Асосий мавзулар
10 декабр 2018

Фермерларнинг ташвишига чалинаётган қарсаклар

Ўзбек матбуоти чоп этаётган мақолаларга ишонилса, энди ҳамма ғалласини давлатга топширишга мажбур бўладиган деҳқоннинг бошига “бахт қуши” қўнган. Маҳаллий нашрлар, жумладан, kun.uz  ва uza.uz  ҳукуматнинг ғалла нархига оид навбатдаги қарорини мадҳ этишга қаратилган кампанияни бошлади. 

Эсингизда бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг бош вазир имзолаган “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, “ғалладан 40 центнердан кам ҳосил олиш ерга нисбатан хиёнат экани” очиқланган.

Мустақил матбуотда фермерларнинг мазкур қарордан норозилиги билдирилган мақолалар чоп этилди. Хусусан, “Озодлик” радиоси Тошкент вилоятилик фермерларда бу қарордан кейин ерни топшириш кайфияти кучайганини маълум қилганди.

Сирдарёлик фермерлардан бири ҳам “Элтуз” билан суҳбатда ғалланинг ҳаммасини давлатга топшириш ўзининг аҳволини оғирлаштиришга олиб келишини таъкидлади.

“Мен ғалла экиб, давлатга 22 центнердан топширардим. Бу йил мажбурият ҳам юклашди, ўзимга камроқ ғалла қолди. Энди шу ҳам йўқ бўладиганга ўхшаб турибди. Мен ўзимда қолган ғалла ҳисобидан ишчиларимни боқаман. Пахтанинг харажатларини кўтараман. Энди кейинги йилни ўйлаб бошим қотган”, деди фермер.

Унинг сўзларига кўра, ишчилари билан, асосан, ғалла билан ҳисоб-китоб қилади. Чунки ойлик тўлашга ҳамма фермернинг ҳам қурби етмайди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар, ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш, механизация хизматлари кўрсатиш бозор нархларида амалга оширилади. Лекин деҳқон етиштирган маҳсулотлар давлат белгилаган нархда сотиб олинади. Натижада фермерларнинг аксарияти даромад кўриш ўрнига зарар билан йилни якунлайди.

Мамлакатдаги фермер хўжаликларининг аксарияти турли ташкилотлардан қарздор бўлиб қолган. Ҳукумат эса бу қарздорликларни зўрлаш йўли билан қоплашга уриниб келади.

Шу пайтгача фермер ихтиёрида қоладиган ғалладан олинадиган даромад унинг зарарларини қоплаш ёки камайтиришнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланиб келинарди. Энди ҳукумат ғалланинг барчасини ўзига олишни хоҳламоқда.

“Давлат бизга ёқилғини арзон нархда берсин, ўғитни арзон берсин. Ўшанда биздан ғаллани арзон олса ярашади. Акс ҳолда бу ўтакетган ғирромлик-ку”, дейди сирдарёлик фермер “Элтуз” билан суҳбатда.

Мана шу норозиликлар фонида маҳаллий нашрлар ҳукумат қарорини оқлашга уриниш ҳаракатларини бошлади.

Хусусан, ЎзА жиззахлик Ўзбекистон Қаҳрамони, “Анвар-А” фермер хўжалиги раҳбари Анорбой Эшматов билан суҳбатни эълон қилди.

Қаҳрамон фермер гапни “хорижий нашрлар ҳамон бизнинг орамизга нифоқ солиш истагидан воз кечгани йўқ”, деб бошлаб, уларни “Ўзбекистон ҳукумати фермерларнинг охирги нонини, буғдойни тортиб олмоқчи эмиш”, деб “иғво тарқатаётганликда” айблайди.

“Унда (қарорда) 60 центнердан ошиқ ҳосил олганларга ортиқча ҳар килограмм учун қўшимча бир ярим минг сўм тўланади, дейилмоқда. Мисол учун, 100 тонна ғалла олсам, унинг 60 центнеригача бўлганига 1200 сўм, ундан ортиғи учун 1500 сўм оламан”, дейди фермер.

Кўпгина фермерлар бозорда килоси 2000-2500 турадиган буғдойни нега давлатга 1200, нари борса 1500 сўмдан сотишим керак, деб норозилик билдираётган бир пайтда давлат буғдойини арзонга топширишини талаб қилаётган қаҳрамон фермерни қандай тушуниш мумкин?!

Балки бу саволга жавобни унинг Ўзбекистон Қаҳрамони унвонидан қидириш керакдир? Ҳукумат қарорини олқишлаётган бошқа фермерларнинг тушови қаттиқроқ олингани балки бу саволга жавоб топиб берар?

Нима бўлганда ҳам уларнинг ҳукумат қарорини олқишлашлари бу қарордан норози ҳамкасбларининг дардига малҳам бўла олмаслиги тайин.

Маҳаллий нашрларда юқорининг топшириғи билан бошланган олқишлаш кампанияси тўғрисида ҳам шу гапни айтиш мумкин.

Дарвоқе, аввалроқ коммунал хизматлар нарши ошиши арафасида ҳам ҳукумат ўзига мақбул ижтимоий фикрни шакллантириш учун “нарх ошишини замон талаб қиляпти” қабилида шундай кампания уюштирган эди.

Лекин газ, совуқ ва иссиқ сув, чиқинди нархларининг ошишини оқлашга қаратилган бу кампания аҳолининг ички норозилигини пасайтиришига катта хизмат қилганига шубҳа бор.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
25 сентябр 2017
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тўхтатиш қарори тўлиқ ишламаётгани ҳақида «Элтуз» нашрига хабарлар келмоқда. Талабалар пахтадан қайтарилиши ортидан, терим юки қишлоқ ...
30 декабр 2016
Айни кунларда «мустақил газета» деган баландпарвоз мақом билан чоп этиладиган «Ҳуррият» нашрининг илк сони чиққанига 20 йил тўлаётир. Шу ...
13 апрел 2022
Украина можароси ҳақида ўқийвериб, бир қизиқ воқеа эсимга келди. Анча йиллар олдин бир тилшунослар форумида украин тилидаги бир йўл ...
18 декабр 2020
Бундан роппа-роса 100 йил олдин большевиклар қўмондони Михаил Фрунзе аввал Бухорони, кейин унинг шотирлари Хивани тўплардан ўққа тутиб, икки ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...