Мухолифатчи профессор Ботир Норбоев хотираси
Бугун ўзбекистонлик профессор олим ва мухолифат арбоби Ботир Норбоев вафот этган кун. У 2019 йилнинг 24 февраль куни 72 ёшида вафот этган, Тошкентнинг «Оқтепа» қабристонида дафн қилинган эди.
Шу куни қариндошлари, яқинлари, сафдош дўстлари уни сўнгги манзилга кузатишар экан, ижтимоий тармоқда ўз хотираларини ëзишди.
«У фан доктори бўлса-да, каримизмнинг узун қўллари ишдан ҳайдади. Бир неча ўғли ва хотини билан ишсиз қолди. Аммо у миллий фикридан қайтмади. Қозоғистон ва Туркия университетларида профессор бўлиб ишлади», дея фейсбукдаги саҳифада ëзилди.
Тўра Мирзо бир гуруҳ ҳамфикр дўстлари – Мамадали Маҳмуд, Бахтиёр Исабек билан марҳумнинг қабри бошида туришди.
1990-йилларда Норбоев Қозоғистонга кетишга мажбур бўлди. Дастлаб Чимкент шаҳридаги Жанубий Қозоғистон университетида талабаларга дарс берди. Кейинчалик «Туркистон тонги» газетасида ва Қозоғистон халқлари бирлиги жамиятида фаолият кўрсатди.
Умрининг сўнгги йилларида Туркияга кетган олим Норбоев Кастомону университетида «Туркистон адабиёти»дан дарс берди.
«Туркийлар учун ўрта тил масаласини кўтарардилар», дея хотирлайди Ботир Норбоевни таниқли журналист Карим Баҳриев фейсбукдаги саҳифаси орқали.
Асли хивалик бўлган филология фанлари доктори Ботир Норбоев миллий мустақиллик учун суронли кураш йилларида Тошкентда ўз шогирдлари билан бирга «Бирлик» халқ ҳаракатининг олдинги сафларида бўлди.
Eltuz.com