоласиз, иймонингизни ютманг. Биз ўзимизни алдамайлик. Хориждан келган меҳмонлар, мен олдин ҳам айтганман, келаверади, кетаверади, бу Ватан бизники, муаммо бизники, ютуқ бизники, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам ўзимизники. Фақат битта нарсани
истайман: билиб қўйинг, бизга ХОНлик қиладиган хорижий ҳамкорлар керак эмас, “Сен годен, сен не годен” дея буйруқ берадиган! Биласизми, биз демократик давлат сари отланаяпмизми, бизга ҳақиқий тенг ҳуқуқли ҳорижий ҳамкорлар керак. Шуни айтмоқчи эдим, холос…

Малоҳат Эшонқулова,
мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли

Тағин ўқинг
10 декабр 2021
Азизлар, мана, яна сиз билан юзма-юзман. Сизларнинг юзингизда тоғлар қадар салобат ва чўққилардаги қор каби тозалик кўраман. Сизлар менинг қанотларимсиз. ...
31 август 2020
Россия империясининг Ўрта Осиёни босиб олишида Бухоро амирлигининг роли катта бўлганини ҳеч ким инкор қила олмаса керак. Учта хонликдан ...
21 август 2017
Маркази Берлинда жойлашган Ўзбекистон-Германия Форуми (UGF) 21 август куни Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши янги анимацион роликни тақдим этди. Анимация ...
9 феврал 2016
9 феврал куни Швецияда таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасдда уринишда айбланган Юрий Жуковскийга чиқарилган ҳукмга нисбатан аппеляция маҳкамаси ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...