Асосий мавзулар
3 декабр 2021

РТдан ваъз: Қўйнимга киргин, Гулбадан!

Уйларим исирмикин ўтин ёриб,

Гўнг-тезак ёқсамми ё таппи қориб.

Арзи-ҳол айтсам деди ҳоким бориб,

Бор, ўчоғинг ёқ, мани ваъдам солиб!

Гулбадан, эй Гулбадан, эй Гулбадан,

Тур, қара-чи, келдими газ трубадан,

Ой чиқур, ойдинда дарс қилсин қизинг,

Шарқирар қумғонда сув, юв кир юзинг,

Свет ва газдур хом хаёл, ҳар бир сўзинг,

Ҳидланурсан сигир соққандай ўзинг.

Гулбадан, эй Гулбадан, эҳ Гулбадан

Уст-бошингда, айта қол-чи – кул надан?

(Отабек Артиков телеграм саҳифасидан, 2021 йил)

Машҳур қўшиқнинг телеграм саҳифасидаги газсиз версияси эди бу. Ўзбек дардини шеърга тўкишни яхши кўради. Чунки ўз жонини сақлаб қолиш инстинкти унда кучли. Шунга турли истиъора ва ташбеҳлар билан ўз жонини сақлайди ўзбек. Шеър сўзларини ўзгартириб, бошқача маъно беришга ҳам уста ўзбек. Худди бизнесда бўлгани сингари.

Ўқиб берганим шеърда қиш пайти электр ва газсизликдан қийналаётган халқ дарди битилган. Менинг доно ва закий дўстларим, мана, қиш фасли ҳам кириб келди. Сизга йилнинг энг қисқа кунлари ва энг узун тунларида яхши кайфият ва кўтарингки руҳ тилайман.  

Қисқа хабарлар

Олий суднинг маълум қилишича, террорчиликни молиялагани учун 2016 йилдан буён 62 нафар шахс судланган.

***

Хўжайлида майор рутбасидаги уч қамоқхона нозири аварияда ўлди. Улар видеоселектордан қайтишмоқда эди.

***

Жириновский Туркия ҳудудидаги туркларни Ўзбекистонга депортация қилиш ва Туркияни парчалаб ташлаш ғояси билан чиқди. Икки йил олдин Жирикни Бухоро ҳокими қўй сўйиб кутиб олганди.

***

Айни пайтда Тошкентдаги «Абу Сахий» бозорида фақиру фуқарога текин ош тарқатилди. Текин ош учун издиҳом бошланди. Қанча одамнинг оёқ остида қолиб ўлгани номаълум.

Виртуал дўстим Ғайрат Омон айтмоқчи, “текин ош учун навбат талашиб, бир-бирини оёқости қилишдан тоймайдиган ёввойи оломон орасида яшаш ҳам бир жасоратдир”.

***

UzAuto Motors ҳозир машина кутаётган харидорларига автомобиль етказиб бериш муддати икки ойга кечикишини маълум қилди. Компания бундай кечикиш ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли бўлаётганини айтди. Ўзбек оч қолсаям машина миниши керак. Буни «ўзавточи»лар яхши билармикин?

***

Ҳафтанинг энг тренд хабари Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевга “ихтиёрий равишда, беғараз ҳадя этилган» S-Класс Mersedes Hybrid машинаси бўлди. Ҳокимлик телеграм каналида ёзилишича, фуқаро Зиёда Латипованинг қиммматбаҳо машинанинг «ҳокимлик тасарруфига ихтиёрий равишда беғараз (текинга) бериш ҳақидаги таклифи»ни шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз қарори билан маъқуллаган. Ҳокимга хайр қилинган айни версиядаги машинанинг Ўзбекистондаги нархи 250-300 минг доллар атрофида. Садақа радди бало, дейди ҳоким. Хуллас, тиламчисига яраша садақаси.

TEZAK-AKFA

Гулбадан, гул ҳам ўзинг, қул ҳам ўзинг,

Гул ўтиндай куйган-у, кул хам ўзинг,

Танга дармон бўлмади бу ваъдалар,

Чўпчакларга ишонган гўл эл ҳам ўзинг,

Гулбадан, эй Гулбадан, қўй Гулбадан,

Дард юқодир – дейди, чиқсанг кулбадан.

Уй тутун, юз-кўз қаро бу «сурма»дан,

Очма сўз қўй гўштида қовурмадан,

Чиқ, қара – мусаффо юрт осмонида

Борму дарак баҳорда қайтгучи турнадан,

Гулбадан, ҳей Гулбадан, вой Гулбадан,

Музлаюрман – бош чиқарсам кўрпадан…

Совет даврида бир синфдошим дадасидан: “Брежнев ҳам ҳожатхонага чиқадими?” деб сўраган эди. Шунда ота ўғлига: “Йўқ, болам. Унинг олдига шланка, орқасига тувак улаб қўйилган”, деган эди. Роса кулган эдик.

Ўзбек матбуотида ҳам ора-сира шунақа “қовун” тушириб турилади.

Яқинда фейсбукдаги “Мирзиёев қисқа муддатли таътилга чиқди”, деган хабар остига бири: “Энди нима бўлар экан? Шу таътил пайтида юртбошимиз юрт бошқарувини кимга топширган экан-а?”, деб ваҳима қилди.

Кўрдингизми, азизлар?!

Ўзбек халқи қишда газсиз ва электрсиз қандай кун кечириши ҳақида эмас, юрт бошқаруви тўрт-беш кунга кимга берилиши ҳақида қайғуряпти. Ўзининг бу қайғусини у ватанпарварлик, юрт истиқболи ҳақида қайғуриш, деб билади.

Ҳа, башарангга асбоб тушгур, бир сен қолувдинг курси ҳақида ўйламаган!

Одам халқ билан бирга бўлиши керак, ҳукумат билан эмас.

Одам дегани тезак таннархини тушириш, унинг ёнувчанлигини ошириш технологиялари устида бош қотириши керак.

Дейлик, Деҳлида, яъни Ҳиндистонда мол тезаги “навалом”.

Шу мол тезагини ҳиндилар Ганга дарёсига оқизишади. Шунча тезак увол!

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ҳиндистон раҳбариятига чиқиб: “Тезакларингизни бизга беринг, ўзимиз олиб чиқиб кетамиз”, деса бўлмайдими?! Ҳинд тупроғида қанчадан-қанча молнинг пўқи увол бўляпти.

Бундан ташқари, одам гўнгидан ёнувчан тезак ясаш устида ҳам бош қотиришимиз керак.

Масалан, ҳукумат аъзолари ва уларнинг атрофидаги монополист тадбиркорлар кўп ейишади. Бу эса улар кўп чичади, дегани ҳамдир.

Шундай экан, бугунги кунда кўп еб, кўп чичаётган вазирлар, ҳокимлар, монополистлар ва кўтани катта бошқаларнинг тезагини газсиз ва электрсиз ўтирган аҳолига тарқатиш керак.

Ҳарна-да! Ўшанда газсизлик ҳақида шеър битилмасмиди?

Шу таклифни айтган эдим, бир ҳамкасбим: “Шундай қилинса, улар ҳатто тезагини ҳам пулга сотишади. Тезак соҳасини ҳам монополия қилиб олишади, деди.

Ўйлаб қарасам, Ортиқхўжаевларга ўхшаган монополистларга навбатдаги монополия учун ғоя ўйлаб топибман.

Мана шу ғоямни Жоха Акфамен эшитиб қолса борми, эртаси куни “TEZAKFA” ёки “TEZAKARTEL” деган компания очиб, индинига Ариповдан тезак соҳасини фақат шу икки фирмага топшириш ҳақида махсус қарор ҳам чиқартириб олади.

Қарабсизки, халқ ўз сигирининг ёки ҳўкизининг тезагидан ҳам бир зумда ажралади.

Нимага шундай бўлади, биласизми?

Чунки Ўзбекистоннинг бошида монополистлар билан биргалашиб юртни талаётган, Россияга туққан онасини ҳам сотадиганлар ўтирибди. Ҳар қандай яхши таклиф ва ғоя билан чиқинг, улар ҳаммасини ўз фойдасига буриб, ўзингизни тунашади.

За базар отвечаю! Чао помидорро, курва кокаин!

Ғалати замон

Ажойиб макон ва замонда яшаяпмиз. Зерикишга вақт йўқ- сувчилар футбол майдони қуряпти, қурувчилар мироблик қиляпти, мардикорлар дамба қуришяпти, темирйўлчилар оромгоҳ, шоир кино оляпти, киночи шеър ёзяпти, артистлар ҳокимга маслаҳатчи. Абгор домлалар разбор қилса, мафиозалар ҳаётдан ваъз ўқияпти. Профессорлар таксичилик қилишмоқда, таксичилар сиёсатдан гапиришмоқда. Бизнесменлар ҳоким бўлиб олган, ҳокимлар бизнесга ўтган, президент қизи қамоқда ўтирибди, хотини музей қуряпти, ялоқхўр журналистман дейди, журналистга қаланғи-қасанғи дейди, фирибгар блогер бўлиб олган, хотинлар мардикор, эркаклар энага… Ҳеч ким ҳеч нарсадан уялмайди.

Тўнкалигенция

Икки кун муқаддам, қишнинг илк кунида Қозоғистон Миллий банки номинал қиймати 20 минг танга бўлган, олд ва орқа томонларида собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг суратлари туширилган банкнот муомалага чиқарилганини эълон қилди.

Одатда тарихий шахслар ўлганидан кейин уларнинг суратлари банкнотлардан ўрин олади. Аммо қозоқбоши Назарбоев бу анъанага кўз юмган кўринади. Умуман, Элбоши шахсига сиғиниш қозоқларда бугун бошлангани йўқ. 

10 минг тангадаги Назарбоев портрети туширилган илк юбилей банкнот 2016 йилда муомалага чиқарилганди. Миллий банкнинг ўша пайтдаги раиси Дониёр Акишев банкнотни таништирар экан, Назарбоевни Нельсон Мандела,  Мустафо Камол Отатурк,  Ли Куан Ю, Уинстон Черчилл каби портретлари миллий банкнотларга жойланган тарихий шахсларга қиёслаган эди.

Назарбоевни Отатуркка ўхшатиш худди қирчанғи эшакни бўяб, бозорда “учар от бу” деб сотишга уринишдек гап. 

Дониёр Акишев қозоқ тўнкалигенциясининг типик вакилидир.

Дониёрга ўхшаганлар ўзбеклар орасида ҳам тиқилиб ётибди.

Уларни мен “тўнкалигенция” деб атайман.

Энди ўзбек луғатига киритмоқчи бўлганим “тўнкалигенция” сўзининг маъносини тушунтириб берсам.

“Тўнкалигенция деб ҳар қандай ҳокимиятнинг эти ва кўтини ялаб, унинг хизматида бўлишга, унинг ҳар қандай жирканчлигини оқлашга ёки яширишга тайёр бўлган сиёсатчиларга айтилади.  Улар – бугун ахлоқи устида ўтирган эгасини рози қилишдан иборат бўлган ақлдан мосуво тўнкалардир. Зиёлилар йўқ қилинган,  ўлдирилган, мамлакатдан ҳайдалган, қамоқхоналарга яширилган, сирини очган, оғзига тиқилиб руҳий тушкунликка тушган шароитда бу сиёсий жалаблар қўғирчоқ-масхарабоз зиёлилар ролини ўйнайди. Хулласи калом, улар миллатнинг виждони бўлган интеллигенциянинг том акси, антоними ва антиподидир.

Муҳожирлар – ҳар ишга қодирлар

Германиядаги Майнц деган шаҳар ўз тарихида иккинчи бор дунë марказига айланмоқда. Қарзга ботган бу шаҳарни Туркиянинг олис Искандарун шаҳрида 1965 йил туғилган ва гастарбайтер ота-онасига эргашиб Германияга келиб, ўқиб олим бўлган Уғур Шоҳин қутқарди. Коронага қарши вакцина ихтиро қилган турк олими Шоҳин ва унинг хотини Ўзлам Тўрачи Майнц шаҳрида қурган заводи ортидан шаҳар дунë вирусологияси марказига айланди. Уғур ва унинг заводи тўлаган солиқлардан шаҳар хазинаси тўлиб тошди. Шаҳар қарздан қутулди. Ишсизлик камайди.

Биринчи марта бу шаҳар 1440 йилда дунëдаги илк босмахонани ихтиро қилган Гутенберг боис қаддини ростлаган эди. Муҳожир кадрлар – ҳар ишга қодирлар.

Ўзгаларни кутиб

Каримов ҳукмронлиги йилларида бирор камчилик ҳақида гап очдингми, тарафдорлари чўнтакни қидириб ўтирмай дарров жавоб қайтаришарди: “Ўзбекистон мустақил бўлганига энди фалон йил бўлди, ёш болага ўхшаб энди тетапоя қиляпти. Ҳаммаси яхши бўлади”.

Каримов ҳам президент бўлган йили кузгача ҳаммаси яхши бўлади, деганди.

Йиллар ўтаверди, Мустақил бўлганимизга энди… деган жумладан кейин келадиган рақам ортиб бораверди. 5-10-15-20-25 йил.  Ваъдалар билан бирга қўрқув фазоси ҳам, оммавий кузатув ҳам кучайиб борди, қатағон, айғоқчилик усуллари ҳам тарвақайлашди. Тешик тоғора тешиклигича қолаверди. Мардикорлар улғайиб, фарзандлари уларнинг ўрнини эгаллай бошлади, Туркия ва Дубайда оқсоч, энага ва хизматкор аёллар сафи кенгаяверди. Бугун Ўзбекистон арзон ишчи кучи етказиб берувчи улкан бир заводга айланди. Вассалом.

Бу орада 90-йиллар бошига қадар очлик тимсоли бўлган Хитой дунёнинг энг ривожланган иқтисодиётига айланди, минглаб завод ва фабрикалар қурди, Ҳиндистон гуруч экспорт қилиш бўйича дунёнинг етакчи мамлакатига айланди, Гуржистон иқтисодиёти Европаникига яқинлашди.

Хўш нега бундай бўлди? Бу саволга жавоб излар эканман, аниқ жавоб топа олмадим. Аснода дунёга машҳур “Apple” ширкатига асос солган Стив Жобс сўзларига кўзим тушди ва жавобни топгандай бўлдим. Мана у нима деганди:

“Вақтингиз чекланган, шунинг учун уни бировнинг ҳаёти билан ўтказманг. Бошқа одамларнинг фикрлаш натижалари билан яшаш деган догма тузоғига тушманг. Бошқаларнинг фикри, шовқини сизнинг ички овозингизни бўғиб қўйишига йўл қўйманг. Ва энг муҳими, ўзингизда қалбингиз ва сезгингизга эргашиш жасоратини топинг”.

Стив Жобс айтганидек, биз вақт қадрига етмадик-ми? Футбол деганда Бразилия, оргтекхника деганда Япония, машина деганда Германияга боқиб, уларнинг инновациялари ва фикрлари билан яшамадикми? Ўзгалар фикри ва шовқинига қулоқ солавериб, ўзимиздаги эрк ва тафаккурни бўғиб қўймадикми?

Бугунги кунда зулмга итоат қиладиган, ичимиз ўлимтага айланган бир махлуққа айланиб қолмаяпмизми?

Шу нуқтада шоир ва журналист Раҳимжон Раҳматнинг ўз фейсбук саҳифасида қолдирган битикларини жуда асосли деб ўйлайман.

“Тилинг адолатдан сўзлаётганда жонинг жаннат роҳатини ҳис этади, гарчи кейинчалик адолатпарварлигинг учун яхшигина жабр чексанг ҳам адолатни гапиришдан туйган роҳатинг тенгсиздир.

Балки кейинчалик адолатдан баҳс этган тилингни кесиб олишар ёки Машраб каби дорга осиларсан, нима бўлганда ҳам адолат тантанаси учун отилиб олдинга чиқиб кураш улуғ ишдир.

Эсимни таниганимдан буён адолат тарафдориман, ҳақ гапни гапирмай туролмайман.

Ҳаётимда жуда кўп ишхоналарда ишлаганман ва адолатпарастлигим сабаб ҳеч қайси ишхонада икки-уч ойдан ошиқ ишламаганман.

Мактабни битирган йилим туманимиздаги Қолгандарё чўлида пахта бригадасида ишлагандим. Бригадир маош ёзишда адолатсизликка йўл қўйганида қаттиқ ғазабланиб, рингга чиққан боксчидай очиқ жой-хирмоннинг ўртасига бориб бригадирга бақирганман: «Ке, яккама-якка уришамиз»!

Бригадир дадам тенгқур эди. Уришолмаган.

Шундан кейин пахта бригадасидан кетиб, пахта пунктга ишга кирдим. Бу ердаги бригадир ишчиларни ўз уйида ишлатишни хуш кўраркан. Бир гал менга: «Далада шолим бор, ўшани ўришга борасан», деди. Мен ўша ондаёқ бригадирнинг оғзидан чиққан гапни ёқасига ёпиштирдим: «Бормайман. Ўз ишингизни ўзингиз қилинг». Бечора бригадир гапимни эшитиб, мулзам бўлди.

Шаҳардаги қурилиш ташкилотига ишга кирдим, у ерда ҳам адолатпарастлигим учун икки ойгина ишладим. Бошлиқлар ишчиларнинг меҳнат ҳаққини ўзлаштиргани аён бўлиб қолди.

Мен – янги ишга кирган ишчи ўйлаб ўтирмай ишхонамизга шаҳар прокуратурасидан иккита текширувчини бошлаб келдим.

Бошқа ишхоналарда ҳам ишладим, адолатдан сўзлайдиган тилим сабаб биронта ишхонада бир йилга етиб ҳам ишламаганман.

(Ҳар турли идора бошлиқлари, назарларингда қўрқинчи одамман-а?)

Талабалик пайтим ҳам ўқитувчилар курсдош қизларга адолатсизлик қилса, исён кўтарардим. Бунақа феълим курслошларим эсида бордир.

Хорижий радиода ишладим. Бошлиқ ҳам бўлдим. Тепадаги бошлиқлар билан Тошкентдаги мухбирларнинг гонорарини оширасан деб, зиддиятлашдим.

Бу талабимга жавобан юқоридаги бошлиқлар мени ишдан ҳайдамоқчи бўлди, зиддиятлар кучайди…

Буни нима учун ёздим?

Бугунги кунда бошлиғининг зулмига қулларча итоат қиладиган, ичида исёни ўчган инсонлар кўпайиб кетди».

(Раҳимжон Раҳмат)

Бу ёзувчи Раҳимжон Раҳмат фикрлари эди. Ўзбек халқи ҳам фароғатли ва бой ҳаёт кечиришга ҳақли. Фақат бунга қўшимча қилиб, яшаш тарзини ўзгартирайлик, дейман.

Беш йил Россияда ишлаб, топган-тутганимизни суннат тўйи ёки фарзандни уйлашга совуриш эмас, бу маблағни уларнинг ўқиши, яхши касб эгаси бўлиши учун сарфлайлик. Гапга бориб, ош еявериб қоринни қаппайтириш ўрнига вақтимизни фарзанд тарбияси, китоб ўқиш, спорт ё бўлмаса гул экишга сарфлайлик. Ўшанда ўзбекдан ҳам Стив Жобсу Уғур Шоҳинлар чиқади. Ҳеч бўлмаса, 50 ёшимиздан кейин қанд ва қон босимига кетадиган пулни иқтисод қилган бўламиз.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
15 декабр 2017
13 декабрь куни Тошкент ислом университети 4-курс талабаси Асқар Нодиров ўзбек-қозоқ чегарасида ўтаётиб посбон Толиб Файзиевни пичоқлаб тан жароҳати ...
21 июн 2017
Андижонлик шифокорларнинг берган маълумотларига кўра, кейинги пайтларда ари чақишидан шикоят қилиб мурожаат қилувчи беморлар тез-тез учрамоқда. Бу беморларнинг аксарияти ...
31 октябр 2018
Ўзбекистон Марказий банки мамлакат аҳолиси ва корхоналарининг инфляция кучайиб бораётганидан хавотири ошаётгани ҳақида маълум қилди. МБнинг жорий йилнинг 3-чораги ...
13 август 2024
Украина Россия ҳудудларини эгаллади. Бангладешда диний низолар кучайди. АҚШ шимолида тўфон. Юнонистонда ўрмонлар ёнмоқда. Шведларни сўккан ўзбек мулла Аброр Абдазимов ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...