Асосий мавзулар
14 август 2024

Сарсон бўлган тужжор, шифохона ва домлалар учун махсус костюм… – ЭП173

Элтуз Порталига келган навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларидан. Дастлабки мактуб Андижонлик Ҳаётулла  Бойбоевдан. У бозорда тужжорлик қилишига изн бермаётган маҳаллий ҳокимлардан норозилини президентга етказишимизни сўрамоқда.

“Ассалому Алейкум,

Ҳалқ ичида юрган, ҳалқнинг дарди, қувончу-ташвишини, безовталик ва саросимасини кўриб келаётган инсон сифатида сизга бу гапларимни айтмасам, портлаб кетаман!

Менинг айбим тадбиркорликни кенгайтириб, арзонлаштирилган озиқ овқат махсулотлар сотиш холос. 4 метр навес қилиш учун жой сўрасам, Андижон шаҳар ҳокимидан руҳсат олиш керак дейишаяпти. Андижон вилояти ҳокими руҳсат берса, жой ажратиб бериларкан.

Жой олиш мақсадида аризалар ёздим, ҳеч ким ёрдам беришни ҳохламаяпти? Андижон вилояти халқ қабулхонасига бордим. Рахбари билан гаплашдим. Андижон шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари билан бозорда учрашдик. Жойни кўрсатишим билан бу жойга руҳсат йўқ деб айтаяпти. Нима учун руҳсат йўқ десам, Вазирлар маҳкамасидан алоҳида қонун чиқариб келсангиз, кейин қилишимиз мумкин деяпти. Мен ҳоким муовинига вилоят ҳокимидан сўрасамчи, десам. Руҳсат берса ҳозир қилишимиз мумкин деяпти. Кейин мен унга вилоят ҳокимининг қарори қонундан устунми, вазирлар маҳкамасидан қонун чиқариб келинг деяпсиз, десам жим бўлиб қолди. Шунақа саводсиз одам ҳокимнинг муовини бўлиши мумкинми?  

Ўз ўзидан савол туғилади, Андижон шаҳар деҳқон бозорида “Халқим учун беминнат”, “Андус Наслдор”, “Фаровон юрт”, “Робия Парранда” каби бешта масъулияти чекланган жамият мавжуд. Уларнинг ҳар бири Вазирлар Маҳкамасига бориб алоҳида махсус қонун, фармонлар чиқариб фаолият юргизишаётган экан. Мен 4 метр навес учун жой сўрасам, бор қонун чиқариб кел дейишаяпти. Тошкентдан махсус текшириш учун ходимларингизни Андижонга жўнатинг. Андижон Эски шаҳар бозорида 5 та тадбиркорнинг қайси бири алоҳида қонун ва фармон билан жой олган, деб сўрасам, уларнинг ўзлари рухсат берган экан.

Нима қилиш керак? Ўзбекистондан чиқиб кетишимиз керакми? Мен 2015 йилда Андижондаги дўконларим бузилиши ортидан чет элга ишлагани кетишга мажбур бўлганман. Чет элдан юртимга қайтиб келсам, ҳеч нарса ўзгармаганга ўхшайди.  Нима учун Андижонда қонунлар ишламайди? Мени ўлдиришга ҳам таҳдид бўлаяпти. Бу ҳолатни ИИБга айтсам, улар ҳам жим. Таниш билиши йўқларга Андижонда жой йўқми? Сиздан илтимос Андижонда қонунлар ишлашини, қонунни бузган мансабдорлар устидан чора кўрилишини илтимос қиламан, дея ёзади Ҳаётулла Бойбоев.

Кейинги мактуб Хоразм вилоятидан. Шифохонами ё кабобхона? Иссиқда деразани ҳам оча олмаяпмиз, дея ёзмоқда Боғот туманидаги марказий касалхона беморлари.

“Хоразм вилояти Боғот туманидаги марказий шифохонада даволаняпмиз. Шифохона атрофида ноқонуний кабобхоналар бор экан. Нохуш ҳид сабаб деразаларни ҳам оча олмаяпмиз. Тутун чиқариб, беморларга азият етказишяпти. Ҳолатни экология, санитария идоралари назоратга олса яхши бўларди”.

Навбатдаги мурожаат Фарғона давлат университети ўқитувчиларидан. Улар  ректор айтган дўкондан костюм сотиб олишлари керак экан.

“Фарғона давлат университети ўқитувчиларига мажбурий костюм сотиб олиш талаби қўйилди. 600 минг сўмлик костюмни айнан ректор айтган магазиндан харид қилишимиз керак экан. Ўқитувчилар бир хил формада бўлмаса, “таълим сифати тушиб кетади” экан. Айтишларича, ўқитувчилар бир хил кийинса, тез муддатда Америкадан хам ўтиб кетар эканмиз. Шу хабарни америкаликларга етказиб қўйинглар, харакатларини қилишсин, бўлмаса биздан ортда қолишади. Ҳазил ўз йўлига, бироқ ректорнинг бу талаби қонунийми?” дея сўрашмоқда фарғоналик университет домлалари.

Навбатдаги шикоят “Имкон савдо” тармоғи ишчисидан: У 18 ойдан буён ойлик олимасдан ишлаганини айтмоқда.

“Имкон савдо”да ишлаётганимга ҳам 2 йил бўлди. Ишга киришимизда тузилган меҳнат шартномамизга асосан иш ҳақимиз ҳар 12 ойда 1 маротаба оширилиши керак эди. Лекин 18 ойдан буён бу амалга оширилмади. Маошимизни оширишларини талаб қилсак, “бўшашга ариза бериб кетавер” деб қўрқитишмоқда. Ҳозирда “Имкон савдо”нинг республика бўйича 40 дан ортиқ филиали ва 2000 дан ортиқ ишчиси бор. Меҳнат шартномасини бузганлик учун чора борми? Компания раҳбарияти ойлигимизни ошириб берса яхши бўларди” дея ёзмоқда филиал ишчиси.

Ва сўнгги мактуб Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидан. Шерқўрғон маҳалласига 6 ойдан буён суюлтирилган газ баллон келтирилмаяпти.

“Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Шерқўрғон-Бирлашган МФЙ фуқаролари номидан мурожаат қиляпман. Салкам 6 ойдан буён маҳалламизга суюлтирилган газ баллон келмайди. Бу бўйича бир ойдан буён мурожаат қиламан, лекин натижа йўқ. Калл маркази ходими “Мурожаатингиз юзасидан сиз билан ходим боғланган, унга ҳеч қандай  эътирозим йўқ дегансиз”, дейди. Ҳолбуки, мен билан ҳеч ким боғланмади. Республика “Ҳудудгаз” раҳбарияти ҳолатга эътибор қаратса яхши бўларди” дея ёзмоқда Шаҳриҳон турғуни.

Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда каналимиз обуначилари сони 664 минг нафарга етди.  Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг.  Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
21 июн 2024
22 июнь куни соат 16 да Тошкентда таниқли рассом Вячеслав Охуновга Чехия республикаси институти «санъат доктори»фахрий унвони берилиши билан ...
25 август 2022
Элтуз порталининг бугунги сонидан 5 та шикоят ва битта расмий муносабат ўрин олган. Дастлабки шикоят телеграм мессенжеридаги фирибгарлик ҳақида. ...
15 апрел 2021
5 апрель куни мактабдан келинойиси томонидан олиб кетилган 5-синф ўқувчиси Маърифат Асатуллаеванинг жасади Катта Наманган каналидан топилди. Қизни каналга ...
4 август 2021
“The Diplomat” нашри 2 август куни Россия ва Ўзбекистон қўшинлари Афғонистон чегарасига яқин ҳудудда қўшма ҳарбий машғулотларини бошлагани ҳақида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...