Асосий мавзулар
18 ноябр 2019

Тошкент ҳокимининг журналистларга таҳдиди “икки тарафгагина” тегишли эмас!

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугунги ўзбек жамиятининг пул қутуртирган энг типик вакилидир. Қутурган махлуқ ҳатто ўз хўжайинини ҳам тилкалашдан тап тортмайди.

Ёшлигимизда қутурган итни фарқлашнинг йўли ҳақида катталардан кўп эшитардик. Яъни қутурган итга сув сепсанг, у сендан қочади, дерди катталар.

Агар шу гап рост бўлса, ҳозирги замонда пул қутурган мансабдорлардан қутулишнинг биттаю битта йўли сўз эркинлигидир, жамият фаоллигидир.

Мана шу йўлни беркитиш учун қутурганлар сўз эркинлигига ҳамла қилмоқда, журналистларга ҳамла қилмоқда. 

Шаҳар ҳокимининг журналистларга таҳдидини айнан сўз эркинлигига, эркин жамиятга ҳужум ўлароқ кўриш шарт. 

Жаҳонгир Ортиқхўжаев тимсолидаги мансабдорлардан нега чўчиш керак? Айнан уларнинг жазосизликка ишончидан, бу ишончига асос борлигидан қўрқиш жоиз.

Чунки улар пул ҳамма нарсани ҳал қилишига ишонади, жамиятдан, халқдан қўрқмайди. Пул кучи билан ҳокимиятга келгани учун ўзини оламнинг устуни деб билади. 

“Кун.ўз” мухбири шундай “устун”лардан бири – Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг думини босиб қўйганидан сўнгги бир гапни эсланг.

Ўша кунларда “Жоха” мен ўз одамларимни хафа қилдириб қўймайман, деган маънода бир интервью берган эди. 

Журналистларни гейлар кўмаги билан шарманда қиладиган, “тасодифан” сувга чўкиб ўлганида ҳам ҳеч кимнинг суриштиришига ҳожат қолдирмайдиган ҳокимнинг таҳдиди айнан Ваҳобов сабаб айтилгани ойдинлашяпти.

Аслида бу ўринда Ваҳобов бир сабаб, холос. “Жоха” аслини намоён қилиш учун вазият юзага келганига шу воқеа сабаб.

“Ёқадими раҳбаримизга, ёмайдими…”, деган гапларни қиляпти ҳоким. Худди раҳбаримизнинг фикри менга “пх..”, деган маъно чиқяпти. 

Бу даражада манманлик, жамиятда ҳаммадан устунликка, айтгани айтган, дегани деган, жазосизлик муқаррарлигига ишончга қудратни қаердан олаётган экан бу мансабдор?

Ўн минг доллар билан журналистнинг оғзини ёпиши билан мақтаняпти. Сен бу пулни ўзингга гап юқтирмаслик, маҳсулотингни сотиш, ўн мингни бир миллион қилиш учун сарфлаяпсан, дейдиган одам йўқ. 

Дунё бойлари ҳам журналистларга пул беради. Лекин бунинг учун уларни камситишга, уларга таҳдид қилишга журъат эта олмайди. 

Чунки шундай қилса, журналистлар эмас, ўзи “бедолага” бўлиб қолади. 

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдиди фавқулодда ҳодиса ўлароқ Ўзбекистондаги сиёсий кучларни ҳам қатъий фикр билдиришдан тийиб турганга ўхшайди. 

ЎзЛиДеП ҳаммани хулоса чиқаришга шошилмасликка чақирса, Журналистлар уюшмаси Конституция панасига яшириниб, адолатли хулоса зарурлигини билдирмоқда.

Бевосита жабрланувчи сифати кўриш мумкин бўлган хабар.ўз сайти, шунингдек, “Алолат” социал-демократик партияси президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан нажот кутиб ётибди.

Яқиндагина бу агентлик раҳбари эркин фикри учун аввал қамоққа, сўнг жиннихонага тиқилган блогер Нафосат (Шабнам) Оллошукурова ҳақида гапириб: “Бошқа танқидчи журналистларнинг ҳам бошига шундай кун тушмаслигига қандай кафолат бор”, деган маънода савол берган қаламкашни провокацияда айблаб, таҳдидли гапиргани унутилгандек гўё.

Жамиятимиз ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевга мос ва хос. Акс ҳолда бу нарсани ҳис этмаганда у бундай гапларни гапиришга журъат эта олмасди. 

Гапни қутуриш ҳақидаги эслатмалар билан бошлаганимиз бежиз эмас. 

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга қарата таҳдидидан сўнг танишлардан бири анча маъноли гапларни гапирди.

“Яқинда президентимиз ветеренария соҳасидаги ишларни кучайтириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаганди. Бу ҳужжатнинг иловаларида қутурган махлуқларга қарши чоралар кўриш ҳақида ҳам нимадир бўлиши керак. 

Шундай чораларни ҳокимият тизимидаги махлуқларга қарши қўллашни ўйлаб кўриш керакка ўхшайди”, деди у.

Нима бўлганда ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдиди бугун Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги тузумга тутилган лакмус қоғозидир. 

Бу таҳдидга қарши ҳукумат кўрадиган (ёки кўрмайдиган) чора жамиятимизнинг эртага қандай йўлдан юришига нафақат халқимизга, балки халқаро ҳамжамиятга ҳам ишора беради.

«Элтуз«

P.S Мақола нашрга тайёрланаётган пайтда «Кун.ўз» нашри ушбу билдиришни чоп қилди:

«Ҳамкасблар, бошқа нашрларнинг журналистлари ва блогерларга шундай паллада фаол қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз.

Шу билан биргаликда, улардан бу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраймиз, зеро фақат икки тарафгагина тегишли бу низо турли сиёсий кучлар ва шахслар томонидан тор манфаатлар йўлида қурол сифатида фойдаланилишини хоҳламаймиз.».

Ушбу мурожаат муносабати билан «Элтуз»да «Кун.ўз» журналистларига саволлар пайдо бўлди.

  1. Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдиди «икки тарафгагина оид зиддият»ми?
  2. Зиддиятдан «тор, ғаразли» манфаат йўлида фойдаланмоқчи бўлаётган «сиёсий кучлар» кимлар?

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 апрел 2021
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 2021 йилнинг 2 февраль куни фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг қабри очилди. 55 ёшли фермернинг жасади ўтган ...
2 октябр 2020
Жума келса, худди узоқ кўрмаган дўсту ëрларим гурас-гурас бўлиб, мени қучоқлаб кўришгандай ҳис-туйғуни бошдан кечираман.  Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,  ...
17 январ 2017
17 январга ўтар кечаси Машарипов билан бирга қирғиз миллатига мансуб бир эркак ва уч аëл ҳам қўлга олинган. Шу ...
15 январ 2024
Президент Мирзиёев 12 январ куни Ҳавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ўзбек медияси учун миллий контент яратиш зарурати ҳақида гапирди. «Биз Ўзбекистон ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...