Йирик коррупционер ўғрилар ортидан аймоқларини қамоққа тортишмоқда
Собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг 23 февраль куни ҳибс этилиши ортидан яна бир қанча мулозимларнинг қўлга олингани «Элтуз»га маълум бўлди.
Қодировнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатов, собиқ давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиев, Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси собиқ бошлиғи Улуғбек Хуррамов, Тошкент шаҳри прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича ўринбосари Мирағлам Мирзаев шулар жумласидан.
Шунингдек, собиқ бош прокурор иши бўйича гумондорларнинг қариндошлари, масалан, Фарҳод Мамажонов, Мирағлам Мирзаевнинг хотини ва фарзандлари ҳам тергов қилинмоқда.
Айни пайтда cобиқ бош прокурорнинг ўғли Алишер Қодировнинг Ўзбекистондан қочиб улгургани ҳақида «Элтуз»га хабар келди.
Маълумотларга кўра, Алишер Қодиров бир қанча тижорат ширкатлари билан бир қаторда «Консул» хусусий адвокатлик идораси раҳбари бўлган.
Унинг адвокатлик идораси орқали прокуратура билан боғлиқ масалаларни «ҳал қилиш» нархи 250 минг доллардан 20 миллион долларгача бўлган.
Шунингдек, Рашид Қодировдан сал илгари қамалган МХХ подполковниги 42 ёшли Нодир Тўрақуловнинг ҳибсга олиниши ортидан унинг қудаси Эркин Норқобиловга нисбатан ҳам жиноят иши очилгани ҳақида «Элтуз»га хабарлар келди.
Эркин Норқобилов ҳам собиқ бош прокурорнинг ўғли каби қочишга улгурган ва ҳозирда у қидирувга берилган.
Нодир Тўрақулов ва Эркин Норқобиловга тегишли барча бойлик, турар жой, автомашиналар мусодара қилинган.
Бу маълумотлар президент Мирзиёевнинг қамоққа олинган МХХ амалдорлари «булбулдек сайраётгани» ҳақидаги гаплари ортидан юзага чиқяпти.
Рассом Кирпи
Eltuz.com