Cатира
3 феврал 2020

Ҳокимтўра, янги тўнингиз қуллуқ бўлсин!

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда узоқ йиллар жонбозлик кўрсатиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Халқ таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан мукофотланди. 

Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган бу янги “тўн”ни шахсан вазирнинг ўринбосари ҳокимнинг “елкасига ёпди”. 

Ш.Абдураҳмоновга бу кўкрак нишони 2019 йилда вилоятда “мактабларнинг моддий-техника базасини яхшилашга қўшган ҳиссаси учун” берилди. 

Аввало, айтиш керакки, ҳоким мактабларни ўз ҳисобидан жиҳозлагани йўқ. Барча ишлар давлатнинг пулига қилинган. 

Қолаверса, вилоят ҳокимининг халқ таълими соҳасига муносабати борасида ҳар доим ҳам илиқ гапларни эшитмаганмиз. 

Масалан, 2017 йилда бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига мажбурий чиқаришни жиноят деган Андижон вилояти ҳокими ўқитувчи ва тиббиёт ҳамшираларини яна далага ҳайдаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Бунга жавобан ҳокимнинг матбуот хизмати улар ихтиёрий равишда, виждон амри билан пахтага чиқаётгани ҳақида сафсата сотганди. 

2018 йилда эса Шуҳратбек Абдураҳмонов “маънавият ҳашари” уюштириб, бюджет ташкилотлари, жумладан, ўқитувчиларнинг ҳам бир кунлик иш ҳақини ҳокимликнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказиш тўғрисидаги фармойиши билан тилга тушганди.  

2019 йилда вилоятда ўқитувчилар ва ўқувчилар нафақат мажбурий меҳнатга мажбур қилингани, балки улар футболга чипта олишга ҳам мажбурланаётгани шов-шув бўлганди. 

Шу ўринда “қўйларга қоровулликка тайинланган бўрилар”ни рағбатлантириш худди бугунги давлат сиёсатининг бир қисмига айланаётгандек таассурот уйғонади. 

2019 йил Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев учун анча оғир келганди. Унинг орқа-олдига қарамай қўл остидагиларни сўкаётгани ёзилган аудиолар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек тарқаб, обрўсига анча соя солиб қолганди. 

Ҳатто бу оғзи шалоқлиги масаласи Сенатда кўрилиш даражасигача бориб етганди. 

Аммо шунча қилмишларига қарамай, ўтган йили давлат раҳбари уни “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлаб, барчани ажаблантирган эди. 

Агар давлат сиёсати шу бўлса, унда бир ўринли таклиф бор.

Келинг, президентдан мақтов олиш учун метрони пала-партиш қуриб, ҳатто қурувчилар ўлимига “ҳиcса қўшаётган” Очилбой Раматовга “Метроқурувчилар ғамхўри”, амалдорларни ариқ сувига тушириб қўйгани билан танилган, кейинчалик Қашқадарё вилояти ҳокими мартабаси билан сийланган Зоир Мирзаевга “Резина этик сотувчилар кўмакдоши”, минглаб меҳнат мигрантларнинг алданишига йўл очаётган меҳнат ва бандлик вазири Нозим Ҳусановга “Хусусий миграция агентликлари ҳомийси“ кўкрак нишонларини берайлик. 

Рағбатнинг бу каби кўриниши амалдорларни “халққа янада яқинлаштирармиди?!”

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 октябр 2021
22 октябрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани фуқаролик ишлари судида шоир Йўлчи Рўзиевнинг даъво аризасига биноан бўлиб ўтган ...
21 ноябр 2017
Ўзбекистон БМТнинг Қримга нисбатан Россия сиёсатини қораловчи резолюцияси лойиҳасига қарши овоз берди. Ушбу ҳужжатни 75 давлат қўллаб-қувватлади, 25 давлат ...
13 декабр 2021
Тармоқда маҳаллий ҳокимнинг буғдой режасини бажармаган ҳудуд раҳбарларини сўкаëтгани ёзилган аудиоси тарқалди. «Элтуз» бу аудиодаги сўконғич мулозим Хоразм вилояти ...
17 март 2017
Март ойи бошидан қора бозордаги доллар нархининг 7500-7700 сўмгача кўтарилишини ўзбекистонликлар ваҳима билан кузатишди. Сўмнинг чўкиш сабабини айримлар, 10 ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...