Асосий мавзулар
25 феврал 2021

Қаноти қирқилган қуш

Болалигимда мендан 5-6 ёш катта қўшни каптарвоз бола бўларди. Кўпинча каптарлари бизнинг ҳовлимизга учиб келиб қоларди.

Ҳовлимизда у жой, бу жойга қўниб олган каптарини аста бориб ушлаб оларди-да, биринчи қиладиган иши ўша каптарнинг қанотини қирқиб ташларди.

Мен ҳайрон бўлиб: «Ака, нега бечора каптарнинг қанотини қирқиб ташлаяпсиз», деб сўраганимда, «Бу каптарим энди учишни ўрганяпти, агар каптарнинг қанотини қирқиб ташламасам, эркин бўлиб ёввойи каптарларга қўшилиб учиб кетиб қолади. Ҳозирча вақти-вақти билан каптарларимнинг қанотини қирқиб тураман, натижада узоққа учиша олмайди, кейин улар хонаки каптарларга айланади. Кейин-кейин катта бўлиб, қолган каптарларимнинг қанотини қирқмай қўяман, чунки хонакига айланган каптарлар узоққа уча олишмайди, фақатгина ҳовлимиз тепасидагина айланишади, холос», деганди…

Ишхонамизда раҳбар билан келишмай қолдик. Боиси: «Шукрки, корхонамизнинг даромади кундан кунга ортиб боряпти, фойда минг фоиз бўляпти. Бунда ҳар бир жамоа аъзосининг ҳиссаси бўляпти, одамлар кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилишяпти. Шундай экан, уларни моддий рағбатлантириб, бугуни ва эртаси ҳақида ҳам ўйлаб ғамхўрлик қилишимиз керак», деган гапим раҳбарга бутунлай ёқмади.

Бошлиқ эртасига мажлис чақирди. Икки соат давом этган мажлиснинг бошидан охиригача фақатгина ўзи тинмай валақлаган бошлиқ мени жамоа ўртасида турли-туман бўлар-бўлмас баҳоналар билан изза қилиш, обрўсизлантириш билан овора бўлди.

Ўзича бутун корхонанинг ишларини орқага тортаётган одам деб мени қайта-қайта айблади. Бошлиқнинг гапларидан ҳайрон бўлган жамоа ҳам миқ этмай диққинафас бўлиб ўтиришди.

Мажлиснинг тугагани эълон қилиниши биланоқ ҳамма ташқарига отилди. Ташқарида четроққа ўтиб тутатиб турдим. Орадан бироз вақт ўтгач, жамоамизнинг бир гуруҳ ёшлари атрофимни ўраб олишди, уларга саволомуз нигоҳ ташладим.

Улар бирин-кетин менга гапира бошлашди: «Ака, хафа бўлманг, мақсадимиз сизнинг олдингиздан ўтиб қўймоқчимиз, холос. Мажлисда бошлиқнинг шаънингизга гапирган ҳамма гаплари нотўғри, туҳмат, негадир у сизни кўролмаяпти. Тўла ҳақлигингизни, қолаверса, ҳалол одам эканингизни ҳар биримиз жуда яхши биламиз.

Ака, яна бир карра айтамиз, биз ҳали ёшмиз, ёрилмасак виждонимиз қийнаяпти, шунинг учун биз йиғилиб бир қарорга келдик ва олдингиздан ўтиб огоҳлантириб қўйишга келишдик, токи бундай кейин биздан хафа бўлманг.

Биз ишга кираётганимизда ота-онамиз “бошлиғинг нима деса ҳеч иккиланмай сўзсиз ўшани бажаргин”, деб қайта-қайта тайинлашган, шунинг учун бундан кейин сиз ҳақ бўлсангиз ҳам, бошлиқ ноҳақ бўлса ҳам бошлиқнинг айтганини бажарамиз, шуни билиб олинг демоқчимиз».

«Раҳмат йигитлар,- дедим мен. – Сизларни тўғри тушундим, келгусида айтганингизни алоҳида эътиборга оламан, яна бир карра раҳмат сизларга».

Улар нари кетишди, йигитларнинг гаплари бир воқеани эсимга солиб юборди…

Армия сафида роса бир йил хизматни ўтаб бўлгандим, ҳарбий ҳаётнинг  ярми қолганди яна. Тушдан кейин соат учлар атрофи эди, кутилмаганда қисмимиз командири чақириб қолди, одатда бу пайтда мени безовта қилмасди-да.

“Бир автомат, тўла ўқланган тўртта магазини билан олиб чиқ”, деб буюрди. Қуролхонанинг калити ўзимда турарди, ҳайрон бўлиб қуролланиб  чиқдим.

Энди мени яхшилаб эшит, деди: «Кавказдан бир эшелон призивниклар келишяпти, улар йўлда исён кўтаришган, кузатиб келаётган офицер ва солдатларни боғлаб қўйиб, тўппонча ва автоматларини тортиб олишган.

Поезд тўхтаган станцияларда дўконларга ҳужум уюштириб, талончилик қилишяпти, қаршилик кўрсатган одамларни аямай калтаклашяпти, уларнинг кўпи ўлгудай ичиб олган, маст, ўн минутлардан кейин ана шу поезд бизнинг станцияга етиб келади.

Сен эллик метрлар атрофида уларни кутиб оласан, агар бизнинг қисмимиз томонга юришса, осмонга ўқ отиб уларни огоҳлантир, агар ўшандаям келишаверса, отиб ташла.

Эҳтиёт бўл, улар маст-аласт ҳолатда, энг ёмони, тўппонча ва автоматлар билан қуролланишган. Сен уларни биринчи бўлиб кутиб оласан, мен эса қисмдагиларни тайёр ҳолга келтириб кутиб тураман, саволлар борми».

«Ўзингиз биласиз, станцияга ҳар хил йўловчи поездлари келади, сиз айтган поездни қандай ажратиб оламан», дедим.

Йигитлар вагонларнинг тепасига чиқиб олишган, ана шундан биласан, қани энди бор, буйруқни бажар», деди. “Хўп бўлади”, деб қисмдан станция томонга қараб юриб чиқдим.

Аслида темир йўл станцияси билан бизнинг ҳарбий қисм орасида бор-йўғи уч юз метрларча масофа бор, холос. Қисмимиз ҳудуди ўралган симтўр дарвозасидан чиқиб, темир йўл томон юрарканман, ўз-ўзимга қайта-қайта савол берардим: «Наҳотки бироздан сўнг мен одам отаман, одамларни отиб ўлдираман. Ахир бу қотиллик бир умр руҳиятимда чандиқ бўлиб қолади-ку», деган ўйлар тинчлик бермасди…

Ниҳоят узоқдан бурқситиб тутун чиқариб келаётган эшелон кўринди. Балки шудир деб хаёлимдан ўтказдим. Эшелон яқинлашгани сари вагонлар тепасига чиқиб олган йигитларнинг қийқириқлари эшитила бошлади.

Мана, эшелон қисмимиз ҳудуди тўғрисига етиб ҳам келди, бироз ҳушёр тортдим. Стоп-кранни босишди шекилли, поезд аста тўхташни бошлади.

Йигитлар вагонлардан ўзларини таппа-таппа ташлаб атрофга ёйилиб югура бошлашди. Улардан бир тўдаси қисмимиз томонга қараб чопарди. Шартта автоматни ўқладим.

Поезд тўхтаб қолмади, қоп-қора тутун чиқариб, кучаниб олдинга интиларди. Чамамда, тўхтамаслик тўғрисида буйруқ берилган шекилли, стоп-кранни босишган сари поезд олдинга интиларди.

Ниҳоят поезд вагонларни олдинга қараб торта бошлади, эшелонни бутунлай тўхтаб қолмай олдинга қараб юриб кетаётганини сезган йигитлар энди вагонлари томонга қайтиб югура бошлашди. Хайрият, поезд юриб кетди…

Орадан бир ҳафта ўтгач, икки юз километр нарида жойлашган бош қисмимизга командировка билан бордим. Ҳарқалай бир йил хизмат қилиб қўйганмиз, армия удумига кўра бизга ҳамма йўллар очиқ эди.

Дам олиш айвончасида ястаниб ўриндиққа ўтиргандим, оқ-сариқдан келган бир йигит қаршимга келди-да, менсимай “нари сурил”, деди. Ғашим келди, сурилмасам-чи, бор жойингни топ, дедим.

“Ийе, ҳали сен менинг кимлигимни билмайсан шекилли”, деди. “Сен кимсан ўзи”, деб ғазаб билан дўқ қилдим унга. “Билмасанг билиб ол, мен ўша бир ҳафта олдин келган тўполончи кавказлик призивникларданман, чеченман”, деди.

“Танишиб қўяйлик, мен босмачиман”, дедим унга ўқрайиб. Бирдан миямга бир фикр келиб қолди, ўша тўполончи хизматга чақирилган йигитларнинг тақдири нима бўлдийкин, шуни билганим яхши-ку деб, “ҳа майли кел ёнимга ўтир”, дедим.

Бироз яхши муоамала қилиб, танишиб олдим-да, ниҳоят ўша тўполончиларнинг тақдири охирида қандай бўлди, деб сўрадим.

«Эшелонни аҳоли яшамайдиган жойда тунда соат бирларда тўхтатишди, спецназ билан қиёмат муштлашув бўлди. Шу кунларда ҳарбий қамоқхоналар, ҳатто милиция бўлимларидаги вақтинчалик қамоқхоналар, госпиталу касалхоналар бизнинг ўша қони қайноқ тўполончи йигитлар билан тўлиб-тошган. Бизга ўхшаган унчалик аралашмаганларни ҳар хил жойларга бўлиб юборишди», деди.

У жисмонан, ҳам руҳан тетик эди. Чечен йигитларини ҳарбий хизматга жўнатаётган пайтда ота-оналари қандай кузатади, деб саволга тутдим уни.

«Олдимизга нон билан ханжар қўйишади, ҳеч қачон қўрқма ва адолатли бўл, деб қасамёд қилдиришади»…

Бизникилар ёдимга тушди, яхши ниятлар билан нон тишлатишарди: «Ўғлим, бошлиқларинг чизган чизиғидан чиқмагин, нима деб буюрса ўшани сўзсиз бажаргин, омин».

Яна болалигимдаги ўша каптарлар ёдимга тушади. Қаноти ўсиб чиққан, камолотга етган хонаки қушлар кенг дунё бўйлаб парвоз қилолмайди, эркинликда яшай олишмайди, озод ҳаёт тарзига чидай олмай ўлиб қолишади. Ҳурликдаги ёввойи қушлар эса қафасда яшай олишмайди, тутқунлик азобига чидай олмай ўлиб қолишади… 

Ҳайрат,

ўзбекистонлик муаллифнинг “Элтуз”га йўллаган ҳикояси

Тағин ўқинг
7 ноябр 2016
Шанба эрталаб жони узилган Абдулла Орипов тошкентликлар коммунист-мозор деб айтадиган Чиғатой қабристонига олдин режалангани каби сешанба куни хам, кейинчалик ...
20 ноябр 2020
Истайман: уйимнинг деразалари Доим очиқ турсин, ланг очиқ турсин. Хонамда ўйнасин қуёш зарлари, Етмиш юрт – иқлимдан шамоллар юрсин. ...
12 феврал 2019
Бугун Тошкент метрополитенидан фойдаланаётган юз минглаб ватандошларимиз яна шу саволга жавобни билишга ҳақли. Лекин метрополитен раҳбарлари нега бир неча ...
28 июл 2016
Қаршимизда Совет Марказий Осиёсида исёнчилик ҳаракатига қарши курашиш даврида олинган энг муваффақиятли фотоҳужжатлардан бири деса бўладиган фотосурат турибди. Биз ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...