Асосий мавзулар
8 июн 2021

Ҳокимликка ёрдам сўраб борган косонлик шахс калтакланганини айтмоқда

Имтиёзли кредит ажратилишига ёрдам сўраб, 2 июнь куни Косон тумани ҳокимлигига борган иккинчи гуруҳ ногирони, 35 ёшли Дилшод Отаев ҳоким ёрдамчиси томонидан калтаклаганини иддао қилмоқда.

Бу ҳақда у Косон тумани ИИБ бошлиғи ва туман прокурори номига уни сабабсиз калтаклаган ҳоким ёрдамчиси Соҳиб Пардаевга чора кўрилишини сўраб 2 июнь куни ариза ёзган.

Дилшод Отавевнинг ИИБ бошлиғи ва туман прокурори номига ёзилган аризаси

«Элтуз»га берган интервьюсида Дилшод Отаев бир йилча олдин Халқ банки орқали кредит расмийлаштиришга ҳаракат қилгани, рад жавоби олгач, Косон тумани ҳокимлигига ёрдам сўраб ариза ёзгани, аризасига банкда расмийлаштирган барча ҳужжатларни илова қилганини айтади.

“27 май куни мен ҳокимликка ариза топширганман. Орадан бир ҳафта ўтиб, 2 июнь куни бордим. Мени у ерда (ҳокимлик ходимаси – таҳр) Ҳалима Сатторова қабул қилди. Аввалига у: “Сенинг ҳужжатларингни Нодира Қодирова (Косон тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи – таҳр) олиб қолган, у кишига мурожаат қил”, деди.

“Нима қиласизлар одамни умидвор қилиб, ўйин қиляпсизларми”, дедим. У сенга Қодирова керакми деб, телефон орқали Соҳиб Пардаев деганни чақирди”, дейди Отаев.

Шундан сўнг, Отаевнинг сўзларига кўра, ҳоким ёрдамчиси Соҳиб Пардаев уни қабул бўлимидан кичик залга олиб ўтади. Ўша ерда эшикни қулфлаб олади ва уни калтаклайди. Отаевнинг айтишича, Пардаев унинг елка қисмига тепади. Бошига зарба беради.

Отаев шу куни уйига келгач, ўзини ёмон ҳис қилиб, тез ёрдам чақирган, бошида шиш пайдо бўлган, рентген қилишган.

Шифокорлар унинг баданида очиқ жароҳат аломатлари йўқлиги, бошини эса экспертиза қила олмасликларини билдиришган.

«Элтуз» воқеага ойдинлик киритиш учун 6 июнь куни Косон тумани ҳокимлигига қўнғироқ қилди. Ўзининг умумий бўлимда ишлашини айтган ходим ҳақиқатан ҳам Соҳиб Пардаев ҳоким ёрдамчиси эканини тасдиқлади.

Бироқ у «Элтуз»га ҳокимлик биносида Дилшод Отаевнинг калтакланганидан хабари йўқлигини айтди.

“Биринчидан, унинг кредит сўраб қилган мурожаати қандай қилиб ҳокимлик томонидан ижро этилиши мумкин? Иккинчидан, бу инсоннинг қандай жанжал қилганини билмайман. Лекин унга кредит керак бўлса, банкдан олавермайдими, гапидан ҳам кўриниб турибди-ку қандай мурожаат қилгани…”, деди ҳокимлик мулозими «Элтуз»га берган изоҳида.

«Элтуз» Дилшод Отаевни калтаклагани иддао қилинган ҳоким ёрдамчиси Соҳиб Пардаевдан ҳам изоҳ олишга уринди. Бироқ унинг телефони кун давомида қўнғироқларга жавоб бермади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 август 2017
Суронли 2015 йил, денгиз тубидаги майда тошларни ҳам кўра оладиган ғаввослар ҳам пахтага олиб чиқилганди. Хадемай тағин терим бошланади, ...
28 январ 2021
Жаҳонгир Отажонов ва путинча сиёсий технологиялар. Отажонов партиясини регистрациядан ўтказиш учун Адлия вазирлигига борди. Партиясининг номи «Халқ манфаати», худди ...
21 май 2016
Сурхондарёда ўтказилган «Ким эдигу, ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» мавзуидаги ташвиқот тадбирлари ҳақида мақола эълон қилган ...
30 май 2021
Рассом Элсевар Eltuz.com
Блоглар
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...
8 август 2024
«Арабистон тупроғида бола туғиш» мақсадидаги хотинлар ва уларни етаклаб кетаётган эркаклар. Арабистонда ўқилган шаърий никоҳга ...