Асосий мавзулар
16 декабр 2024

Учкўприк ҳокими фермер ерини тортиб олиб, тупроғини ташиб кетмоқда

Учкўприк туманидаги, ички ишлар бошлиғига карашли 3-сектор худудида 80 гектар юқори балл-бонитетли олдинги йиллар буғдой, макка ва пахта экиладиган ерлар фермерлардан тортиб олинди. 

Ҳозирги кунда умумий 80 гектар ер қайси тадбиркорларга берилгани қоронғу. Аммо кечқурунлари HOWO юк машиналарида ернинг тупроғи қаергадир ташиб кетилмоқда.

Энг қизиғи тупроқ ортилган машиналар тунда ҳаракатланиб тупроқлар номаълум жойларга ташиб кетиляпти. Тунда ҳаракатланаётган машиналар бу тупроқларни туман ҳудудидан олиб чиқиб кетмоқда. 

Исми ошкор этилишини истамаган билгичлардан бири, бу тупроқлар кимнингдир ғишт заводига ташилаётганлигини иддао қилмоқда.

Элтуз билан гаплашган фермернинг айтишича, унга тегишли 16,5 гектар ер бу йил сентябрь ойида туман ҳокими Қодиржон Эркабоев талаби билан туман заҳирасига олинган. 

Фермернинг айтишича, у ҳар йили ғалла ва пахта планини тўлдириб келган. Лекин ҳоким унга ерининг бир қисмини туман заҳирасига “ихтиëрий” (аслида мажбурий) қайтариш ҳақида ариза ёзиш талабини қўйган.

“2015 йил умумий 53 гектар ерни 49 йилга ижарага олиб ҳар йили буғдой ва пахта планини бажариб келганман. Ҳеч қандай сабабсиз менга ариза ëздириб еримнинг бир қисмини қайтаришимни ҳокимиятдагилар талаб қилди. Мен Тошкентга кетиб у ерда 3-4 кун қочибам юрдим, тўхтамасдан чақиртириб ерни барибир босим остида тортиб  олишди. Хозир 37 гектар ерим қолди ”, деди Элтуз билан гаплашган фермер.

Қолган ерларидан ҳам ажралиб қолишни истамаган фермер тинчгина ўз ерини туман заҳирасига қайтариш тўғрисида ҳокимга ариза ёзиб берган.  

Фермернинг айтишича, ўзидан ташқари яна 3 та фермернинг бу каби балл бонитети юқори бўлган ерларидан жами 80 гектар ер туман заҳирасига қайтарилган. 

2024 йил 11 декабрь холатига кўра ернинг бир гектардан ортиқроқ қисми бир метрдан кўпроқ кавлаб ташланган. Катта юк машиналари эса ерни қотириб йўл очиб олган.

Ҳоким ва бошқа мутасаддилар томонидан босимга учрашидан қўрққан фермер исми фамилияси сир сақланишини сўради, аммо бу ерларни балл бонитетини юқори қилиш, унумдорлигини ошириш учун жуда катта меҳнат қилгани, афсуски кейинги кунларда бўлаётган тупроқ ташишлар уни ташвишга солаётгани, ернинг унумдор қатлами ҳам қўпорилиб кетаётганлиги учун ачинаётгани, 2025 йилда бу ерга пахта экилиши режалаштирилганини айтди. 

Тупроқ  ўғриси ким? 

Ернинг тагида илон қимирласа биладиган ИИБ бошлиғи ўз сектори ҳудудида ер талон тарож бўлаётгани ҳақида билмасмикин? 

Бирор деҳқон 10 метр ер кавласа етиб келадиган прокурор наҳотки гектарлаб ернинг тупроғи олиб кетилаётганлиги ҳақида эшитмаган бўлса? 

10 сотих ер беринг, тадбиркорлик қиламан деб ҳузурига кирган одамга “вооо, бир қарич ер ҳам давлатнинг назоратида. Агар бир қарич ерни ножўя ишлатсам жавобгарликка тортиламан, қамалиб кетаман, бошим кетади. Бу ер бизга нон беради, бойлик келтиради. Келажак авлодга бу ерларни қолдиришимиз керак” дейдиган ҳоким бува наҳотки туман заҳирасига қайтарилган ернинг бу каби абгор ҳолатидан бехабар бўлса? 

Ана шу селекторларда ерни асраб авайлаш, айниқса балл бонитети юқори ерларни ҳеч қанақасига, ҳеч қандай истисноларсиз асраш, кўз қорачиғидек сақлаш кераклиги ҳақида тез-тез уқтирилади. Керак бўлса фермерларга дўқ пўписа ҳам қилинади. 

Гектарлаб ер қўпорилаётганлигини кўриб билиб турган мутасаддилар жим турганига мен ҳайрон қоляпман, дейди фермер. Элтуз Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги, фермерлар ҳуқуқи ва ер муаммоларига оид ходисаларни ёритишда давом этади. Каналимизга обуна бўлинг, видеоларимизга изоҳлар қолдиринг.  

Тағин ўқинг
28 июл 2016
Қаршимизда Совет Марказий Осиёсида исёнчилик ҳаракатига қарши курашиш даврида олинган энг муваффақиятли фотоҳужжатлардан бири деса бўладиган фотосурат турибди. Биз ...
4 октябр 2019
Кечган ҳафтада ўқитувчи ва устозлар байрам қилди. Агар мендан устозинг ким дейишса, ҳеч иккиланмай Маҳмудхўжа Беҳбудий деган бўлар эдим. ...
27 декабр 2020
23 декабрь куни Наманган вилоятининг Норин тумани ИИБ тергов бўлинмаси томонидан норинлик икки йигитга нисбатан “одам ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш” ...
27 апрел 2017
Ҳукумат «Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди. Бу қонун кучга кирса, ҳукумат ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...