Асосий мавзулар
4 март 2019

Чиқиндихоналарга “ўлпон” солинди

Тошкентдаги аҳолининг маиший чиқиндилари йиғиладиган шохобчаларга пластмасса ва макулатура топшириш мажбурияти юкланди.

Пойтахтдаги чиқинди йиғиш шохобчасида ишлайдиган Аброр аканинг “Элтуз”га билдиришича, эндиликда у ҳар ойда 45 килограмм пластмасса ва 20 килограмм макулатура йиғиб топширишга мажбур бўлмоқда.

“Илгари баклажка ва қоғоз тўплаб, лўлиларга ёки уларни йиғиш билан шуғулланадиган бошқа одамларга сотар эдик. Тирикчилигимиз шу эди. Чунки берадиган ойлиги урвоқ ҳам бўлмайди. Бухородан келиб, янгангиз билан шу жойда яшаймиз. Атрофларини ҳам тоза-озода тутамиз. Шу чиқиндиларни саралаб йиғиб, кейин сотиб, рўзғор ўтказаётгандик. Энди бу ҳам кимларгадир кўп кўринди шекилли”, дейди суҳбатдош.

Тошкентдаги чиқиндихоналар “Махсустранс” давлат корхонасига қарашлидир. Ҳар бир чиқинди йиғиш шохобчасига махсус одам бириктирилган.

Бу ходимларга чиқиндиларни саралаш, тозалигини назорат қилиш каби вазифалар юкланган.

Чиқиндихонада ишловчилар пластмасса ва макулатурадан ташқари нон бўлаклари, темир-терсак кабиларни ҳам йиғиб, бир-икки сўм даромад топади.

Аброр аканинг сўзларига кўра, у илгари пластмассанинг бир килограммини 3 минг сўмдан сотган. Ҳозир эса бу нарх ҳам нима сабабдандир 2 минг сўмга тушиб қолган.

“Болаларим ҳали ўзини тиклаб олгани йўқ. Ўзимизда иш бўлмагани учун узоқдан келиб, бу сассиқ жойда ҳам яшаб, ҳам ишлаб бир кунимизни кўраётгандик. Энди Россияга кетишни ўйлаб турибман”, деди Аброр ака.

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда чиқинди учун тўловларни ундириш “Махсустранс” ташкилотидан Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ихтиёрига берилди.

Аммо йил бошидан бу аҳолидан чиқинди учун тўловлар қабул қилинмаяпти. МИБ ходимлари бунинг сабабини аввалги тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни ва ўзаро вазифаларни аниқлаштириб олиш зарурати билан изоҳламоқда.

Аҳолидан тўловларни қабул қилиш қачон бошланиши масаласи эса ҳамон очиқлигича қолаётир.

Сўнгги йилларда пластмасса ва қоғоз чиқиндиларини йиғиш Тошкентда жуда яхши бизнесга айланган. Дайдилар ва алкашлар, баъзан эса иқтисодий ночор оддий фуқаро ҳам бу чиқиндиларни йиғиб, уларни қабул қиладиган шохобчаларга топшириш орқали кун ўтказиб келади.

Ўз навбатида, бу ҳолат пойтахт ободончилигига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Тошкентнинг нисбатан озода шаҳар сифатида танилишига мазкур бизнес ривожининг ўрни катта.

Ҳукумат бу бизнесни бир қолипга солиш, экология ва атроф-муҳит тозалигини асраш мақсадида чиқиндини қайта ишлаш соҳасига эътибор қаратишни бошлади. Шу мақсадда махсус лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга киришилган.

Хусусан, чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлашга инвесторларни жалб қилиш саъй-ҳаракатлари бормоқда.

Аммо бу инвесторлар ҳам худди қурилиш соҳадаги (масалан, “Тошкент сити”ни қураётган ширкатлар) каби шубҳали сармоядорлар бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

“Энди чиқиндилар билан ҳам Тошкент шаҳри ҳокимининг бизнес тузилмалари шуғулланади, деган гаплар чиқяпти. Лекин бу гаплар қанчалик тўғрилигини билмайман”, дейди пойтахтдаги чиқинди йиғиш шохобчасида ишловчи Аброр ака.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
28 май 2021
Ҳақиқий уруш йўқ,  Тинчлик ҳам йўқ ҳақиқий, Йиғилар сохта дурур, ясамадир кулгулар. Гар самимий бир инсон кўриб қолсам, мен ...
4 сентябр 2017
ЎзМТРКда йил давомида узлуксиз раис алмашувидан сўнг тағин Алишер Хўжаев раис бўлди. Уни шу йилнинг февралида Мирзиёев ишдан бўшатган ...
29 апрел 2020
Ҳикояни Абсатторнинг ўз тилидан эшитамиз. – Кўзимни очсам, кимдир бошини парашага эгиб ўқчиб -ўқчиб қусяпти. Қусиқлари устимга сачради. (Сўкинади) ...
18 август 2017
Абдувоҳид Ҳайит – 1967 йилда Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида туғилган.Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетини битирган. Ҳозир Канадада яшайди. Кеч Вакт ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...